«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирдилар: “Бой одамнинг имкони бўла туриб қарзини кечиктириши зулмдир” (Ибн Ҳажар ривояти).
Қарзни қайтаришга қодир бўла туриб, уни пайсалга солиш зулмдир. Ибн Форис раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Берилиши шарт бўлган нарсани бермаслик – ҳаром. Гарчи қарз бойдан олинган бўлса ҳам, уни кечиктириш узр бўлмайди”.
Қарзни олгандан кейин уни вақтида, хушмуомалалик билан қайтариш лозим. Набий алайҳиссалом: “Сизларнинг энг яхшингиз қарзини гўзал адо этганидир” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Қарз берганга энг яхши мукофот молини ўз вақтида қайтариб бериш ҳамда қарздор томонидан унинг ҳақига қилинган дуодир. Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом мендан қирқ минг қарз олдилар. У зотга мол келганида уларни менга қайтариб бердилар ва: “Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир”, дедилар».
Агар қарздор: “Олган қарзимни, албатта, қайтариб бераман”, деб ҳаракат қилса, унга Аллоҳ таоло ёрдамчи бўлади. Аммо нияти ўзгани алдаш, молини еб кетиш бўлса, унинг охири войдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни қайтаришни ният қилса, Аллоҳ уни адо этишда ёрдам қилади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”, деб огоҳлантирганлар. Бу ҳадисни ҳар бир қарз олувчи ёдида тутиши керак.
Жуда кўп инсонлар, қарзни истаганларича, зарурат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам олаверишади. Сўнг эсдан чиқариб юборишади. Тўлашни хаёлларига ҳам келти-
ришмайди. Мабодо, баъзисини тўлашса, узоқ муддатдан кейин ҳақдор обдон ялингач, қолганини қайтаради. Иш шу даражага етадики, гўё қарздор – ҳақдорга, ҳақдор – қарздорга айланади.
Шуни ёдда сақлаш лозимки, Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан бандасининг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечиради. Фақат қарзни эмас. Бандалар ўртадаги ўзаро ҳақларини бир-бирларидан кечмагунларича, Аллоҳ таоло кечмайди.
Манбалар асосида Бухоро вилояти
Ромитан туманидаги “Мулло Нарзе”
жоме масжиди имом-хатиби
Суннат ФАХРИЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати