Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Исро» (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.
«Меърож» (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.
Маълумки, бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олий, устун ва юксакдир.
Ҳикмати
Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасининг 1-оятида: «...унга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) Ўз мўъжизаларимизни кўрсатиш учун...» [1] деб, марҳамат қилган.
Шундай ҳам бўлди: «Дарҳақиқат, у (Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорининг буюк мўъжизаларини кўрди» (Нажм сураси, 18-оят).
Аллоҳнинг ҳузурида «меҳмон» бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққига чиққан бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга катта тасалли бўлди. Бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.
Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов имтиҳони ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир, мушриклар эса яна доғда қолишди.
Тафсилоти
Жумҳур аҳли сунна вал жамоа уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган.
Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган.
Вақти
Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин (бу ривоят шозз [3] бўлиб, Шарик ибн Абу Намир тарафидан содир этилган хато эканига барча муҳаддислар иттифоқ қилишган[4]);
– пайғамбарликнинг биринчи йили (имом Табарий ихтиёр қилган);
– пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (Имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: «Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман», деган [5]);
– пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли);
– пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли);
– пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган);
– ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли);
– ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти);
– ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли ҳамда, Суддийдан Табарий ва Байҳақий ривоят қилишган);
– ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли);
– ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли);
– ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли);
– ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Оиша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан ривоят қилинган (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин). Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбийлар ривоят қилишган (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин). Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли);
– ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли);
– ҳижратдан олти ой олдин, рамазон ойида (Ҳофиз Абу Рабиъ ибн Солим нақли).
Қайси кунда рўй бергани хусусидаги фикрлар ҳам хилма-хилдир
– 12-рабиул аввал (Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумлар қавли);
– 17-рабиул аввал (Ибн Умар, Оиша, Умму Салама ва Умму Ҳони розийаллоҳу анҳумлар қавли);
– 27-рабиул аввал (Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий қавли);
– Ражаб ойининг биринчи жума кечаси [6] (ровийи номаълум);
– 10-ражаб (Қайс ибн Аббод ривояти);
– 25-ражаб (ровийи номаълум);
– 27-ражаб (Қосим ибн Муҳаммад ривояти);
– 17-рамазон (Ибн Саййидиннас нақли);
– 29-рамазон (ровийи номаълум).
Таҳқиқ (ҳақиқатини аниқлаш)
Исро ва Меърож ҳодисасининг қачон юз бергани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ёки саҳобалардан саҳиҳ асар йўқлигини, шу сабабли муҳаққиқ уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини, натижада, маълумотларни «таржиҳ» [7] қилишганини (яъни, ҳақиқатга яқинини аниқлашганини) айтиб ўтмоқчимиз.
Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий: «Саҳиҳ қавлга кўра [8] Абу Толиб пайғамбарликнинг ўнинчи йили ражаб ойида, Хадича розийаллоҳу анҳо ҳам шу йили рамазон ойида вафот этишган. Бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Ислом уммати беш вақт намоз Исро кечаси фарз қилингани хусусида ижмоъ қилган. Исро сурасининг сиёқи-оқими Исро ҳодисасининг жуда кеч (яъни, Макка даврининг охирги йилларида) юз берганига далолат қилади. Натижада, биз Исро ҳодисаси (пайғамбарликнинг 12-йили, ҳаж мавсумида бўлиб ўтган) «Биринчи ақаба байъати»дан сал олдинроқ бўлган ёки (биринчи ақаба байъати билан пайғамбарликнинг 13-йили, ҳаж мавсумида бўлган) «Иккинчи ақаба байъати» орасида бўлган, деган фикрга келдик, яна Аллоҳ билувчироқ» деган [9].
Ҳофиз Ибн Форис Асбиҳоний Исро воқеасининг ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида бўлганига жазм қилган (ишонч ҳосил қилган ва бир тўхтамга келган эди) [10].
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра: «Исро ва Меърож ҳодисаси йигирма еттинчи ражабда бўлган, деган фикр саҳиҳ бўлмаган хабар ила келгандир. Баъзи одамлар бу ой-кунни рост-тўғри деб қабул қилишганининг гувоҳи бўлдик. Биз буни аниқ ишонч ҳосил қилмаган ва бир тўхтамга келмаган ҳолдагина қабул қиламиз. Сабаби, ровийлар яна Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлганига иттифоқ қилишган», дейди [11].
Имом Нававий бу хусусда икки хил фикрни келтирган. «Равзатут толибин» китобида: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлган», деса, «Фатово»китобида [12]: «Рабиул аввал ойида бўлган», дейди.
Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни Абдул Ғаний Мақдисий ихтиёр қилган. Аммо ҳофиз Абу Исҳоқ Иброҳим Ҳарбий уни инкор этгандир [13], қолаверса, барча муҳаддис уламолар ривоятнинг саҳиҳ эмаслигини бир овоздан таъкидлашган.
Аллома Абу Шома Мақдисий [14], имом Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя[15] каби олимлар: «Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойида бўлгани ҳақидаги ривоят таъдил ва таржиҳ уламолари наздида кизбдир», дейишган.
