НАЗМ
(Давоми)
Куфр ила маъсиятни билмаслар,
Ҳақ буюрғондин ўзга қилмаслар.
Бу малак ичра тўртдур машҳур,
Отлари сафҳалардадур мастур.
Жаброилу иккинчи Исрофил,
Бор учунчи фаришта Микоил.
Бор булардин бириси Азроил;
Ҳар бирини бир ишка таъйин бил.
Бор бурунғиси ваҳй келтурган,
Яна бири сур ичра дам сурган.
Бириси ризқ еткурур элга,
Бири эл умрини берур елга.
Нечасини башарға бил таъйин,
Хайру шарр сабт этарлари ойин.
Ики тун, ики кун уй-у йўлда,
Бири ўнг қўлда, бири сўл қўлда.
Ҳар сувар рост айлаб ўзларига,
Кўринур аҳли қурб кўзларига.
Яна баъзи — фариштайи раҳмат,
Яна баъзи — азоб учун мусбат.
Икиси гўр ичидадур сойил,
шаклу ҳайъатлари басе ҳойил:
Бири Мункар, бири Накирдурур,
Бори ҳукм илгида асирдурур.
Ушбулар бирла сиз ямон бўлманг,
Куфру исёнға ҳамзабон бўлманг.
Бандалиқдур, буюрса, не чора?
Лутф агар қилса, сўрса, не чора?
НАСРИЙ БАЁН
Иймон келтириш шарт бўлган иккинчи
нарсанинг шарҳи
(Иймоннинг иккинчи шарти)
(Давоми)
(Фаришталар ҳақида билиш зарур бўлган нарсалар:)
У (фаришта)лар куфр ва маъсиятни – осийлик ишларини билмайдилар (яъни, бундан узоқдирлар), Ҳақ таъоло буюрган нарсадан бошқа ишни қилмайдилар. Бу фаришталар ичида тўрттаси машҳурдир, номлари саҳифаларда битилгандир. Биринчиси Жаброил (алайҳиссалом)дир, иккинчиси Исрофил (алайҳиссалом)дир. Учинчи фаришта Микоил (алайҳиссалом)дир. Булардан бири (тўртинчиси) Азроил (алайҳиссалом)дир. Буларнинг ҳар бирини бир ишга – бир вазифага тайин қилинган деб бил.
(Айтилганлардан) биринчиси (Жаброил алайҳиссалом пайғамбарларга Аллоҳ тарафидан) ваҳй келтиргувчидир, яна бири (Исрофил алайҳиссалом қиёматни билдириб) сурга дам ургувчи – сур чалгувчидир.
Бири (Микоил алайҳиссалом) элга – барча тирик мавжудотга ризқ етказиб турувчидир, бири (Азроил алайҳиссалом) тириклар умрини елга берувчи – жонни олувчидир.
Яна бир нечаси инсонларга тайин қилиниб, белгилаб қўйилган, (одамлар қилган) хайру шаррни – яхши ёмон ишларни ёзиб бориш уларнинг одатидир. Икки кеча, икки кундуз уйдаю йўлда (сафардаю муқимликда – ҳамма жойда), бири инсоннинг ўнг тарафида, бири чап тарафида бўлади. Улар ҳар хил суратга, ҳар хил шаклга кириб, қурб аҳлининг – Аллоҳ таъолога яқинлик касб этган валоят аҳлининг кўзларига кўриниши ҳам мумкин.
Улардан баъзилари раҳмат фаришталаридир, яна баъзилари азоб бериш учун тайинлангандир.
Фаришталар иккитаси (Мункар ва Накир) қабр ичида савол берувчидир (“Раббинг ким? Пайғамбаринг ким? Дининг қайси дин? Китобинг қайси китоб? Қибланг қаер? (Бу зот (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом) ҳақларида нима дер эдинг?” – деб сўрайдилар). Уларнинг шакл ва ҳайъатлари (кўринишлари) жуда ҳойил – ўта қўрқинчлидир.
Бири Мункар, бири Накирдир, икковлари ҳам Илоҳий ҳукм қўлида асир (яъни, Аллоҳнинг амру фармонини бажаришга маҳкумдир).
Сизлар бу зотлар билан ёмон бўлманг (уларни ёмон кўрманг, ҳақларида ёмон гапларни гапирманг), куфр ва исён билан – инкор ва осийлик билан тилдош бўлманг. (Яъни, дунёда эканингизда ҳали қабрда уларнинг яхши муомаласига эришиш бахтини қўлга киритинг.)
Инсоннинг иши бандалик қилишдир, буюрса, (бажаришдан бошқа) не чора бор? Лутф қилиб, раҳм этса ёки бандаликдан савол сўраса, не чора бор?
ИЗОҲ. Фаришталар таркибни (турли унсурлардан таркиб топмоқни) қабул қилмайдиган руҳоний ва нуроний бир жавҳардир. Улар шаҳвоний зулматга жалб этилмоқдан пок-муназзаҳдир. Емаклари – тасбиҳ, ичимликлари – тақдисдир (Аллоҳни муқаддас деб ёд этмоқдир). Севинч туймоқлари ва унсият (дўстлик) қилмоқлари Аллоҳ биландир. Жойлари Аллоҳнинг мушоҳадаси остидадир. Унга яқин ва Унинг амрларига тайёрдирлар. Улар итоат этувчан қилиб яратилганлар. Итоатдан ташқарига чиқа олмайдилар («Жомиъ ул-мутун»).
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган...” (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.
Жория оятнинг давомини ўқиди: “...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир...”.
У киши деди: “Мен сени афв этдим”.
Жория оятнинг охирини ўқиди: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.
Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” (Жосия сураси, 14-оят).
Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.
Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.
Хизматкор: “Эшитдим”, деди.
Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.
Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.
Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.
Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.
Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.
Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.
Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.
Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:
- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.
Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:
- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.
Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.
Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.