Яхшига мукофот, ёмонга жазо берувчи
١4 - وَلاَ يَمْضِي عَلَى الدَّيَّانِ وَقْتٌ وَأَزْمَانٌ وَأَحْوَالٌ بِحَالِ
Маънолар таржимаси:
Дайёнга бирор вақт ўтмайди, ҳамда замонлар ва ҳолатлардан бирор ҳолат ҳам (ўтмайди).
Назмий баёни:
Дайёнга нисбатан жорий бўлмас вақт,
Шунингдек, замонлару ва бирор ҳолат.
Луғатлар изоҳи:
لاَ – нафий ҳарфи.
يَمْضِي – музориъ феъли, охирида келган ي нинг заммасини билдириб ўқиш оғир бўлгани учун тақдирий замма билан марфуъ ҳисобланади.
عَلَى – “истеъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
الدَّيَّانِ – жор ва мажрур يَمْضِي لاَ феълига мутааллиқ. Луғатда “бўйинсундирувчи”, “ҳукм қилувчи” ва “жазо берувчи” каби маъноларни англатадиган Аллоҳ таолонинг исмларидан бири.
وَقْتٌ – يَمْضِي феълининг фоили. Вақт деганда ўтаётган даврнинг бир бўлаги тушунилади.
أَزْمَانٌ – замонлар деганда кетма-кет келувчи даврлар тушунилади.
أَحْوَالٌ – калимаси حَالٌ нинг кўплик шакли бўлиб “собит бўлмаган сифатлар” маъносини англатади. Яъни вақтинчалик бор бўлиб кейин заволга учрайдиган, ўзгариб турадиган сифатлар ҳол дейилади. Масалан туриш, ўтириш, юриш каби сифатлар.
بِحَالِ – بِ жор ҳарфи في маъносида келган.
Матн шарҳи:
Аллоҳ таолонинг яхшига мукофот, ёмонга жазо бериладиган куннинг подшоҳи экани ҳар намозда такрор-такрор эътироф этиб турилади:
﴿مَٰلِكِ يَوۡمِ ٱلدِّينِ٤﴾
“Жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир”[1].
“Дайён” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири экани ҳадиси-шарифда баён қилинган:
عَنْ أَبِي قَلاَبَةَ قَالَ قاَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ اَلْبِرُّ لَا يَبْلَى وَالْإِثْمُ لَا يُنْسَى وَالدَّيَّانُ لَا يَمُوتُ فَكُنْ كَمَا شِئْتَ كَمَا تَدِينُ تُدَانُ. مُصَنَّفُ عَبْدِ الرَّزَّاقِ
Абу Қалобадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилик эскирмайди, жиноят унутилмайди, Дайён ўлмайди, бас хоҳлаганингдек бўл, қилмишингга яраша жазо оласан”, – дедилар”. Абдурраззоқ “Мусаннаф”да келтирган.
Шарҳ: “Яхшилик”, яъни ўзгаларга қилинган яхшилик ва Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодат, “эскирмайди”, яъни зое кетмайди, “жиноят унутилмайди”, яъни иккиси ҳам дунёю охиратда зикр қилинади, иккисига кўра гўзал мукофотлар ёки ёмон жазолар берилади”[2].
Байтнинг умумий маъноси шуки, замон ва маконлар Аллоҳ таолонинг вужудга келтирган нарсаларидир. Бир пайтлар маконлар ҳам, замонлар ҳам ва турли ҳолатлар ҳам бўлмаган. Сўнгра Аллоҳ таоло уларни йўқдан бор қилган. Унинг йўқдан бор қилган нарсалари Ўзининг устига жорий бўлмайди, балки яралмиш мавжудотларнинг устиларига жорий бўлади.
Мутлақ эҳтиёжсиз Зот
١5 - وَمُسْتَغْنٍ إِلَهِي عَنْ نِسَاءٍ وَأَوْلاَدٍ إِنَاثٍ أَوْ رِجَالِ
Маънолар таржимаси:
Илоҳим аёллардан беҳожатдир ҳамда қиз ё ўғил болалардан ҳам (беҳожатдир).
Назмий баёни:
Роббимиз олийдир муҳтож қолишдан,
Қиз ё ўғил болаю хотин олишдан.
Луғатлар изоҳи:
مُسْتَغْنٍ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар. الاِسْتِغْنَاءُ калимаси “беҳожатликни билдириш” маъносини англатади ва қуйидаги маъноларда ишлатилади:
Албатта, ушбу калима бу ерда учинчи маънода ишлатилган.
إِلَهِي – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Мутакаллим ي сига изофа қилинган.
نِسَاءٍ – калимаси مَرْأَةٌ нинг кўплик шаклидир.
– اَوْلاَدٍ калимаси وَلَدٌ нинг кўплик шакли бўлиб, ўғил болага ҳам, қиз болага ҳам баробар ишлатилади. Худди ўзбек тилидаги фарзанд сўзи ўғил болага ҳам, қиз болага ҳам тенг ишлатилганига ўхшаш.
