Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Май, 2025   |   3 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:21
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:23
Хуфтон
20:47
Bismillah
01 Май, 2025, 3 Зулқаъда, 1446

Олис ҳудудларда масжидлар бунёд этиш ишлари давом этмоқда

28.11.2020   3428   3 min.
Олис ҳудудларда масжидлар бунёд этиш ишлари давом этмоқда

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан юртимизнинг чекка ҳудудларидаги масжидларни таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу хайрли ишларда саховатпеша ҳамюртларимиз имконият доирасида ҳомийлик қилмоқда. Ушбу кўмаклар билан масжидлар барпо этилиб, намозхонлар учун шароитлар муҳайё қилинмоқда.
Мана шундай жомелардан Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” ва Навоий вилояти Нурота туманидаги “Чуя” қишлоғида янги қад ростлаётган масжидларидир. Ҳозирда ушбу масжидларда ташқи ва ички пардозлаш ва безак бериш ишлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонларидан ушбу жомеларни аҳоли учун энг қулай бўлган ҳудудда қуриш юзасидан муҳим тавсиялар берилган эди. Шунга мос равишда мазкур жоме масжидларни маҳаллий аҳоли учун энг қулай минтақада бунёд этиш ишлари бошланган ва айни кунларда ҳам давом эттирилмоқда.
Ўтган куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Навоий вилояти Нурота туманидаги “Чуя” жоме масжидига 6 тонна ички ва ташқи сувоқ хом-ашёлари, 20 литрли 45 дона сувоқ-бўёқлари, Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжидига 3 тонна ички ва ташқи сувоқ хом-ашёлари, 20 литрли 25 дона сувоқ-бўёқлари каби қурилиш материаллари жўнатилди.
Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча инсонларнинг ҳақига дуо хайрлар қилинди. Жумладан, масжид барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшаётган инсонлар, қурувчи-муҳандислар, саховатпеша кишилар ва жой ажратиб берган мурувватли инсонларнинг ҳақларига кўпдан-кўп дуолар қилинди.
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимиз масжидлар биносини янгидан барпо этиш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.
Олийҳиммат инсонларимиз сабаб диёримиздаги масжидлар мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам бўлмоқда, хонақоҳлари кенг ва ёруғ қилинмоқда, атрофлари обод ва кўркам этилмоқда ҳамда қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
Аллоҳ таоло мана шундай жомеларни халқимизга муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Имом Мотуридийга қандай унвонлар берилган?

28.04.2025   7643   1 min.
Имом Мотуридийга қандай унвонлар берилган?

Илгари мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, “Шайхул Ислом” (Ислом дини шайхи), “Фахрул Ислом” (Ислом дини фахри), “Ҳужжатул Ислом” (Ислом дини ҳужжати), “Нажмул уламо” (Уламолар юлдузи), “Муфтий сақолайн” (Инсу-жин муфтийси), “Лисонул мутакаллимийн” (Мутакаллимларнинг сўзловчи тили) каби унвонлар билан атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. Балки у муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан, “Шамсул аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ ўн икки минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.

Абу Мансур Мотуридийни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан у зотнинг мартабаларини намоён этувчи кўплаб унвонлар берилган:  

–      Имомул ҳудо (Тўғри йўлга бошловчи);

  • Имомул мутакаллимийн (Калом илми олимлари пешвоси);
  • Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (Мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни тузатувчи);
  • Роису аҳли сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи);
  • Носирус сунна ва қомиъул бидъа (Суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатларни бостирувчи);

–  Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).

Абу Мансур Мотуридийнинг мазкур унвонлари ҳам асло муболаға эмас, балки у зот ҳақиқатан шу мартабага лойиқ зот бўлганлар.

Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.   

Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
катта ўқитувчиси.