Ражаб ойининг биринчи жума кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни аллома Ибн Касир: «Асли-асоси йўқ», деган [16].
Хулоса
Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам Меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар» [17].
«Ибн Асийр Жазарий: «Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир», деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилгандир» [18].
Абул Баракот Насафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлган», дейди [19].
Шайх Алоуддин Мансур: «Исро Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлган», деган [20].
Доктор Аҳмад Абу Зайд [21] билан доктор Абдул Азиз Усмон Тувайжирий [22]: «Аржаҳ (ҳақиқатга яқинроқ) сўзга кўра, беш вақт намоз ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) Исро ва Меърож кечаси фарз қилинган», дейишади.
Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: «Мана шу саҳиҳдир», деган», дейди [23].
Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: «Исро ва Меърож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламоларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинса ҳам, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввалда бўлганига ишонса бўлади», дейди [24].
Қози Иёз: «Бир эмас, бир қанча олим Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) юз берганини айтган», дейди [25].
Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган», дейди [26].
Имом Бағавий: «Меърож ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлганига илм аҳли иттифоқ қилган», дейди [27].
Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани «рожиҳ» (ҳақиқатга яқин)дир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябрь ёки октябрь ойига тўғри келади.
Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.
Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила бу ҳодисанинг аниқ вақтини Қадр кечаси каби унуттирди!
Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: «Исро кечасида «рағоиб» намозини ўқиш ўйлаб топилган бўлиб, унинг асли-асоси йўқ», дейди [28].
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: «Исро кечаси тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги даврларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб бу ишни ўтказишган. Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир», дейдилар [29].
Абдул Азим Зиёуддин
_______________________________________
[1] Исро сураси 1-оят.
[2] Нажм сураси 18-оят.
[3] Абу Яъло Халилий «шозз» сўзига қуйидагича таъриф берган: «Шозз» ривоятнинг бор-йўғи битта исноди бўлиб, ровийи ишончли бўладими, бўлмайдими фарқи йўқ. Агар ишончсиз бўлса, ривояти «матрук» бўлиб, қабул қилинмайди. Ровийи ишончли бўлса, ўзида тўхтайди ва ривояти ҳужжатга ярамайди» (Шайх Абдул Карим ибн Абдуллоҳ Хузайр, «Шарҳун нухба» 1/56).
[4] Абу Ҳайён Андалусий, «Ал-баҳрул муҳит» (6/2); Алоуддин Бағдодий, «Тафсирул Хозин» (4/134).
[5] «Ат-тамҳид лима фил муваттои минал маъоний вал асонид» (8/48).
[6] Бу кечани «Рағоиб кечаси» дейишади.
[7] «Таржиҳ» – маълумотлар ичидан кучли, вазни оғир, эҳтимоли кўп ва ҳақиқатга яқинини аниқлаш.
[8] Олусий тафсири, (23/46).
[9] «Ар-раҳиқул махтум».
[10] «Тафсири Олусий», (Алақ сураси тафсири).
[11] «Хотамун набиййин» (2/94), «Зуҳратут тафосир» (1/4322).
[12] Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул Борий», 7-жуз; Муҳаммад Саййид Тантовий, «Ат-тафсирул васит» (1/2590); Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий, «Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод» (3/65).
[13] Ҳофиз ибн Ражаб, «Латоифул маъориф», (233).
[14] «Ан-нофеъул боъис», 116.
[15] «Адоу ма важаб мин баёни вазъил ваззоъийна фи ражаб» (53-бет).
[16] «Ал-бидоя ван ниҳоя», 3/107.
[17] Абу Бакр ибн Абу Шайба ривояти; Ибн Касир, «Ал-бидоя ван ниҳоя» (3/107).
[18] Олусий тафсири (10/357).
[19] «Тафсирун Насафий» (Исро сураси 1-оят тафсири).
[20] «Қуръони карим – ўзбекча изоҳли таржима», Исро сураси 1-оят изоҳи.
[21] «Ас-сийратун набавия» (1/73).
[22] «Ас-сийратун набавия» (1/56).
[23] «Шарҳун нуқоя» (1/180).
[24] «Ас-сийратун набавия дурусун ва ъибарун» (1/461).
[25] «Аш-шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафо» (1/180).
[26] «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий», «Меърож» боби.
[27] «Тафсирул Бағавий» (5/64).
[28] «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий» (6/115).
[29] «Зикр аҳлидан сўранг», 7-сон.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади: «Ҳайз бошланиб қолса, роса алам қилади. Чунки мен намоз ўқишни яхши кўраман, ҳайз эса мени намоздан тўсади. Қайғуларим Рамазонда яна ҳам ортади. Ҳамма рўза тутса, бир ўзим рўза тутмаслигим менга оғир ботади. Бундан ташқари, ўша тутмаган рўзаларимни барибир кейин бир ўзим тутиб беришимга тўғри келади.
