Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Май, 2025   |   12 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:37
Қуёш
05:10
Пешин
12:24
Аср
17:22
Шом
19:33
Хуфтон
21:00
Bismillah
10 Май, 2025, 12 Зулқаъда, 1446

Муфтий ҳазратлари чекка ҳудуддаги янги қурилган жоме масжидга ташриф қилдилар

26.11.2020   4223   1 min.
Муфтий ҳазратлари чекка ҳудуддаги янги қурилган  жоме масжидга ташриф қилдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов хизмат сафари билан Сурхондарё вилоятида бўлиб турганлари ҳақида аввал хабар берган эдик.

Бугун, 26 ноябрь куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг олис Сариосиё туманидаги чекка ҳудудда жойлашган “Нуробод”, “Кенгжар” маҳаллалари аҳли учун янги қурилган “Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжиди билан яқиндан танишдилар. Мазкур маҳаллалар аҳолиси, масжид жамоаси ва нуроний отахонлар билан мулоқот қилинди.

Қуръони карим қироати билан бошланган тадбир эзгу дуоларга уланди. Хусусан, ушбу масжидни Аллоҳ таолодан ҳудуд аҳли ва бутун халқимизга баракали қилиши, жоме қиёматга қадар ибодат, зикр ва илм маскани бўлиши, бундай хайрли ишга ҳисса қўшган барча-барчага ажру савобини кўпайтириб беришини сўраб муфтий ҳазратлари кўпдан-кўп дуолар қилдилар.

“Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжиди қурилиши маҳаллий аҳоли талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда 2017 йилда бошланиб, 2020 йил март ойида якунланди. Масжиднинг ер майдони 10 сотих бўлиб, бино миллий андозалар ва замонавий талаблар асосида кенг ва ёруғ қилиб қурилган. Жоме масжид сиғими 400 нафар намозхонга мўлжалланган бўлиб, саховатпеша инсонлар кўмаги ва ҳашар йўли билан бунёд этилди.

Ушбу жоме масжидни мўмин-мусулмонларга муборак айлашини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Олам ўляпти!

03.05.2025   20729   3 min.
Олам ўляпти!

Ҳаётда баъзи йўқотишлар бўлади — вақт ўтиб, ўрни тўлиб кетади. Аммо шундай йўқотишлар бор-ки, уларнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Ана шундай бебаҳо неъматлардан бири — уламолардир. Бугун улар бизнинг орамизда бор, аммо эртага бўлмаслиги мумкин. Улар битта-битта кетишмоқда. Биз еса, афсуски, кўп ҳолларда бу ҳақиқатнинг англаб етмаяпмиз.


"موت العالم موت العالم"


— яъни “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир” деган машҳур ибора бор.
Яна шу мазмунда Имом Байҳақийнинг ривояти келтирилади: 


"موت العالم مصيبة لا تُجبر، وثلمة لا تسد، ونجم طُمِس، موت قبيلة أيسر من موت عالم."


"Олимнинг ўлими — тузатиб бўлмайдиган мусибат, тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ, сўниб қолган юлдуздир. Бир қабиланинг йўқ бўлиши, бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир."

Чунки олимларнинг ўлими билан фақат бир инсон эмас, бутун бир жамият  руҳий, илмий ва ахлоқий жиҳатдан зарарга учрайди, маънан қулаб боради. Айнан шунинг учун олимнинг ўлими “оламнинг ўлими”га тенглаштирилган.
Зеро олимлар — фақат китоб ўқиб, дарс берадиган одамлар эмас. Улар — йўл кўрсатувчи, ҳаққа чақирувчи, ҳақиқатни мудофаа қилувчилардир.
Улар йиллар давомида илм ўрганишди, сабр билан одамларга етказишди, ўз ҳаётларини умматга бағишлашди. Энди эса, битта-битта ўтиб кетишяпти...

Кеча Абдуқаҳҳор домла Шоший (1969-1987 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Халқаро бўлими мудири, 1969-1982 йиллар – Бухородаги Мир Араб мадрасаси директори, 1982-1987 йиллар – Тошкент Ислом институти ректори) оламдан ўтган эдилар.

Бугун эса яна катта мусибат - юртимизнинг забардас уламоларидан бири устоз Иброҳимжон домла Қодиров вафот этдилар. Домла умрларининг охиригача масжидларда имомлик қилиб, дин хизматида бўлган пешволардан, юзлаб шогирдларни тарбия қилган устозлардан эдилар. Устозимиз Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳам айнан шу кишида таҳсил олган эдилар.

Шундай уламолар бирма-бир ўтиб боришмоқда. Биз ўтган уламоларимиз ҳаққига дуо қилиб, ҳозирда ҳаёт бўлиб турганларини қадрларига етишимиз керак.
Уларнинг сўзларига қулоқ тутиб эҳтиром кўрсатиш, алоқани мустаҳкамлаб, имкон борича кўпроқ фойдаланиб қолишимиз ва фарзандларимизни уларга яқинлаштиришимиз керак.

Лекин биз уламоларимизни тириклик чоғида қадрлаш ўрнига, четга чиқиб олиб, дин, миллат душманлари "тегирмонига сув қуйиб" уламоларни обрўсизлантираётганлар ва бу орқали юртимиз пешволари билан оммани боғлаб турган ипни узиб, мусулмонлар бирлигини парчалаётганлар сўзига учиб қоляпмиз. Уларга ишониб, уламоларимизнинг сўзларига қулоқ тутмай ғийбат, туҳмат қилиб, ранжитамиз. Вафот этганларидан кейин эса тобутларини талашиб, йиғлаб-сихтаб, пушаймон бўлиб қолаверамиз.

Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ бир суҳбатларида айтган эдилар:
Кўрсангиз кўзингиз қувнайдиган, жаннатнинг ҳиди келиб турадиган забардас олимлар, аҳли илмлар бор. Тириклигида биров иккита нон олиб хабар олмайди. Олимларни қадрламайди.... Вафотидан кейин эса азиз бўлади. Тириклигида текинга қилган суҳбатига бир километр юриб бормаган одамлар, ўлганидан кейин юзлаб километр масофалардан йўл босиб келади. Кўтар-кўтар қилади. Қадрламабмиз, кўришмабмиз, шу ерда шундай олим киши бор экан билмабмиз, деб юраверади”.

Хуллас, уламоларни ғанимат билайлик. Улар халқимизга катта неъмат, неъматни қадрламасак ундан ажралиш билан синаламиз. Кейинги пушаймон эса асло фойда бермайди.
 

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим