Бизда бир жуда ёмон одат бор: бир киши бир салбий хислат ҳақида гапирса (баъзан ундан узоқлашишга чақирса), хаёлимизга аввал бошқа биров келади. Айримларимиз ҳатто айтиб ҳам юборамиз (бунга тез-тез дуч келяпмиз афсуски). Нега "ўзимда йўқмикан", деб хавотирга тушмаймиз ҳар биримиз? Шунчалик фариштасифат бўлиб кетганмизми? Даражамиз ўзларидан хавотир олувчи салафларимиздан ҳам юқори бўлиб кетганми?
Афсуски, бундай ҳолат кейинги йилларда кўпайиб кетмоқда. Ҳолбуки, илм тарқалиши, кенгайиши бу иллатнинг озайишига сабаб бўлиши лозим эди, агар чиндан ҳақиқий илм олинаётган бўлганида. Зотан, бир неча йил олдингига қараганда ҳозир интернетда анча маълумот тўпланган. Деярли ҳамма саволга жавоб топасиз. Маълумотлар ғиж-ғиж. Шаръий масалаларга кўпчиликнинг тили бийрон. Тақдим этилаётган, улашилаётган масалалар кўплигидан бошлар айланади. Аммо аҳвол ўнгланиш ўрнига ортга қараб кетаётгандекмиз.
Демак, бу дегани - олаётган билимларимиз фақат маълумот тўплашдан нарига ўтмаётганидан далолат. Амалимизга, сулукимизга таъсир қилмаяпти дегани бу. Айни пайғамбаримиз алайҳиссалом паноҳ тилаган илмга эга бўлиб бораяпмиз дегани.
Аллоҳ ҳолимизга раҳм қилсин, Ўзи ўнгласин.
Сайфуллоҳ Носир
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби