Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Май, 2025   |   8 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:43
Қуёш
05:14
Пешин
12:25
Аср
17:19
Шом
19:29
Хуфтон
20:54
Bismillah
06 Май, 2025, 8 Зулқаъда, 1446

Муфтий ҳазратлари чекка ҳудуддаги янги қурилган жоме масжидга ташриф қилдилар

26.11.2020   4132   1 min.
Муфтий ҳазратлари чекка ҳудуддаги янги қурилган  жоме масжидга ташриф қилдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов хизмат сафари билан Сурхондарё вилоятида бўлиб турганлари ҳақида аввал хабар берган эдик.

Бугун, 26 ноябрь куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг олис Сариосиё туманидаги чекка ҳудудда жойлашган “Нуробод”, “Кенгжар” маҳаллалари аҳли учун янги қурилган “Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжиди билан яқиндан танишдилар. Мазкур маҳаллалар аҳолиси, масжид жамоаси ва нуроний отахонлар билан мулоқот қилинди.

Қуръони карим қироати билан бошланган тадбир эзгу дуоларга уланди. Хусусан, ушбу масжидни Аллоҳ таолодан ҳудуд аҳли ва бутун халқимизга баракали қилиши, жоме қиёматга қадар ибодат, зикр ва илм маскани бўлиши, бундай хайрли ишга ҳисса қўшган барча-барчага ажру савобини кўпайтириб беришини сўраб муфтий ҳазратлари кўпдан-кўп дуолар қилдилар.

“Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжиди қурилиши маҳаллий аҳоли талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда 2017 йилда бошланиб, 2020 йил март ойида якунланди. Масжиднинг ер майдони 10 сотих бўлиб, бино миллий андозалар ва замонавий талаблар асосида кенг ва ёруғ қилиб қурилган. Жоме масжид сиғими 400 нафар намозхонга мўлжалланган бўлиб, саховатпеша инсонлар кўмаги ва ҳашар йўли билан бунёд этилди.

Ушбу жоме масжидни мўмин-мусулмонларга муборак айлашини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Индонезия дин ишлари вазири: Самарқанд шаҳри Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза

29.04.2025   9803   3 min.
Индонезия дин ишлари вазири: Самарқанд шаҳри Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза

Индонезия пойтахтида Ўзбекистон туризм салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 
 

Тадбирда Индонезия сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, Туризм ва Дин ишлари вазирликлари масъул ходимлари ҳамда матбуот вакиллари иштирок этди.

 

"Qanot Sharq" авиакомпанияси раҳбарияти жорий йилнинг кузги мавсумидан бошлаб Жакарта-Самарқанд-Жидда йўналишида ҳаво қатновлари йўлга қўйилишини эълон қилди. Самарқанд шаҳри ва "Умра+" дастури доирасида индонезиялик сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳақидаги видеофильм намойиш этилди.   

 

Анжуманда сўзга чиққан Индонезия дин ишлари вазири Насируддин Умар Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу заминдан етишиб чиққан буюк зотлар, мутафаккир ва уламолар тўғрисида сўзлаб берди.

 

–Ўзбекистон – муқаддас замин. Самарқанд шаҳри эса Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза, – деди вазир Насируддин Умар. – Мовароуннаҳр уламолари Индонезия оролларида ислом дини таълимотини қарор топтиришда алоҳида ўрин тутади. Ислом оламининг буюк даҳоси, Қуръондан кейинги ўринда турувчи "Ал Жомий ас-Саҳиҳи" китобининг муаллифи Имом Бухорий Ўзбекистон заминида таваллуд топган. Ўзбекистон Президентининг фармони билан таниқли муҳаддиснинг қабри жойлашган Самарқанд ёнидаги Хартанг қишлоғида улуғвор ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. Зиёратгоҳ дунё мусулмонлари учун энг аҳамиятли туҳфа бўлиши муқаррар. Шубҳасиз, ушбу воқеа нафақат Янги Ўзбекистон тарихида балки ислом дини ривожланиши тарихида ҳам муносиб ўрин эгаллайди.

 

Имом Бухорий индонезияликлар учун ниҳоятда қадрли шахс. Унинг мақбарасини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Мамлакатимиз биринчи Президенти Сукарно ҳам бундан 70 йил муқаддам яъни 1956 йилда муҳаддиснинг қабрини зиёрат қилган.

 

Ҳар йили 1 миллион 200 мингдан ортиқ ватандошимиз Умра амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига йўл олади. Зиёратчиларимиз аксарият ҳолларда Истамбул, Қоҳира, Доҳа, Аммон шаҳарларида тўхтаб ўтишади. Самарқанд шаҳри ўзининг бой тарихи, юксак маданияти, исломий обидалари, тамаддун масканлари, ўзбекларга хос меҳмондўстлик қадриятлари, аҳолисининг индонезияликларга бўлган илиқ муносабати нуқтаи назаридан қайд этилган шаҳарлардан кўп маротаба афзалдир.  

 

Индонезия томони, шунингдек, "Умра+Самарқанд" дастурини оммалаштиришда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдириб, бугунги нутқи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида жойлаштирилиши ва кенг жамоатчиликка етказилишини урғулади.

 

Шунингдек, тарғибот ва ташвиқот қилиш орқали "Умра+Самарқанд" турпакетини оммалаштириш ва Индонезиядан Ўзбекистонга туристлар сонини кескин ошириш имконияти мавжуд эканлигини таъкидланди.

 

Тадбир доирасида "Qanot Sharq" авиакомпанияси вакиллари ва Индонезиянинг "ASITA" туризм агентликлари ташкилоти раиси Русмиати Нунунг ўртасида Жакарта - Самарқанд - Жидда йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш ва индонезиялик туристларга хизмат кўрсатиш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

 

Ўзбекистон янгиликлари