Аввалига қалбим хотиржам бўлмас эди. Лекин ҳайз кунларида қила олмаган ибодатларимнинг савоби поклигимда қилиб юрган пайтимдагидек ёзилиб бораверишини билганимдан кейин кўнглим таскин топди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Банда касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, унга муқим ва соғлом пайтида қилиб юрган амалларига ёзилганидек савоб ёзилаверади» (Имом Бухорий ривояти).
Масалан, бир киши доим нафл намоз ўқиб, нафл рўзалар тутиб юрса, кейин бир куни сафарга чиқишга мажбур бўлиб ёки касал бўлиб қолиб, доимги ибодатларини қила олмай қолса, унга соғлом, муқим пайтидаги ибодатларининг савоби ёзилаверади.
Мисол учун, бир киши душанба-пайшанба кунлари рўза тутиб юрса, сафар қилгани учун рўза тута олмаса, ўша кунлардаги рўзасининг савоби барибир ёзилаверади. Яна бир одам суннат ва чошгоҳ намозларини доим ўқиб юрган бўлса, бир неча кун бетоб бўлиб, намозларини ўқий олмаган бўлса ҳам, шу кунлардаги намознинг савоби барибир ёзилаверади. Шунга қиёсан, қиз бола ҳам шаръий узр – ҳайз сабабли доимий ўқиб юрган намозини, тутиб юрган рўзасини адо қила олмаса ҳам, Аллоҳ таоло шаръий узри келишидан олдин доимий қилиб юрган амалларининг савобини ёзиб тураверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотда шундай деганлар: «Ортимизда, Мадинада шундай одамлар борки, биз қайси бир дара ёки водийни босиб ўтмайлик, улар ҳам биз билан бирга бўлдилар, чунки уларни узр ушлаб қолди, холос» (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, хайрли ишни ният қилиб, бажармоқчи бўлган одам узрли сабаб туфайли уни бажара олмаса, ўша амалнинг савоби ёзилаверади. Ҳайз ҳам шаръий узр бўлиб, Аллоҳ таоло уни барча аёлларнинг пешонасига ёзган. Шунинг учун ҳар қандай яхшиликни, ибодатларни бажаришни ният қилган қизни унинг ихтиёрида бўлмаган ҳайз қони амал қилишдан тўсиб қолса, унга ўша амалларнинг савоби ёзилаверади. Ҳайзи сабабли намозни, рўзани тарк этишга мажбур бўлган қизга Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами билан ўша ибодатларни адо этганларга бериладиган савобларни бераверади.
Яна бир қиз айтади: «Ҳайз сабабли эркак зотига ҳасад қилардим, уларга нисбатан гина сақлар эдим. Мен ҳам уларга ўхшаб ҳайзсиз, хотиржам яшашни орзу қилардим.
Лекин қизлар ҳайзнинг жисмоний, маънавий оғриқларини бошдан ўтказганлари учун жуда кўп савобларга эга бўлар экан. Буни билганимдан кейин ичим анча ёришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради» (Имом Бухорий ривояти).
Мўмин бандага етадиган ҳар қандай каттаю кичик мусибат учун унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, қуйидаги мусибатга учрасак, хотиржам бўлайликки, улар туфайли гуноҳларимиз кечирилар экан:
• ҳорғинлик (ҳолсизланиш, меҳнат, ҳатто юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш);
• беморлик;
• ташвиш (ҳали содир бўлмаган ишнинг ғами);
• қайғу (бўлиб ўтган мусибатга сиқилиш);
• озор (ўзгалар тарафидан етадиган ноҳақ жабр-ситам),
• ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгил хира тортиши).
Қиз бола ҳайз келишидан олдин ҳадисда келган мана шу қийинчиликларнинг деярли барчасини бошидан кечиради. Ҳайзда жисмоний зўриқиш бор. Бу – ҳадисда келган ҳорғинликдир. Ҳайз келишидан олдин қиз бола ҳайз келишини ўйлаб сиқилади, эзилади. Бу эса мазкур ҳадисда зикри келган ташвишдир. Қиз бола ҳайз вақтида турли дилихираликлар сабаб маҳзун бўлади. Бу – ҳадисдаги қайғудир. Бу даврда баъзилар унга айнан ҳайз кўраётгани учун ҳам қўпол муомалада бўлади, бечора қиз бундан азият чекади. Бу – ҳадисдаги озордир. Ҳайз келишидан бироз олдин қиз бола ўзидан-ўзи сиқиладиган бўлиб қолади. Бу – ҳадисда келган ғам бўлиб, бирор-бир сабабсиз унинг юраги сиқилаверади.
Кўриб турганингиздек, қиз бола ҳайз даврида табиий касалликдан ташқари, турли мусибатларни бошдан кечиради.
Энди ушбу саволга жавоб беринг:
Бу мусибатларнинг ҳаммаси ҳайз даврига жамланган экан, унга сабр қилиш, рози бўлишнинг савоби қанчалар улкан бўлар экан-а? Демак, аслида қиз бола ҳайз кўришидан хурсанд бўлиши керак эмасми? Чунки бу нарса унинг кўплаб гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлмоқда-ку!
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.