Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялиниб-ёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш даражасигача етиб бормоқдалар. Танишлардан бирининг айтишича, бир одам бошқасидан ялиниб юриб қарз олган. Иши битгач, қарзни қайтармай чўзиб юрган. Қарз берган одамнинг ўзига пул керак бўлиб, қарзни қайтаришини сўраб борган. Аввалига «Кейинроқ келинг», деган жавобни олган. Кейин алдаш давом этган. Охири бориб, «Мен сендан қарз олганим йўқ, яна келсанг, миршабларни чақириб, менга туҳмат қиляпти, деб қаматвораман», дейишга ўтган.
Интернет орқали менга бу борада келадиган саволлардан бирини эътиборингизга тақдим этишга рухсатингизни сўрайман:
«Ассалому алайкум, ҳурматли шайх Ҳазратлари!
Менинг саволим қуйидагича: бундан 4 йил олдин мен бир яқин танишимга катта миқдорда пул берганман. Албатта, қарз сифатида. У менга «10 кунда қайтараман», деб айтган эди. «Тилхат ёз», десам, у менга: «Худо бор-ку, 10 кунда бераман», деганди. Мен ҳам Худони тилга олгани учун ишондим. Мана, 4 йил бўлдики, ҳануз қайтармади. Лекин маълум қисмини, озгинасини қайтарган. Бир неча бор уйига бордим. «Қайтараман», деб алдаб келди. Мен ундан қарзни суд орқали қайтариб олмоқчи бўлдим ва ИИБ ходимларига мурожаат қилдим. Уларнинг олдида: «Мен пул олганим йўқ, олган бўлсам, Худо урсин», деб қасам ичди. Менинг эса Худодан бошқа гувоҳим йўқ. Шунинг учун сизга мурожаат қилмоқдаман. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Олдиндан катта раҳмат».
Бунга ўхшаш мактублар жуда кўп. Баъзи одамлар бировнинг ҳақини еб кетишдан мутлақо қўрқишмайди. Бир одам ўзининг молидан ўзига ишлатмасдан, муҳтож бўлиб турган кишига бериб, унинг мушкулини осон қилса-ю, муҳтож одамнинг иши битиб, муҳтожлиги кетгач, «Мен сендан қарз олганим йўқ», деб тониб кетса! Бундан ёмон, бундан пасткаш одам борми дунёда?!
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради.
Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, Унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканига шубҳа йўқ. Жумладан, ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай жамиятларнинг аъзолари ҳам қарз эгаси тарафида бўлишлари, қарзни инкор қилаётган нобакорга қарши туришлари, қарз эгасига ўзининг ҳалол мулкини қайтариб олишида ёрдамчи бўлишлари лозим.
Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарслар ҳам мавжуд.
Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади. Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга «Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?» дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади». Байҳақий ривоят қилган.
Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Аввало қарз олишгача бориб қолмаслик чорасини кўриш керак. Мабодо қарз олишга эҳтиёж тушганда ҳам, яхши ният билан «Аллоҳ таолонинг ёрдамида албатта қарзимни узаман», деган ниятни қилиб, уни амалга ошириш учун ғайрат қилиш лозим. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлади, ишлар яхшиликка бурилади. Яхши ният ёр бўлади. Аммо киши ишни ёмон ният билан бошласа, ёмон нияти ўзининг бошига етади. Қарзини узмай ўтиб кетганидан кейин ҳам қутула олмайди. У дунёда Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг жазосини беради.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Қарз ва унга боғлиқ масалалар китобидан)
Махлуқотлар ичида энг мукаррам зот қилиб яратилган инсоннинг энг гўзал хулқларидан бири исрофдан сақланиш, Аллоҳ ўзига ризқ қилиб берган берган неъматларни ўринсиз, беҳуда сарфламасликдир. Бу фазилат ҳар биримизнинг эзгу одатларимиздан бирига айланса, шубҳасиз, ҳаётимиздаги жуда кўп муаммоларнинг энг мақбул ечимини топган бўлар эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг яқиндагина эълон қилинган мурожаатини ўқиб, бунга яна бир карра амин бўлдим ва беихтиёр бунда роппа роса бир юз ўн йил муқаддам, яъни 1915 йилда таниқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Тўй” шеърини эсладим. Унда, жумладан, қуйидаги мисралар бор:
Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридан ошурдилар тўйни,
Топди равнақ ғайрат ила боён тўй.
Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.
Боён тўйиға ерлилар қараб,
Этди сарф токи тандаги жон тўй...
