— Ёшим 30 дан ошди, бироқ ҳали турмушга чиқмадим. Қаерга борсам, ким билан суҳбатлашсам, сизни одамларингиз бор, йўлингизни тўсиб турибди, дейишади. Бундай ҳолларда динимизда қандай йўл тутилади?
— Одамлари бор, йўли тўсилган деган гаплар бидъат, хурофот бўлиб, шариатда асоси йўқдир. Бир кишининг оила қуриши ортга сурилиши Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан бўлади. Инсон доим Аллоҳга дуо қилиб, яхши турмуш ўртоқни рўпара қилишини сўраб, ибодатларда бардавом бўлса ҳам истиғфорни кўп айтса, Аллоҳнинг изни билан иши ўнгидан келади. Зеро, ҳадиси шарифлардан бирида Аллоҳ таоло истиғфорни кўп айтган кишининг муаммоларини аритиб, мушкулларини осон қилиб, унга ўзи ўйламаган томондан ризқ бериши айтилган.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.