Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган «Яллама» жоме масжиди мўмин мусулмонлар учун замонавий усулда битказилиб, фойдаланишга топширилди.
Масжид ҳонақоси кўркам ва шинам ҳолатда қурилиб, таҳоратхонада бир вақтнинг ўзида Аллоҳ таоло билан юзланиш учун 34 киши покланиш имконига эга бўлади. «Яллама» жоме масжиди 800 та намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Масжиднинг қурилиш жараёни 18 ой вақт мобайнида олиб борилди ва бугунги кунда фойдаланишга топширилди.
Ушбу масжид қурилишида жонбозлик кўрсатган барча саховатпеша ва ҳомийлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин. Янги масжидни халқимизга муборак қилсин. Масжидлар қурилишини Ҳақ таоло бардавом айласин!
Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сармоянгиз умрингиздир...
Аллома Ибн ал-Жавзий ўзининг «Мудаҳиш» номли китобига бундай ёзади:
Бир киши бор эди, у бозорда муз сотарди. Овозини чиқариб бундай дерди: “Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинглар!”.
Бу киши одамларнинг юрагини юмшатиб, улардан муз сотиб олишларини сўрарди. Чунки у сотадиган муз — вақт ўтиши билан эриб кетарди. Агар у музини тезда сотиб улгурмаса, бутун сармояси йўқ бўлиб кетади. Шунинг учун у бор овози билан: “Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинг!”.
Музлаб қолган сувнинг ҳар бир томчиси сизнинг тарк этган умр лаҳзангиз кабидир, у энди ҳеч қачон қайтмайди.
Ҳаётингиздаги саноқли кунлардан фойдаланинг…
Солиҳлардан бири айтади: «Мен “Аср” сурасини йигирма йил ўқидим, лекин унинг маъносини тушунмасдим. “Нима учун Аллоҳ инсон табиатан зиёнда деб айтяпти ва буни қасам билан таъкидлаяпти?” деб ўйлардим.
Кейин эса Аллоҳ зиёндан нажот топганларни тўртта сифат билан истисно қилади:
– иймон келтирганлар,
– солиҳ амал қилганлар,
– ҳаққа даъват этганлар,
– сабрни тавсия қилганлар.
Шунда мен “Аср” сурасидаги қасамнинг маъносини англадим: “Дунёдаги энг катта сармоя бу – умрингиз. Умрингиздан ўтган ҳар бир лаҳза эриб кетган муз каби қайтиб келмайди. Шунинг учун сармоянгизни эҳтиёт қилинг! У сиз яшаб турган вақтдир. Ажал етишидан аввал тириклик фурсатидан фойдаланинг».
Аллоҳ умримизни узун ва хотимамизни чиройли қилсин.
Сармоянгизни ўғирлаётганларга эътибор беринг!
Ҳар биримиз сармоямиз яъни вақтимизни ким ёки нималар зое қилаётганини яхши биламиз.
Аллоҳни зикр қилишдан ёки У Зотга ва Расулига итоат қилишдан бошқа нарса билан вақтни зое қилманг.
Унутманг, сармоянгиз — умрингиз!
Мақсудали домла ҚОСИМОВ,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжид имом-хатиби.