Минг таассуфлар бўлсинки, бу ҳолатлар бугунги кунимизда ҳам давом этмоқда. Энг ачинарлиси, йилдан йилга тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинлар тури янада кўпайиб, сарф-харажати ошса-ошяптики, камаймаяпти. Абдулла Қодирий бобомиз таъкидлаганларидек, “Боён тўйиға ерлилар қараб, Этди сарф токи тандаги жон тўй” бўлмоқда. Кўпинча, бор-будини сарфлаб, тўй қилган кишидан шу кунгача нечта китоб ўқиб чиққанлиги ёки фарзандларига қайси китобларни олиб берганлигини сўрасанг, жавоб бера олмайди. Уйида фарзандлари китоб ўқиши, вазифа тайёрлаши учун шароит ҳам яратиб берилмаган. Айримлар билан суҳбатлашсангиз, мактаб учун зарур бўлган дафтар-қалам кабиларнинг нархи ошиб кетганидан, китоблар қимматлигидан нолийди, лекин қизининг бир кунлик тўй либосига, ўнлаб машиналар саф тортган никоҳ кортежига, дабдабали тўй базмига ғинг демай миллионларни сарфлаб юборишга тайёр.
Йиллар давомида, кўпинча, хорижда ишлаб топганини ана шундай беҳуда, бу дунё учун ҳам, охират учун ҳам ҳеч қандай манфаат келтирмайдиган ишларга сарфлаб юборади-да, қарзларини узиш учун яна четга отланади ёки умуман ўша ердан туриб, тўйни “молиялаштиради”, минг орзу-ҳаваслар билан қилган тўйида ўзи иштирок этмайди. Тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчиликлар замиридаги энг катта муаммолардан яна бири айрим оилада фарзандлар вояга етиши билан уларни ўқитиб олим қилиш учун эмас, балки пул топиш учун хорижга жўнатишдир.
Бугун бундай ёшларимизнинг кўпчилиги бирор соҳани танлаб, чуқур ва ҳар тарафлама билим олиш учун ўқиш ўрнига хорижда касбсиз-ҳунарсиз кимларнингдир қўлига қарам бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатда “...бир-биридан ўтиб тушадиган, кимўзарга, риёга, исрофга тўла ишлар халқимизнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда” дея таъкидланишдан мақсад тўй-маъракаларимизнинг худди ана шу жиҳатларига эътибор қаратишдир.
Мурожаатда таъкидланган яна бир жиҳат диққатимни ўзига тортди: “Шу ўринда, зиёлилар, ёши кекса отахону онахонлар, нуронийларга айтар сўзимиз, келинг, биргаликда юртимиз аҳолисига, айниқса, юқоридаги каби исрофгарчилик ва дабдаба қилаётганларга тушунтириш ишларини кўпайтирайлик, бу каби иллатларга биргаликда барҳам берайлик. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ, эканини уқтирайлик! Бунинг ўрнига топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берайлик, ана шунда улкан савобга эга бўламиз, иншоааллоҳ!” – дейилади унда.
Дарҳақиқат, бу муаммоларни ҳал этиш бир-икки кишининг қўлидан келадиган иш эмас. Унга барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бир тан, бир жон бўлиб киришишимиз, ёшларимизга бугунги хатти-ҳаракатлари, куч-ғайратлари, билимларини бир-икки кунлик тўй-томоша учун маблағ топиш, сўнг ҳамманинг “ҳавасини келтирадиган” тўй учун эмас, балки келажакда ўзининг бировга муҳтож бўлиб қолмаслиги учун интилишга қаратишлари зарурлигини уқтиришимиз керак.
Шу ўринда Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Ҳотами Той” ҳақидаги ҳикояти эсга тушади. Унда айтилишича, ўзининг ўта сахийлиги билан донг таратган Ҳотами Тойдан: “Сиз ўзингиздан ҳам ҳимматлироқ кишини кўрганмисиз?” – деб сўрашибди. Шунда у бир куни юз туя ва ҳисобсиз қўй-қўзиларни сўйиб, элни чорлаб, жуда катта зиёфат уюштирганини, орада бироз нафас ростлаш учун кўчага чиққанини ва елкасида бир боғ ўтин, қўлида ҳасса билан ҳар қадамда бир нафас ростлаб келаётган қарияни кўрганини айтади. Ўзининг унга: “Ўзингни бунча қийнаб нима қиласан. Эшитмадингми, бугун Ҳотами Той жуда катта базм уюштириб, бутун элни чорлаб, зиёфат бермоқда. Ташла ўтинингни, кир, сен ҳам бу зиёфатдан баҳраманд бўл!” – деганини айтади. Шунда қариянинг жавобини тингланг:
...К-эй солибон ҳирс аёғингға банд,
Озу тамаъ бўйнуга боғлаб каманд.
