26 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятига сафарлари давомида масжидлар қавмлари, мўйсафид отахонлар ва кенг аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқдалар.
Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Офтобмакон” маҳалласида ўтказилган ана шундай мулоқотларга муҳтарам Президентимизнинг Афв фармонлари асосида озодликка чиққан бир гуруҳ фуқаролар ҳам таклиф этилди.
Мулоқотда бугун халқимизга хос кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларидан келиб чиқиб, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилаётгани ва уларни ҳаётда ўз ўрниларини топишда кўмак берилаётганини билдирдилар.
Дарҳақиқат, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, билиб-билмай жиноят содир этган, танлаган йўлини хато эканини англаб тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар Давлатимиз Раҳбари томонидан афв этилаёгани ҳақиқий олижаноблик намунаси бўлмоқда.
Мамлакатимизда афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.
Бунинг ижобий самараси ўлароқ, уларнинг аксарияти ҳаётда ўз ўрнини топди, кимдир тадбиркорлик, кимдир, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланмоқда, яна кимлардир давлат ва жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилмоқда.
Ушбу ўтказилган суҳбатларда сурхондарёлик мана шундай фуқаролар муҳтарам Президентимизга, халқимизга ўз миннатдорлигини билдириб, ҳалол меҳнат қилиб, мамлакат ривожига ўз ҳиссаларини қўшаётганларини сўзлаб бердилар.
Фараз қилиш керакки, Президент фармони билан афв этилган инсонлар ўз уйларига кириб борар эканлар, уларнинг яқинлари, айниқса, фарзандлари кўзларидаги чексиз қувончни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз Раҳбарининг афв этиш тўғрисидаги фармонлари қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД