Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган “Мурч бобо” жоме масжиди имом-хатиби Низомиддин домла Чориевнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Табаррук ёшда охират сафарига кузатилаётган онахон узоқ йиллар мобайнида Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби вазифасидан меҳнат қилган марҳум Тошболта домланинг рафиқалари бўлиб, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган солиҳ фарзандларни тарбияладилар. Улардан бири Низомиддин домла Чориев кўп йиллардан буён Ислом дини ва мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлмоқда.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин! Ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат, охиратларини обод қилсин! Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Низомиддин домла Чориевга ва марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи", дедилар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.
У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).