Водийи ғайратға қадам урмағон,
Кунгури ҳимматға алам урмағон.
Сен доғи чеккил бу тикан меҳнатин,
Тортмағил Ҳотами Той миннатин.
Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки биров берса ганж...
Демак, ҳақиқий ҳиммат кимгадир қарам бўлиш, кимлардандир ниманингдир илинжида яшаш эмас, балки ўз кучи, ғайрати, билими билан ҳаётдаги орзу-мақсадларига эришишдир. Шу ўринда орзу-мақсадларнинг ҳам қандай бўлишига эътибор қаратиш зарур.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, тўй-томоша, турли тадбир ва маъракаларни эл кўзига, “одамлар нима дейди” учун ташкил қилиш эмас, балки, ортиқча сарф-харажатларсиз, дабдабаларсиз ўтказиш, ортиб қолган маблағни ўзининг, фарзандларининг илм олишлари учун сарфлашни мақсад қилиш айни муддао бўлар эди. Чунки Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади...» дедилар».
Демак, биз нимани ният қилиб, ишга киришсак, шубҳасиз, ўша мақсадимиз амалга ошади. Ҳотами Той бировларнинг миннатли таомидан кўра, ўз меҳнати билан топган бир дирҳамни афзал кўрган ана шу ўтинчи чолни ўзидан кўра ҳимматлироқ ҳисоблаган экан. Албатта, ҳар бир жамиятда бўлгани каби бизнинг орамизда ҳам у ёки бу сабаб туфайли соғлом кишилар билан бирга имконияти чекланган кишилар борлиги айни ҳақиқат. Бироқ кўриб турибмизки, бундай кишиларнинг ҳаммаси ҳам кимларгадир муҳтож бўлиб яшашни эмас, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда билим олиш, касб-ҳунарга эга бўлиш ва ўз эҳтиёжларини ўзи қондиришни афзал кўрмоқдалар. Аксинча, баъзида тўрт мучаси соғлом кишилар камбағалликни ўзига “имтиёз” санаб, тинимсиз равишда турли идораларга “шикоятлар” ёғдирмоқдалар. Мурожаатда таъкидланган хайру саховатни амалга оширишда бундай “имтиёз” эгалари эмас, ҳақиқатан ҳам шунга муҳтож оилаларни излаб топиш ва “оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиш” зарур. Ҳа, айни кўмаклашиш, яъни уларни хайру саховатга ўргатиб, кимларнингдир елкасига юклаб қўйиш эмас, балки келажакда тўғри йўл топиб олишлари учун моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш керак.
Албатта, ҳар бир ҳудудда ўзига тўқ, бой-бадавлат кишилар бор. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар натижасида бундай оилаларнинг сони ошиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги хайру саховатли инсонлар эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатдан кўзланган яна бир хайрли мақсад шуки, имом-хатибларимиз ўз ҳудудларидаги ана шундай саховатпеша инсонларни яхши танишади ва билишади. Шунинг учун уларни ўз ҳисобларидан ёшларимизнинг илм олишларига кўмаклашиш, бунинг учун мактабларимизни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшишга чақириш ҳам савобди ишлардан биридир.
Мурожаатда таъкидланган яна бир жиҳат биз имом-хатиблар учун жуда муҳим эканлигини эътироф этиш керак деб, ўйлайман. Унда “имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш” белгилаб қўйилган. Бу вазифани амалга оширишда, аввало, ҳар бир имом-хатибнинг ўзи шахсий намуна кўрсатиши, ўзлари қилаётган, шунингдек, масжидлар ҳудудида ўзлари иштирок этаётган тўй-маросимларини ортиқча дабдабаларсиз, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказилишига эришиши керак. Шундан кейин тарғибот олиб борилса, кўнгилдагидек бўлади. Акс ҳолда халқ орасида турли миш-мишлар, фитналар авж олиши ва натижада қош қўяман деб, кўз чиқариши ҳам ҳеч гап эмас.
Сўзимга якун ясар эканман, Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни эслашни лозим топдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Яримта хурмо (ни инфоқ қилиб) бўлса ҳам, дўзахдан сақланинглар”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ ҳар биримизни хайру саховатли бандаларидан қилсин!
Алишер домла НАИМОВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари