Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Май, 2025   |   21 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:01
Пешин
12:25
Аср
17:27
Шом
19:42
Хуфтон
21:12
Bismillah
19 Май, 2025, 21 Зулқаъда, 1446

2. БАҚАРА СУРАСИ, 208–210 ОЯТЛАР

16.11.2020   5936   4 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 208–210 ОЯТЛАР

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱدۡخُلُواْ فِي ٱلسِّلۡمِ كَآفَّةٗ وَلَا تَتَّبِعُواْ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيۡطَٰنِۚ إِنَّهُۥ لَكُمۡ عَدُوّٞ مُّبِينٞ٢٠٨

208. Эй имон келтирганлар, Исломга тўлиғича киринглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у очиқ душманингиздир.

Баъзи муфассирлар (масалан, Замахшарий ва Розий) ушбу ояти карима янги мусулмон бўлган Аҳли китобларга қаратилган, дейишади. Яҳудийлардан бир гуруҳи мусулмон бўлган эди. Улар Исломда туриб ҳам Таврот ҳукмларига амал қилишарди, чунончи шанба куни ибодат қилишар, туя гўшти ва сутини ҳаром деб эътиқодда бўлишар, Таврот ҳам тиловат қилиб туришар эди. Юқоридаги ояти карима шулар хусусида туширилиб: "Исломга кирсангизлар, бу дин ҳукмларига мукаммал итоат қилинглар, баъзисига амал қилиб, баъзисини тарк этманглар" деб буюрилмоқда.

Кўриб турибсизки, гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинишган. Чунки дунё ҳаётининг роҳат-фароғатлари инсонга чиройли кўрсатиб қўйилган. Шайтон ҳамиша уни йўлдан оздиради. Тоат-ибодатдан, солиҳ амаллардан қайтаради. Улар орасига буғзу-адоват, нифоқ солади. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг даъват ва илтижолари асло кирмайди. Кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея улуғларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Бундан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бундан-да осийлик борми?!

فَإِن زَلَلۡتُم مِّنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَتۡكُمُ ٱلۡبَيِّنَٰتُ فَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ٢٠٩

209. Агар сизларга равшан ҳукмлар келганидан кейин ҳам тойиб кетсангизлар, билингларки, Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат эгасидир.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари орқали инсонларга ваҳийларини юборди, фақат Ўзига сиғинишни, ягона Илоҳга бошқа бут-санамларни, ўзга нарсаларни шерик қилмасликни буюрди. Яна У зот имон ва куфрни, ҳидоят ва залолат йўлларини ажратиб берди, ҳалол ва ҳаромни англатди, яхши ишларга амр этди, ёмонликлардан қайтарди. Оқил инсонлар ибрат олсинлар, хулоса чиқарсинлар, дея кўп мўъжизаларни, далил-исботларни кўрсатиб қўйди. Агар шундан кейин ҳам инсонлар ҳақ йўлдан тойиб кетишадиган бўлса, у ҳолда улар Парвардигорнинг аламли жазоси, абадий қийноқларга гирифтор бўлишади. Чунки Аллоҳ таоло буюк қудрат ва ҳикмат эгаси бўлгани учун ҳам оятлари орқали инсонларни мана шундай огоҳлантириб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: "У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсаларга илтижо қилур. Бу қаттиқ адашишнинг ўзидир. У зарари фойдасидан яқинроқ бўлган "кимса"га илтижо қилур. У нақадар ёмон "дўст" ва нақадар ёмон "ошно"дир" (Ҳаж, 12-13).

هَلۡ يَنظُرُونَ إِلَّآ أَن يَأۡتِيَهُمُ ٱللَّهُ فِي ظُلَلٖ مِّنَ ٱلۡغَمَامِ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَقُضِيَ ٱلۡأَمۡرُۚ وَإِلَى ٱللَّهِ تُرۡجَعُ ٱلۡأُمُورُ٢١٠

210. Наҳотки улар фақат Аллоҳнинг ҳамда фаришталарнинг булутлар соясида олдиларига келишини ва ишнинг тугашини кутишаётган бўлса?! Барча ишлар Аллоҳга қайтажакдир.

Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин амр-фармонларини кўра-била туриб ҳам қайсарликлари туфайли уларни бажаришдан бўйин товлайдиган кимсалар ҳам бор. Улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришмаган, Қуръонга ишонишмайди. Бунинг устига улар "Агар Аллоҳ ўз фаришталари билан олдимизга тушсайди, ҳар кимнинг қилмишига яраша жазо ва танбеҳини берса, бўладиган иш бўлақолсайди", деб бетоқат бўлишади. Парвардигор марҳамат этадики, ҳамма иш Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этилади, ҳаммага муносиб муомалани Унинг Ўзи қилади, қачон қилишини ҳам ёлғиз Ўзи билади, инкор этувчилар бетоқат бўлавермасинларки, улар имонсизликларининг қаттиқ азобини тотишлари муқаррардир!

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

Мошина ҳайдовчининг 66 та ОДОБИ

15.05.2025   4767   27 min.
Мошина ҳайдовчининг 66 та ОДОБИ

МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(1-қисм)

МУТАХАССИСЛАР СТАТИСТИКАСИ МАЪЛУМОТЛАРИ:

Ø Дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланмоқда.

Ø Дунё бўйича ҳар куни 100 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олмоқда.

Ø Республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради.

Ø Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда.

Ø Юртимизда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 2282 киши вафот этган.

Ø Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлиллари бўйича 54,5 % ҳодисалар пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда.

 

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ (БМТ) маълумотларига кўра:

è Ҳар йили дунёда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,35 миллион киши ҳалок бўлади, яъни ҳар 24 сонияда бир киши ҳалок бўлади.

 

è Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолиши ҳам қўшилса, фалокат кўлами янада кенгаяди.

 

è Бундай бахтсиз ҳодисалар 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабидир.

 

è Жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этади.

 

è Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар сони бутун дунё бўйлаб, айниқса ривожланаётган мамлакатларда кўпайишда давом этаётганидан хавотир билдириб, 26.10.2005 йилда БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/60/5 - Қарори билан ноябр ойининг учинчи якшанбасини Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилиш таклифини қабул қилди.

 

è Ҳар йили 15 май – БМТ Бош Ассамблеясининг буйруғига биноан Йўл ҳаракати хавфсизлиги глобал ҳафталиги ўтказилади.

 

è БМТ Бош Ассамблеяси 2021-2030 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳаракатлар 10-йиллигини эълон қилиб,

–     йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатларни олдини олиш;

–     10 йил мобайнида камида 50 % га камайтириш;

–     2030 йилга келиб йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим ва жароҳатларнинг камида 50 фоизини олдини олиш

га қаратилган улкан мақсадлар билан

2020 йил сентябр ойида «Бутун дунёда йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш» номли A/RES/74/299 - Резолюциясини қабул қилди.

 

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

Z   «Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен оёқларинг билан зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро сураси 17/37 оят);

 

Z   «Аллоҳ наздида энг азизу мукаррамроғингиз – тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси 49/13 оят);

 

Z   «Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: «даврани кенгайтирингиз!» – дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам керак пайтида кенг жой берур. Яна қачонки, «турингиз!» – дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган барча яхши ва ёмон амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси 58/11 оят);

 

Z   «Кимки бир савобли иш қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси 6/160 оят).

 

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ 

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

¯ «Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради» (Имом Бухорий ривоятлари);

¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;

¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман! Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман! Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

¯ «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;

¯ «Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш» (Муттафақун алайҳ);

¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

¯ «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;

¯ «Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Имом Баззор ривоятлари);

¯ «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;

¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

¯ «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);

¯ «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;

¯ «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);   

¯ «Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир» (Муттафақун алайҳ);

¯ «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;

¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари);

¯ «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

¯ «Поклик – имондандир»;

¯ «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;

¯ «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);

¯ «Одамларга миннатдорчилик изҳор этаолмаган одам, Худога ҳам шукр қилаолмайди» (Имом Термизий ривоятлари);

¯ «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;

¯ «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;

¯ «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни улуғламаган – бизлардан эмас» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);

¯ «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

¯ «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” дейди»;

¯ «Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади»;

¯ «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;

¯ «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);

¯ «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;

¯ «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);

¯ «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

¯ «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;

¯ «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;

¯ «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;

¯ «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;

¯ «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;

¯ «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;

¯ «Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қилади»;

¯ «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;

¯ «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;

¯ «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»;

¯ «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!..» (Имом Бухорий ривоятлари).

 

(1 қисм тугади. Давоми бор...).

Иброҳимжон домла Иномов