Жорий йил 19 ноябрь куни “Вақф” хайрия жамоат фондининг Васийлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фаолиятни жадаллаштириш, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион услублардан унумли фойдаланиш ва моддий кўмак бериш имкониятини янада кенгайтириш муҳокама қилинди. Шунингдек, кенгашда иш самарадорлигини ошириш бўйича иштирокчилар фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
Сўзга чиққан нотиқлар вақф мулкчилигини шакллантириш, кам таъминланган фуқароларга моддий ёрдамлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, масжид ва мадрасаларни обод этиш, бу борадаги ишларни жонлантириш лозимлигини таъкидладилар.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Аввал хабар берганимиздек, Фонд бошқарув кенгаши раиси Искандар Халилов бошқа ишга ўтгани муносабати билан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳмонов Яҳё бошқарув кенгаши раиси этиб тайинланди. Шунингдек, Фонд раиси ўринбосарлари Зоҳиджон Тўраев ва Икромжон Аҳмедов ҳам бошқа ишга ўтганлари маълум қилинди.
Бугунги кунда раҳбарларнинг ҳар жиҳатдан намуна, ташаббускор ва фидойи бўлиши давр талаби эканини ҳам мажлисда алоҳида қайд этилди. Ўз навбатида, белгиланган вазифалар ва истиқболдаги режаларни амалга оширишда жонкуярлик, жамоа бўлиб ишлаш ва замон талабларига монанд тезкорлик билан иш тутишнинг ўрни юқори эканига катта эътибор қаратилди.
Фонднинг янги раҳбарига фаолиятни замон талаблари даражасида олиб бориш, иш унумдорлигини ошириш, ижтимоий лойиҳалар, хайрия ишлари тўғрисида ОАВ ва интернет тармоғи орқали халқимизни хабардор этиш, маблағлар айланишининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан доимий алоқада бўлиш кабилар юзасидан муҳим тавсиялар берилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Умри илм йўлида ўтган олимнинг олдига бир ёш йигит келиб: “Сизлар тўғри йўлда эмассизлар”, деди.
Олим эса нимтабассум билан: “Нега ундай деяпсан, болам?” деди.
Шунда болакай: “Сизлар Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қиласизлар. Масалан, Аллоҳ Аршнинг устидалигини, туннинг учинчи қисмида дунё осмонига тушишини ва ҳоказоларни... Ҳолбуки булар оят ва ҳадислар билан собит бўлган” деб ақллилик қилди.
Кекса ёшли олим унинг юзига термулдида хаёлидан: “Жоҳил бўлишига қарамасдан нодонлигидан бехабар бу авлодни ким тарбиялаяпти? Эссиз ёшлик ва ёшлар” деган гаплар ўтди.
Кейин эса: “Болам, ҳаммамиз ҳам Аллоҳни яхши кўрамиз. Ақида борасида чуқур илм олмасдан гапириб бўлмайди. Сен яхшиси илм ўрган, одоб ўрган” деди.
Бу гапни эшитган болакай: “Жавобдан қочиб ҳар хил гаплар гапирманг. Дангал жавоб беринг” деб истеҳзо қилди.
Аслида юқоридаги гап унга яхшигина жавоб бўлганди. Аммо у буни тушунмади. Шунда олим киши болага қараб: “Майли, сен айтганча бўлақолсин. Аллоҳ таоло Аршнинг устида деяпсан а? Шундайми?” деди.
Бола “Ҳа, бу оятда келган” деб жавоб берди. “Хўп, яхши. Ҳар кеча дунё осмонига тушади, шундайми?” деб сўради олим.
Болакай яна “Шундай, бу саҳиҳ ҳадисда келган” деди.
Олим киши: “Ҳар кечанинг учинчи қисмида дунё осмонига тушса, Аршнинг устига қачон ўтиради?” деди.
“Нима деганингиз бу?” деб сўради ҳатто саволнинг ҳам мазмунига тушунмаган нодон бола.
Шунда олим: “Қара, бизда кеч кирганда қаердадир тонг отади, қаердадир пешин бўлади, яна қаерлардадир аср вақти бўлади ва ҳоказо. Туннинг учинчи қисми ҳам доимо айланиб туради. Дунёнинг қаеридадир доимо туннинг учинчи қисми бўлиб турса, Аллоҳ қачон Аршни устига бориб жойлашади?” деди.
Саволни зўрға тушунган болакай “Сизлар тўғри жавобдан қочиб фақат фалсафа қиласизлар. Бу гапингиз жавоб бўлмайди. Ояту ҳадис”... деётганда, олим: “Сенинг бемаъни саволингга жавоб бериш учун шу савияга тушяпман. Агар илмни тўғри тартибда, тўғри илм аҳлидан ўқиганингда миянгга бунақа савол келмасди аслида” деди.
Ҳа азизлар, ояту ҳадисни ҳамма ҳам ўзича тушуниб кетавермайди. Айниқса эътиқодга тегишли бўлса, ўта эҳтиёт бўлиш керак.
Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни фақат ва фақат олимлар тўғри тушуна олади. Бу борада интернетдан ёки жоҳиллардан ўрганганларнинг ҳаммаси адашгандир. Аҳли сунна вал жамоа яъни Мотуридий ва Ашъарийларнинг йўлидан айрилмангки, ҳалок бўласиз!
Улуғбек домла ЖИЯНОВ,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси.