Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

20.11.2020 й. Ҳар ким ҳам Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ҳақли эмас!

17.11.2020   4980   13 min.
20.11.2020 й. Ҳар ким ҳам Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ҳақли эмас!

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ: "إيَّاكُمْ وَالفُرْقَةَ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ

ҲАР КИМ ҲАМ ҚУРЪОН ВА ҲАДИСДАН ҲУКМ ОЛИШГА ҲАҚЛИ ЭМАС!

Муҳтарам жамоат! Ушбу мавзуни ёритишимиздан мақсад, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда. Аслида,  Қуръон карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм олиш ёки бир масала чиқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу масъулиятли ишни ижтиҳод (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш) даражасига етган мужтаҳид зотларгина амалга оширишлари мумкин.

“Нурул-анвор” китобида Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариш учун қуйидаги шартлар топилиши баён қилинган:  

وَشَرْطُ الْاِجْتِهَادِ أَنْ یَحْوِیَ عِلْمَ الْکِتَابِ بِمَعَانِيْهِ اللُّغَوِیَّةِ وَالْشَرْعِیَّةِ وَعِلْمَ السُّنَّةِ بِطُرُقِهَا

 وَأَنْ یَعْرِفَ وُجُوهَ الْقِیَاسِ بِطُرُقٍ

яъни: “Ижтиҳод қилишнинг шарти – Қуръони каримни луғавий ва шаръий маъноларини пухта билиш, ҳадис ва унинг етиб келиш йўлларини ҳамда қиёснинг турларини чуқур англаб етишдир”.

Қуръони каримни билиш дегани – Қуръоннинг маъноларини қисқача тушуниш эмас, балки, Қуръони каримга доир барча илмларни чуқур билиш ва бу соҳада моҳир бўлиш керак. Яъни, носих (ўзидан олдинги оятнинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган) оятлар ҳақидаги илм, мутлақ (умумий маънода келган) ва муқайяд (махсус бир маънода келган) оятлар ҳақидаги илм, сабаби нузул – оятларнинг тушиш сабабларига доир илм, араб тили, усулул фиқҳ, балоғат ва фасоҳат фанларида моҳир бўлиши ва бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши керак.

Ҳадис илмини билиш дегани – “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф” ҳадисларни билиш, ҳадис ровийларининг тарихини билиш, носих (ўзидан олдинги ҳадиснинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган )  ҳадисларни билиш ва  бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши зарур.

Қиёс йўлларини яхши билиш дегани – оят ёки ҳадис ёхуд ижмода далили келган масаланинг иллати (сабаби) шаръий ҳукми бўйича далил келмаган масалада топилиб, унга тенглаштиришдир. Қиёс қилишнинг бир қанча шартлари ва қонун-қоидалари бор. Қиёс қилувчи киши мана шу илмларни барчасини билиши лозим.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида оятлардан ҳукм чиқарганлар ва асосий барча масаларнинг ечимини баён қилганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Русулуллоҳ алайҳиссаломга хитоб қилиб, шундай марҳамат қилган:

وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ

яъни: “Одамларга нозил қилинган нарсани уларга баён (тафсир) қилиб беришингиз учун сизга зикр (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар баъзи масалаларда ижмо қилганлар (якдил фикрга келишганлар) ва масалаларни бир-бирига қиёс қилганлар.  Натижада, тўрт мўътабар мазҳаб шаклланди ва бу тўрт мазҳабни тўғри эканлигига барча уламолар иттифоқ қилдилар. Ўша пайтдан бери янги замонавий масала пайдо бўлса, етук уламолар Қуръон, ҳадис, ижмо ва қиёсларга суяниб масалага ечим топганлар. Тўрт мазҳабни ташкил топиши ҳижрий 2-3 асрларга тўғри келса-да, булар ҳозирги ҳижрий 15 асргача  бир-бирлари билан аҳл-иноқ, ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Тўрт мазҳаб имомлари қилган ишни қуйидаги ривоят қўллаб-қувватлайди:

وَقَدْ وَرَدَ اَنَّهُ سَأَلَ عَلِيٌ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ! مَا اَفْعَلُ اِنْ اِعْتَرَضَنِي اَمْرٌ وَلَمْ اَجِدْ فِيْهِ  فِي كِتَابِ اللهِ وَلاَ فِي سُنَّةِ رَسُولِهِ شَيْأً؟ فَقَالَ: "شَاوِرُوا الْفُقَهَاءَ وَالْعَابِدِيْنَ وَلاَ تَمْضُوا فِيْهِ رَاْيَ خَاصَّةٍ"

(رواه الإمامُ الطبرني)

яъни: Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар менга бир масала рўбарў бўлса-ю мен унинг ечимини Аллоҳнинг китобдан ҳам Расулининг суннатидан ҳам тополмасам унда қандай йўл тутай? Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Фақиҳ ва обидлар билан маслаҳатлашинглар, бу ишда хос бир фикрни жорий қилманг” дедилар (Имом Табароний ривоятлари).

Аммо охирги икки асрда тоифалар чиқиб, одамларни мазҳабсизликка чақириб, ўзларини гўё Қуръон ва ҳадисга амал қилувчилардек кўрсатмоқдалар.  Уларнинг иддаоларича ҳар бир мусулмон Қуръон ва ҳадисдан тўғридан тўғри ҳукм олишга ҳақли ва мазҳаблар ислом умматини тафриқага солган эмиш. Биз фақат Қуръон ва ҳадисга амал қилиб, ҳамма умматни бир қиламиз, дейдилар. Ваҳоланки, ушбу мазҳабсизлар ўтган икки аср мобайнида ўзларини ораларида бир қанча фирқаларга бўлиниб кетдилар. Уларда муайян маслак ва мустаҳкам умумий қоидалар йўқлиги боис ўзаро, келиша олмасдан турли ихтилофларга бордилар.

Мазҳабсизликка тарғиб қилувчилар: “Келинглар, мазҳабларни қўяйлик, Қуръон ва суннатга бирлашайлик”, дейдилар. “Қуръон ва ҳадисга қандай бирлашамиз”, дейилса, “Ижтиҳод қиламиз”, дейишади. Пайдо бўлганига эндигина икки асрдан ортиқроқ вақт ўтган салафийлик оқими ҳозирнинг ўзида бир неча тоифага бўлинган. Жумладан, Ас-салафиятул-илмия, Ас-салафиятул-жиҳодия, Ас-салафиятус-сурурия, Ас-салафиятул-жомия.

Аҳли сунна вал жамоа мужтаҳидларининг мазҳабларини 14 асрдан бери бутун ислом уммати бир овоздан ҳақ, деб қабул қилганлар. Бемазҳабларнинг йўллари эса, бошлангандан ҳозиргача аксар олимларнинг эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Уларнинг мазҳабини ўзлари ва ҳиссиётга берилган юзаки илм билан машғул бўлганлар қабул қилишди холос.

Афсуслар бўлсинки, барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Сабаби, киши Қуръони карим таржимасини ўзини билиши ёки бир нечта ҳадислардан хабардор бўлишини ўзи ҳукм чиқаришга кифоя қилмайди.  Юқорида санаганимиздек, ҳукм чиқариш учун кўплаб илмлардан хабардор бўлиб, уларни пухта ўзлаштириш лозим. Сабаби, илмсиз фатво бериш шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ҳаром ҳисобланади. Чунки илмсиз фатво бериш Аллоҳ ва Унинг Расули номидан ёлғон гапиришдир. Илмсиз фатво бериш бошқаларни адаштиришдир. Инсонларни адаштириш, залолатга бошлаш эса катта гуноҳдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

 "مَنْ أَفْتَى بِغَيْرِ عِلْمٍ كَانَ إِثْمُهُ عَلَى مَنْ أَفْتَاهُ وَمَنْ أَشَارَ إِلَى أَخِيْهِ بِأَمْرٍ يَعْلَمُ أَنَّ الرُّشْدَ فِي غَيْرِهِ فَقَدْ خَانَهُ"

(رواه الإمامُ أبو داود)

яъни: “Ким илмсиз фатво берса, унинг гуноҳи фатво берган кишига бўлади. Ким ўз биродарига тўғри йўл бошқа томонда эканини билиб туриб, иккинчи бир йўлга ишора қилса, унга хиёнат қилибди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳадислардан ҳукм чиқарган мужтаҳид уламоларимиз бир мавзуда нечта ҳадис бўлса, шуларни жамлаб ва саралаб кейин фатво берганлар. Чунки бир мавзудаги ҳадисларни тўлиқ ўрганмасдан туриб берилган фатво хато бўлишини эҳтимоли каттадир. Зеро, баъзи саҳиҳ ҳадислар мансух (ҳукми бекор) бўлган бўлиши мумкин.

 Буюк муҳадис олим Яҳё ибн Маъиндан сўрашди: “Мингта ҳадис билган одам фатво бериши мумкинми?”. У зот: “Йўқ”, – деди. “Икки минг ҳадис билган одамчи?”, – деб яна сўрашди. У зот: “Йўқ”, – деди. “Беш минг ҳадис ёдлаганчи?”, – дейишганида: “Бу ҳам фатво беришга камлик қилади”, – деган эканлар.

Абу Алий аз­Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, диндан бехабар бўла туриб диний саволларга жавоб беришга журъат қилиш жуда катта хатар ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَجْرَؤُكُمْ عَلَى الْفُتْيَا أَجْرَؤُكُمْ عَلَى النَّارِ

(رواه الامام الدارمي عن عبد الله بن أبي جعفر رضي الله عنه)

яъни: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар (Имом Дорамий ривоятлари).

Шундай экан, диний саволга жавоб беришни ўз мутахассисларига топширган мақсадга мувофиқдир.

Хатиб Бағдодий ўзининг “Насиҳату аҳлил ҳадис” китобида қуйидаги ривоятни келтирган:

وكَانَ الْأَعْمَشُ يَسْأَلُ أَبَا حَنِيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ الْمَسَائِل فَيُجِيْبُهُ فَيَقُولُ: مِنْ أَيْنَ لَكَ هَذَا فَيَقُولُ: أَنْتَ حَدَّثْتَنَا عَنِ النَّخَعِي بِكَذَا أَوْ عَنِ الشَّعْبِي بِكَذَا فَيَقُولُ: الْأَعْمَشُ عِنْدَ ذَلِكَ يَا مَعْشَرَ الْفُقَهَاء أَنْتُمُ الْأَطِبَّاءُ وَنَحْنُ الصَّيَادِلَةُ

яъни: Имом Аъмаш (Бу зотдан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ кўп ҳадисларни ўрганганлар) Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан айрим масалалар борасида сўрар ва Абу Ҳанифа у кишига жавобларини айтардилар. Имом Аъмаш ҳайратланиб: “Бу нарсаларни қаердан билдинг?”, десалар, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “ўзингиз бизларга Иброҳим Нахаийдан фалон ҳадисни, Шаъбийдан фалон ҳадисни айтиб бергансизку?! (ана ўшалардан чиқарганман)” дер эдилар. Шунда Аъмаш: “Эй фақиҳлар жамоаси! Сизлар табибларсиз, биз эса дори тайёрловчилармиз”, дегандилар.

Шундан ҳам биламизки, қадимда фақиҳлар албатта ҳадисдан илми бўлган ёки аксинча, муҳаддисларнинг фиқҳдан насибаси бўлган ва улар фақиҳ олимлар сўзини эътиборли санаганлар. Улардан кейингиларда ҳам шу ҳолат кузатилган. Ибн Ҳажар Асқалоний фақиҳлардан бўлишлари билан бир қаторда ҳадис илмида пешқадам бўлганликлари ҳеч кимга сир эмас. Бадруддин Айний ҳам катта аллома, фақиҳ ва муҳаддис бўлганлар. У киши ҳанафий фиқҳида машҳур бўлган “Ал-Ҳидоя” китобини шарҳлаш билан бир қаторда имом Бухорийнинг “Ал-Жоме ас-саҳиҳ”ларига ҳам ниҳоятда мукаммал шарҳ ёзганлар. Шу икки Имом ва бошқа кўплаб забардаст уламолар ҳам мазҳабни тарк қилиб, “мен оят ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деганлари йўқ, балки, сўзсиз мазҳабни маҳкам ушлаб, шунга амал қилдилар.

Маълумки, ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарларини бутун ислом олами ўқийди. Айниқса, “Ал Ҳидоя” ни бугунги кунда ҳам дунёдаги кўзга кўринган ал-Азҳар каби университетларда дарслик сифатида ўқитилмоқда. Ушбу мўътабар китоб инглиз, рус тилларига ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган. Энг эътиборлиси, Бурҳониддин Марғиноний хазратлари бирон масалада ўзларича Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олмаганлар. Фақатгина мазҳаб соҳиблари, мужтаҳидларнинг олган ҳукмларини келтирганлар. Шундай улуғ зотлар ҳам тўғридан тўғри ҳукм олишга журъат этмадилар. Улар динимизни соф ҳолатда бизгача етиб келишига холис хизмат қилган зотлардан эдилар.

Ҳижрий 10 асрда яшаб ўтган олим Жалолиддин Суютий 600 га яқин устоздан таълим олган, 750 та китоб ёзган, 200 мингта ҳадисни санадлари ила ёд олган эдилар. Шу зот ҳам шофеъий мазҳабига  амал қилганлар.

Хулоса қилиб айтганда, мужтаҳидлар каби сифатларга эга бўлмасдан туриб ҳозирги кунда Қуръондан ёки ҳадисдан ўзим ҳукм оламан деган кишилар Қуръон ва ҳадиснинг зоҳирий маъноларидан ҳукм олиб, ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ота-боболаримизнинг мазҳаблари бўлмиш Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг йўлларини ушлаб, бир ёқадан бош чиқариб, ихтилоф ва тафриқачиликка берилмасдан, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириб боришимизни насиб айласин! Омин!

 

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси Қабристон зиёрати одоблари ва унда бидъат ва хурофотлардан тийилишҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз

9.01.2025   11200   18 min.
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз

 - 57وَحَقٌّ وَزْنُ أَعْمَالٍ وَجَرْيٌ عَلَى مَتْنِ الصِّرَاطِ بِلاَ اهْتِبَالِ

Маънолар таржимаси: Амалларни тортиб ўлчаш ҳақдир ва Сирот узра югуриш ҳам (сиротдан ўтиб кетишга интилиб унга чиқиш олдидан) ҳозирлик кўришсиздир.

Назмий баёни:

Амаллар ўлчанар, гар ақл етмас,
Сиротда югуришга эпчиллик кетмас.

Луғатлар изоҳи:

حَقٌّ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар.

وَزْنُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Вазн калимаси луғатда “бирор нарсанинг оғир ё енгиллигини тортиб кўриш” маъносини англатади.

اَعْمَالٍ – музофун илайҳ, “ҳаракат қилишлар” маъносини англатади.

جَرْيٌ – калимаси وَزْنُ га атф қилинган. Луғатда “югуриш” маъносини англатади.

عَلَى – “истиъло” маъносида келган жор ҳарфи.

مَتْن – матн луғатда бирор нарсанинг асосий кўриниб турадиган жойига нисбатан ишлатилади. Бу ерда ҳам сиротнинг қадам қўйиладиган жойи маъносида ишлатилган. Жор ва мажрур جَرْيٌ га мутааллиқ.

بِلاَ – жор ҳарфи бўлган بِ ва нафий ҳарфи бўлган لا дан таркиб топган бўлиб, “...дан бошқа”, “...сиз” маъноларини англатади.

اهْتِبَالِ – бу калиманинг “қўлга киритиш”, “чап бериш”, “ғанимат билиш” ва “ҳозирлик кўриш” каби маънолари бўлиб, бу ерда “ҳозирлик кўриш” маъноси ирода қилинган.

Матн шарҳи:

Қиёмат кунида бу дунёда қилинган барча яхшию ёмон амаллар тортиб ўлчанади. Гарчи барчанинг ҳоли маълум бўлса-да, амалларнинг тортиб ўлчанишини Аллоҳ таоло ирода қилган. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:

Билур Тангри агарчи ҳолимизни,
Тарозуға солур аъмолимизни.

* * *

Қилур огоҳ қулин қилмишлариға
Етушмас ақл эгамнинг ишлариға.

Яъни Аллоҳ таолога махфий бирор амалимиз бўлмаса ҳам, амалларимизни ўлчаттириб, бандаларнинг қилмишларини ўзларига билдириб қўяди.

Қуръони каримда амалларнинг тортиб ўлчаниши ҳақлиги шундай баён қилинган:

“Ўша куни вазн (амалларнинг тарозида тортилиши) ҳақиқатдир. Кимнинг мезонлари (амаллари) оғир келса, айнан ўшалар нажот топувчилардир. Кимнинг мезонлари (амаллари) енгил келса, ана ўшалар оятларимизга зулм (инкор) қилганлари сабабли, ўзларига зиён қилганлардир”[1].

Ўша кунда баъзи инсонлар ҳисоб-китоб қилинмасдан жаннатга кирадилар. Уларнинг сифатлари қуйидаги ҳадисда келган:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي سَبْعُونَ أَلْفًا بِغَيْرِ حِسَابٍ هُمْ الَّذِينَ لَا يَسْتَرْقُونَ وَلَا يَتَطَيَّرُونَ وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатга умматимдан етмиш мингтаси ҳисобсиз киради. Улар: Афсун қилишни сўрамайдиганлар, қушлардан шумланмайдиганлар ва Роббиларига таваккул қиладиганлардир”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Баъзилари эса бирма-бир қаттиқ ҳисоб-китоб қилиниб, омонат қилиб берилган нарсаларни нималарга сарфлаганларидан сўралмагунларигача жойларидан қимирлай олмайдилар:

عَنْ أَبِي بَرْزَةَ الأَسْلَمِيِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ عُمُرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ عِلْمِهِ فِيمَ فَعَلَ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَ أَنْفَقَهُ وَعَنْ جِسْمِهِ فِيمَ أَبْلاَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида банданинг қадамлари то умрини нимага сарфлаганидан, илми билан нима амал қилганидан, молини қаердан топиб қаерга сарфлаганидан, жисмини ниманинг йўлида ҳоритганидан сўралмагунича жойидан жилмайди”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Қаттиқ ҳисоб-китоб қилинган кимсалар эса азобга учрашлари аниқ бўлиб қолади.

Бизларга Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка гапириб берди, у менга Қосим ибн Муҳаммад гапириб берди деган, у эса менга Оиша гапириб берди деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида ким ҳисоб-китоб қилинса, ҳалок бўлибди”, – дедилар. Шунда мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло: (Аммо кимнинг китоби ўнг тарафидан берилса. Тезда, осонгина ҳисоб қилинур), демаганми”, – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У нарса кўрсатишдир. Қиёмат кунида ҳисоб-китобда муҳокама қилинган кимса, албатта, азобланмасдан қолмайди”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.


Тарозида ўлчанадиган нарсалар

Тарозида ўлчанадиган нарса амалларми, амаллар ёзилган саҳифаларми ёки улардан бошқа бирор нарса бўлиши тўғрисида турли хил қарашлар бор. Бу қарашлар ҳақида доктор Аҳмад Фариднинг “Баҳрур Роиқ” китобида қуйидаги маълумотлар келган: “Тарозида тортиб ўлчанадиган нарсалар тўғрисида тўрт хил сўз бор:

1. Бажарилган амаллар тортиб ўлчанади; яъни бандаларнинг хатти-ҳаракатлари мужассам қилиниб тарозига қўйилади. Ояти каримада қилинган яхши-ёмон амаллар зарра миқдорида бўлса ҳам кўрилиши баён қилинган:

“Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар”[2].

Ҳадиси шарифда айтилган калиманинг тарозида оғир келиши хабар берилган:

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَاَل قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَلِمَتَانِ خَفِيفَتانِ على اللِّسانِ، ثَقِيلَتَانِ في المِيزَانِ حَبيبَتَانِ إلى الرَّحْمَنِ سُبْحَانَ اللَّهِ وَبِحَمْدِهِ، سُبْحَانَ اللَّهِ العَظيمِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир, ар-Роҳманга севимлидир, “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил азийм”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

2. Амаллар ёзилган саҳифалар тортиб ўлчанади; яъни тарозида бандаларнинг номаи аъмоллари тортиб ўлчанади. Бунга қуйидаги ҳадисда ишора бор:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللَّهَ سَيُخَلِّصُ رَجُلاً مِنْ أُمَّتِي عَلَى رُؤُوسِ الْخَلاَئِقِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَنْشُرُ عَلَيْهِ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ سِجِلاًّ كُلُّ سِجِلٍّ مِثْلُ مَدِّ الْبَصَرِ ثُمَّ يَقُولُ أَتُنْكِرُ مِنْ هَذَا شَيْئًا أَظَلَمَكَ كَتَبَتِي الْحَافِظُونَ فَيَقُولُ لاَ يَا رَبِّ فَيَقُولُ أَفَلَكَ عُذْرٌ فَيَقُولُ لاَ يَا رَبِّ فَيَقُولُ بَلَى إِنَّ لَكَ عِنْدَنَا حَسَنَةً فَإِنَّهُ لاَ ظُلْمَ عَلَيْكَ الْيَوْمَ فَتَخْرُجُ بِطَاقَةٌ فِيهَا أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ فَيَقُولُ احْضُرْ وَزْنَكَ فَيَقُولُ يَا رَبِّ مَا هَذِهِ الْبِطَاقَةُ مَعَ هَذِهِ السِّجِلاَّتِ فَقَالَ إِنَّكَ لاَ تُظْلَمُ قَالَ فَتُوضَعُ السِّجِلاَّتُ فِي كَفَّةٍ وَالْبِطَاقَةُ فِي كَفَّةٍ فَطَاشَتْ السِّجِلاَّتُ وَثَقُلَتْ الْبِطَاقَةُ فَلاَ يَثْقُلُ مَعَ اسْمِ اللَّهِ شَيْءٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло умматимдан бир кишини халойиқнинг кўз ўнгида халос қилади. Унинг зарарига гувоҳлик берадиган тўқсон тўққизта рўйхатни ёйиб қўяди. Ҳар бир рўйхат кўз етадиган жойдек бўлади. Сўнгра унга: “Булардан бирортасини инкор қиласанми, сенга менинг сақловчи ёзувчиларим зулм қилибдиларми”, – дейди. У: “Йўқ, эй Роббим”, – дейди. Унга: “Бирор узринг борми”, – дейди. У: “Йўқ, эй Роббим”, – дейди. Шунда унга: “Ҳа, бизнинг ҳузуримизда сенинг битта хайрли ишинг бор, бугун сенга ҳеч қандай зулм йўқ”, – дейди. Сўнгра бир ёрлиқ чиқади, унда “Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир”, деган ёзув бўлади. Унга: “Ўлчовинга кел”, – дейди. У: “Шунча рўйхатлар олдида бу ёрлиқ нима ҳам бўларди”, – дейди. Унга: “Сен зулм қилинмайсан”, – дейди. Рўйхатлар бир паллага, ёрлиқ бир паллага қўйилади. Рўйхатлар енгил, ёрлиқ оғир келади. Аллоҳнинг исмига бирор нарса баробар келолмайди”, –дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: “Тортиб ўлчанадиган нарса ёки амаллар битилган рўйхатлар бўлиб, ҳолатларга қараб турли хил бўлади, ёки Аллоҳ таоло қилинган ишларни ва сўзларни жисм ҳолига келтиради сўнгра улар тортиб ўлчанади. Тоат-ибодатлар оғир, гуноҳ-маъсиятлар енгил келади. Тоат-ибодатларнинг оғир келиши уларни дунёда бажариш оғир бўлгани учун бўлса, маъсиятларнинг енгиллиги уларни дунёда бажариш кишига енгил бўлгани учундир. Шунинг учун ҳам: “Жаннат қийинчиликлар билан ўралган, дўзах шаҳватлар билан ўралган”, – дейилган”[3].

3. Амалларнинг савоби тортиб ўлчанади; бу ҳақида қуйидаги ҳадисда ишора бор:

عَنْ زَيْدٍ أَنّهُ سَمِعَ أَبَا سَلاّمٍ يَقُولُ حَدّثَنِي أَبُو أُمَامَةَ الْبَاهِلِيّ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ اقْرَأُوا الْقُرْآنَ فَإِنّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيعاً لأَصْحَابِهِ اقْرَأُوا الزّهْرَاوَيْنِ الْبَقَرَةَ وَسُورَةَ آلِ عِمْرَانَ فَإِنّهُمَا تَأْتِيَانِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَأَنّهُمَا غَمَامَتَانِ أَوْ كَأَنّهُمَا غَيَايَتَانِ أَوْ كَأَنّهُمَا فِرْقَانِ مِنْ طَيْرٍ صَوَافٍّ تُحَاجّانِ عَنْ أَصْحَابِهِمَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Зайддан ривоят қилинади, у Абу Салломнинг менга Абу Умома Боҳилий гапириб берди деяётганини эшитган. У айтганки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат кунида ўз соҳибларига шафоатчи бўлиб келади, икки нур сочувчини, Бақара ва Оли Имрон сураларни ўқинглар, чунки бу иккаласи қиёмат кунида гўё икки булут каби, ёки гўё икки баланд соябон каби, ёки гўё саф тортган икки қуш тўдаси каби келадилар. Иккалалари ўз соҳибларининг тарафини олиб тортишадилар”, –деяётганларини эшитдим”. Муслим ривоят қилган.

Термизий раҳматуллоҳи алайҳ: “Соҳибларининг тарафини олиб тортишадилар”, дегани қироатларининг савоблари келтирилади маъносини англатади,” – деган.

4. Амал қилувчининг ўзи тортиб ўлчанади. Қуйидаги ҳадисда бунга далил бор:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида катта семиз киши келади, Аллоҳ таолонинг ҳузурида пашшанинг қанотичалик ҳам вазни бўлмайди, дедилар-да, (Бас, Биз Қиёмат кунида улар учун ҳеч қандай вазнни қоим қилмасмиз!)[4] оятини ўқинглар”, деб қўшиб қўйдилар”. Бухорий ривоят қилган.

Мазкур далиллар умумлаштирилса, уларнинг бир-бирларига зид эмаслиги, амал қилувчи ҳам, унинг амали ҳам ва амаллари ёзилган саҳифалар ҳам барчаси тортиб ўлчаниши келиб чиқади”[5].

Сўфи Оллоҳёр бобомиз қиёмат тарозуси ҳақида қандай эътиқод қилишни осонгина тушунтириб қўйган:

Тарозу борига иқроримиз бор,
Нечук эрканига не коримиз бор.

* * *

Илоҳи, қил оғир мезонимизни,
Саломат тут бизнинг иймонимизни.

Яъни тарозининг қандай эканини билишга уриниб ўзимизни қийнамаймиз, балки унинг ҳақлигига иймон келтириб, “эй Роббимиз, амалларимизни тарозида оғир қилгин”, – дея дуо қилиб борамиз.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ сўзларининг давомида тарозидан сўнг барча халойиқнинг сирот кўпригига юзланишларига ишора қилган. Сирот дўзах устига қурилган узун кўприк бўлиб, ундан ўта олган инсонлар жаннатга эришадилар. Аммо Сиротдан югуриб ўтиб кетиш барчага ҳам насиб этмайди. Ҳамма ўзининг қилган амалига яраша кимдир тез, кимдир секин, кимдир судралиб зўрға ўтиб олса, кимдир унинг тагидаги дўзахга қулаб тушади. Абу Ҳурайра ва Абу Рибъий розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинган ҳадисда сиротдан ўтиш ҳолатлари тасвирланган:

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ وَأَبُو رِبْعِيٍّ عَن حُذَيْفَةَ قَالاَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْمَعُ اللَّهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى النَّاسَ فَيَقُومُ الْمُؤْمِنُونَ حَتَّى تُزْلَفَ لَهُمْ الْجَنَّةُ فَيَأْتُونَ آدَمَ فَيَقُولُونَ يَا أَبَانَا اسْتَفْتِحْ لَنَا الْجَنَّةَ فَيَقُولُ وَهَلْ أَخْرَجَكُمْ مِنْ الْجَنَّةِ إِلَّا خَطِيئَةُ أَبِيكُمْ آدَمَ لَسْتُ بِصَاحِبِ ذَلِكَ اذْهَبُوا إِلَى ابْنِي إِبْرَاهِيمَ خَلِيلِ اللَّهِ قَالَ فَيَقُولُ إِبْرَاهِيمُ لَسْتُ بِصَاحِبِ ذَلِكَ إِنَّمَا كُنْتُ خَلِيلًا مِنْ وَرَاءَ وَرَاءَ اعْمِدُوا إِلَى مُوسَى صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الَّذِي كَلَّمَهُ اللَّهُ تَكْلِيمًا فَيَأْتُونَ مُوسَى صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَقُولُ لَسْتُ بِصَاحِبِ ذَلِكَ اذْهَبُوا إِلَى عِيسَى كَلِمَةِ اللَّهِ وَرُوحِهِ فَيَقُولُ عِيسَى صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَسْتُ بِصَاحِبِ ذَلِكَ فَيَأْتُونَ مُحَمَّدًا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَقُومُ فَيُؤْذَنُ لَهُ وَتُرْسَلُ الْأَمَانَةُ وَالرَّحِمُ فَتَقُومَانِ جَنَبَتَيْ الصِّرَاطِ يَمِينًا وَشِمَالاً فَيَمُرُّ أَوَّلُكُمْ كَالْبَرْقِ قَالَ قُلْتُ بِأَبِي أَنْتَ وَأُمِّي أَيُّ شَيْءٍ كَمَرِّ الْبَرْقِ قَالَ أَلَمْ تَرَوْا إِلَى الْبَرْقِ كَيْفَ يَمُرُّ وَيَرْجِعُ فِي طَرْفَةِ عَيْنٍ ثُمَّ كَمَرِّ الرِّيحِ ثُمَّ كَمَرِّ الطَّيْرِ وَشَدِّ الرِّجَالِ تَجْرِي بِهِمْ أَعْمَالُهُمْ وَنَبِيُّكُمْ قَائِمٌ عَلَى الصِّرَاطِ يَقُولُ رَبِّ سَلِّمْ سَلِّمْ حَتَّى تَعْجِزَ أَعْمَالُ الْعِبَادِ حَتَّى يَجِيءَ الرَّجُلُ فَلاَ يَسْتَطِيعُ السَّيْرَ إِلاَّ زَحْفًا قَالَ وَفِي حَافَتَيْ الصِّرَاطِ كَلاَلِيبُ مُعَلَّقَةٌ مَأْمُورَةٌ بِأَخْذِ مَنْ أُمِرَتْ بِهِ فَمَخْدُوشٌ نَاجٍ وَمَكْدُوسٌ فِي النَّارِ وَالَّذِي نَفْسُ أَبِي هُرَيْرَةَ بِيَدِهِ إِنَّ قَعْرَ جَهَنَّمَ لَسَبْعُونَ خَرِيفًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра ва Абу Рибъий розияллоҳу анҳулар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ табарока ва таоло инсонларни жамлайди, мўминлар жаннатга яқин жойда турадилар. Улар Одам алайҳиссаломнинг ёнларига келишади ва: “Эй отамиз, бизларга жаннатни очишни сўраб беринг”, – дейишади. У: “Сизларни жаннатдан отангиз Одамнинг хатоси чиқармадими, мен бунга эга эмасман, сизлар ўғлим Иброҳим Халилуллоҳнинг ёнига боринглар”, – дейди. У зот дедилар: “Иброҳим мен бунга эга эмасман, бундай юксак даражадаги халил бўлмаганман. – Сизлар Аллоҳ таолонинг Ўзи унга мутлақ гапирган Мусо соллаллоҳу алайҳи васалламга боринглар, – дейди. Улар Мусо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига келадилар. У: “Мен бунга эга эмасман, Аллоҳнинг калимаси ва руҳи Исога боринглар”, – дейди. Исо: “Мен бунга эга эмасман”, – дейди. Бас улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келадилар. У зот турадилар ва у зотга изн берилади. Омонат ва қариндошлик ўз ҳолига қўйилади, улар сиротнинг ўнг ва чап томонларига туриб оладилар. Сизларнинг аввалгиларингиз чақмоқ каби ўтадилар. Мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, қайси нарса чақмоқ каби ўтади”, – дедим. У зот: “Чақмоқнинг кўз юмиб очгунча қандай ўтиб қайтишини кўрмаганмисан, сўнгра шамолнинг ўтиши каби, сўнгра қушнинг ўтиши каби ва амаллари югуртираётган кишиларнинг судралиши каби ўтадилар. Пайғамбарларингиз сирот устида: “Роббим, қутқаргин, қутқаргин”, – деб туради. Ҳатто бандаларнинг амаллари (уларни ҳаракатлантириб олиб ўтишдан) ожиз қолади, ҳатто юришга қуввати етмайдиган, фақат судралиб ҳаракатланадиган киши келади”. Яна дедилар: “Сиротнинг икки четида буюрилган кимсани тутишга тайин қилиниб осиб қўйилган чангаклар бўлади. Бас тирналганлар (яъни тирналиб бўлса-да ўтиб кетган) нажот топувчидирлар, тўпланиб қолганлар дўзахдадирлар”. Абу Ҳурайранинг жони Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, жаҳаннамнинг қаъри етмиш куздир (етмиш йиллик масофадир)”, – деди”. Муслим ривоят қилган.

Кўплаб нусхаларда ушбу ўринда шафоат ҳақидаги байт такрор келтирилган. “Бадъул амолий” матни Ҳумайдий исмли мударрис томонидан татар тилига таржима қилиниб, 1908 йилда “Амолий таржимаси” номи билан Қозон шаҳрида чоп этилган. Ўша нусхада шафоат тўғрисидаги ушбу байт фақат бир жойда келган бўлиб, такрорнинг ўрнига қуйидаги бошқа бир байт келтирилган:

وَلَا عَرَضٌ وَلَا ذُو صُورَةٍ مَا تَعَالَى اللهُ عَمَّا فِى الْخِيَالِ

У араз[6] ҳам, сувратда ҳам эмас, бирор хаёлий,

Аллоҳ гумоний хаёллардан буюк ва олий[7].

Ушбу байтнинг маъноси юқорида келтирилган Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг сўзлари билан деярли бир хил, яъни:

Кўнгилда кечса кўзга тушса ҳар шай,

Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай.

Шунингдек, мазкур байт Алишер Навоий бобомизнинг машҳур “Сирожул-муслимин” (Мусулмонларнинг чироғи) асаридаги байтга ҳам маънодошдир:

Не жавҳар, не араздур, не маконда,

Не воқеъдур жиҳатда, не замонда.

“У (яъни Аллоҳ таоло) жавҳар ҳам, араз ҳам эмас. У маконда ҳам, жиҳатда ҳам, бирор замонда ҳам эмас”[8].

 

Кейинги мавзу:
Дуоларнинг таъсирлари баёни

 


[1] Аъроф сураси, 8, 9-оятлар.
[2] Залзала сураси, 7, 8-оятлар.
[3] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Муборакфурий. Туҳфатул Аҳвазий. “Мактабатуш шомила”. – Б. 380.
[4] Каҳф сураси, 105-оят.
[5] Доктор Аҳмад Фарид. Баҳрур-Роиқ. – Искандария: “Дорул Мажд”, 2009. – Б. 278.
[6] Мустақил мавжуд бўлиб турмайдиган, балки жисм ва унинг бўлаклари орқали борлиқдан жой олиб турадиган ранглар, ҳатту-ҳаракатлар, таъмлар ва ҳидлар каби нарсалар – араз дейилади. Қаранг: Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 37.
[7] Ҳумайдий. Амолий таржимаси. – Қозон: “Каримия матбааси”, 1908. – 4.
[8] Алишер Навоий. “Навоийдин чу топқайлар навое”. – Тошкент: “Ҳилол-нашр”, 2014. –Б. 136.