Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов Болқон вилоятига сафари доирасида минтақадаги бош жоме масжиднинг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар берган.
Болқонободда оқ мармар билан безатилган муҳташам масжид вилоят маъмурий марказининг асосий диққатга сазовор жойларидан бирига айланган. Мажмуанинг умумий майдони 14 гектардан ортиқ.
Мажмуа архитектураси, шунингдек, Ислом маданияти учун хос декоратив элементлар билан безатилган тўртта минорани ҳам ўз ичига олади. Масжиднинг марказий гумбазида тилладан ясалган ярим ой ўрнатилган. Тўрт миноранинг ҳар бирининг баландлиги 63 метрни, гумбазнинг баландлиги эса 40 метрни ташкил қилади. Ички безакларни безашда мармар, гранит ва ёғочдан фойдаланилган. Икки қаватли масжид биносига 3000 нафар намозхон сиғиши мўлжалланган.
Масжидда хайрия қилувчилар учун махсус бино, 50 ўринли меҳмонхона ва автотураргоҳ мавжуд.
Масжид атрофи кўкаламзорлаштирилиб, уч мингдан ортиқ дарахт кўчати ўтқазилган.
azon.uz
Тўй инсон ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиб, у фақат икки инсоннинг бирлашуви эмас, балки янги оила пойдеворининг қўйилишидир. Ислом бу борада аниқ йўриқлар бериб, никоҳни енгиллаштириш, ортиқча исрофгарчиликдан қочишга чақирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳни енгиллаштириш ва маънавий жиҳатдан бой қилишга чақирганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийя розияллоҳу анҳо билан тўй қилганларида, валима таоми сифатида савиқ (қовурилган буғдой ёки арпа уни) ва хурмо тортдилар» (Ибн Можа, 1909-ҳадис).
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўй маросимларини ортиқча дабдаба билан эмас, балки оддий ва баракали таомлар билан ўтказганлар. Тўй маросимининг асосий мақсади исрофгарчилик қилиш эмас, балки никоҳнинг эълон қилиниши ва мўминларнинг бир-бирига дуолар қилишидир.
Бугунги ҳолат
Афсуски, бугунги кунда бу тамойиллар аксинча амалга оширилмоқда. Ҳозирги ўзбек тўйларига назар ташласак, ҳаддан ташқари дабдабали маросимлар, юзлаб меҳмонлар, қимматбаҳо либослар ва ортиқча харажатлар билан ўтмоқда. Кўп ҳолларда тўй ўтказиш учун қарз олиш, банкдан кредит олиш ёки ортиқча мажбуриятларни бўйнига олиш ҳоллари ҳам учраб туради.
Нима қилишимиз керак?
1. Никоҳни осонлаштириш: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Никоҳнинг энг баракали бўлгани энг осон ва энг енгил қилингани» (Ибн Ҳиббон, 4163-ҳадис).
2. Исрофгарчиликдан воз кечиш: Тўй маросимлари ортиқча чиқим ва риё учун эмас, балки барака, дуолар ва оилавий бахт учун бўлиши керак.
4. Жамиятни хабардор қилиш: Бу борада уламолар, имомлар ва катталар ёшларга тўғри йўналиш беришлари, никоҳ ва тўй тамойиллари ҳақида тушунтиришлари зарур.