– اِنَاثٍ бу калима اُنْثَى нинг кўплик шакли бўлиб, “аёллар” маъносини билдиради.اَوْلاَدٍ дан бадал.
– اَوْ “табъийз” (бўлакларга ажратиш) ва “тафсийл” (батафсил баён қилиш) маъносидаги атф ҳарфи.
رِجَالِ – رَجُلٌ калимасининг кўплик шакли бўлиб, бундан ташқари رَجَلَةٌ، رَجْلَةٌ، اَرَاجِلُ ва رِجَالاَت шаклларида ҳам жам бўлади.
Матн шарҳи:
Аллоҳ таоло бирор нарсага муҳтож бўлишдан пок зотдир. У зот на хотин ва на фарзандга муҳтож бўлмайди. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ана шу маънони таъкидлаш учун У зот қиз болаларга ҳам муҳтож эмас, ўғил болаларга ҳам муҳтож эмас, дея батафсил келтираяпти. Аслида, “валадун” калимаси луғавий жиҳатидан ҳам, шаръий жиҳатидан ҳам, ўғил ва қиз фарзандаларнинг барчасини қамраб оладиган калима ҳисобланади. Бунга жинларнинг тилидан ҳикоя тарзда баён қилинган хабар далилдир:
﴿وَأَنَّهُۥ تَعَٰلَىٰ جَدُّ رَبِّنَا مَا ٱتَّخَذَ صَٰحِبَةٗ وَلَا وَلَدٗا٣﴾
“Албатта, буюклиги олий бўлган Роббимиз ўзига бирорта хотин ҳам, фарзанд ҳам тутган эмасдир”[3].
Ушбу оятдаги “фарзанд тутган эмас” сўзи ўғил бола ҳам, қиз бола ҳам тутмаганини билдиради. Бундан олдинги байтда Аллоҳ таолога замон ва бирор ҳолат ўтмаслиги баён қилинган эди. Ушбу байтда эса У зотнинг ҳеч нарсага муҳтож эмаслиги келтирилди. Банданинг Аллоҳ таоло тўғрисидаги эътиқоди қандай бўлиши лозимлиги “Ихлос” сурасида қисқа ва лўнда хабар берилган:
﴿قُلۡ هُوَ ٱللَّهُ أَحَدٌ١ ٱللَّهُ ٱلصَّمَدُ٢ لَمۡ يَلِدۡ وَلَمۡ يُولَدۡ٣ وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ كُفُوًا أَحَدُۢ٤﴾
“(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир”[4].
Бу ояти карималар тўғрисида “Софватут тафосир” китобида қуйидагилар айтилган: “ ... Билингки, Аллоҳ таоло “Ягонадир” дея васф қилинди. Бунинг учта маъноси бор бўлиб, учаласини ҳам У зотга нисбатан қўллаш тўғридир:
Юқорида тавҳид тушунчаси тўғрисида баён қилинган бўлса-да, ушбу ўринда яна Аллоҳ таолонинг аёл ва фарзандларга муҳтож эмаслигининг таъкидланиши “Аллоҳ учтанинг учинчисидир” деган эътиқоддаги кимсаларга раддиядир. Зеро, бундай эътиқоддаги кимсаларнинг кофир бўлишлари Қуръони каримда баён қилинган:
﴿لَّقَدۡ كَفَرَ ٱلَّذِينَ قَالُوٓاْ إِنَّ ٱللَّهَ ثَالِثُ ثَلَٰثَةٖۘ وَمَا مِنۡ إِلَٰهٍ إِلَّآ إِلَٰهٞ وَٰحِدٞۚ وَإِن لَّمۡ يَنتَهُواْ عَمَّا يَقُولُونَ لَيَمَسَّنَّ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ مِنۡهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٌ٧٣﴾
“Аллоҳ Учтанинг (Аллоҳ, Марям ва Исонинг ёки Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳнинг) биридир”, – деганлар (ҳам) кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Агар айтаётган (гап)ларидан қайтмасалар, улар орасидан кофир бўлганларига (охиратда) аламли азоб етиши муқаррардир”[5].
Ушбу оятда баъзи насроний фирқаларнинг “илоҳлик Аллоҳ, Исо ва Марямлар ораларида муштаракдир, уларнинг ҳар бири илоҳдир”, деган эътиқодларининг нотўғри экани ҳамда тўғри эътиқод қандай бўлиши баён қилинган.
Улуғлик ва олийлик эгаси
١6 - كَذَا عَنْ كُلِّ ذِي عَوْنٍ وَنَصْرٍ تَفَرَّدَ ذُو الْجَلاَلِ وَذُو الْمَعَالِ
Маънолар таржимаси:
Шунингдек, барча кўмакчи ва ёрдамчидан ҳам (беҳожатдир). Буюклик соҳиби ва улуғ ишлар соҳиби ягонадир.
Назмий баёни:
Кўмакчию ёрдамчига муҳтожмас асло,
Зул жалолу Мутаолий мутлақо танҳо.
Луғатлар изоҳи:
كَذَا – “ташбеҳ” (ўхшатиш) ҳарфи бўлган كَ ва исми ишора ذَا дан таркиб топган исм бўлиб, олдинги байтга маътуф бўлиб келган.
عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган. Яъни мажрур исм مُسْتَغْنٍ нинг "мафулун биҳи"сидир.
– كُلِّ накра исмга изофа бўлгани учун “истиғроқул жинс”ни ифодалаб келган[6]. Жор мажрур олдинги байтдаги مُسْتَغْنٍ га мутааллиқ.
– ذِي“соҳиб” маъносидаги исм бўлиб, “асмаи ситта”дан бири. Доимо изофа бўлиб келади. Фақат мутакаллим ى га изофа қилинмайди.
– عَوْنٍ луғатда “хизматчи” маъносини англатади.
– نَصْرٍ исми фоил маъносидаги масдар. Яъни نَصْرٌ رَجُلٌ деган сўздан نَاصِرٌ رَجُلٌ маъноси тушунилади.
تَفَرَّدَ – ушбу феъл бирор бир хусусиятда ҳеч бир шериксиз, яккаю ягона бўлишга нисбатан ишлатилади. Нозим Аллоҳ таолони зотида ҳам, сифатларида ҳам ягона эканини ифодалаш учун айнан ушбу феълни ишлатган.
الْجَلاَلِ ذُو – Аллоҳ таолонинг исмларидан бири. ذُو Фоилликка кўра раф бўлиб турибди.
مَعَالِ – бу калима مَعْلاَة нинг кўплик шакли бўлиб, “улуғ ишлар” маъносини англатади.
Матн шарҳи:
Ушбу байт юқоридаги байтнинг давоми бўлиб, Аллоҳ таоло Ўзига хотин ва фарзанд тутишдан холи бўлганидек, бирор бир кўмакчи ва ёрдамчига муҳтож бўлишдан ҳам холи деган маънони англатади. Зеро, Аллоҳ таоло бутун оламлардан беҳожат зотдир. Ушбу ҳақиқат Қуръони каримда шундай ифода қилинган:
﴿وَقُلِ ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِي لَمۡ يَتَّخِذۡ وَلَدٗا وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ شَرِيكٞ فِي ٱلۡمُلۡكِ وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ وَلِيّٞ مِّنَ ٱلذُّلِّۖ وَكَبِّرۡهُ تَكۡبِيرَۢا١١١﴾
“Ҳамд фарзанд тутмаган, подшоҳлигида шериги йўқ, хорликдан (қутқарувчи) дўсти бўлмаган (яъни ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган) зот – Аллоҳга хосдир”, – денг ва (улуғлаб) Унга такбир айтинг!”[7].
Яъни фарзанд тутишдан холи бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин, ибодат қилинишга ҳақли эканида шериги бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин, бутун оламлардан беҳожат бўлган, шунинг учун ҳеч қачон бирор дўст ё кўмакчига муҳтож бўлмайдиган Аллоҳга ҳамд бўлсин, дегин. Ҳамда Уни мутлақо улуғлагин, Уни олий ва буюк сифатлари билан зикр қилгин.
Мазкур маъноларни тўлдирувчи маълумотлар 2-байтнинг шарҳида айтиб ўтилди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ҚАЙТА ТИРИЛИШГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ:
Иймон рукнларидан бири;
Қиёмат аломатлари;
Қиёмат кунидаги воқеалар тартиби;
[1] Фотиҳа сураси, 3-оят.
[2] Мулла Али Қори. Шарҳу Муснади Аби Ҳанифа 1-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 273.
[3] Жин сураси, 3-оят.
[4] Ихлос сураси, 1, 4-оятлар.
[5] Моида сураси, 73-оят.
[6] Бу ҳақидаги маълумот 3-байтнинг изоҳида баён қилинди.
[7] Исро сураси, 111-оят.
Жаннат аҳлига ваъда қилинган абадий неъматлар ҳақида ҳам узоқ фикр эт, қалбинг умидга тўлсин. Нафсингни хавф қамчиси билан ҳайдаб, умид билан жиловла ва сиротул мустақимга йўлла. Ана шунда буюк мулкка етасан, аламли азобдан халос бўласан.
Аҳли жаннат хусусида, уларнинг юзларида акс этган неъматлар жилваси, мушк билан муҳрланган май ила қондирилишлари ҳақида ўйлаганмисан?! Жаннат аҳли оқ дурдан тикилган чодирлар ичида, қизил ёқутдан бўлган минбарларда, яшил болишлар ва гиламлар устида, май ва асал оқаётган дарёлар бўйида қурилган сўриларда ястаниб ўтирурлар. Уларнинг атрофида хизматга ҳозир ғуломлар ва ҳеч қачон қаримайдиган болалар бўлур. Жаннат оҳу кўзли, хушхулқ ва гўзал юзли аёллар билан зийнатланган. Ёқут ва маржондек нафис бу бокираларга илгари на бир инс ва на бир жин тегинган...
Уларнинг эгнидаги оппоқ ипак кўзларни қамаштиради. Бошларидаги инжу ва маржонлар қадалган тожлари ундан-да нурафшон. Ишвалари сокинлик ва осудалик билан безанган юзлар қариб қолиш каби ноқисликлардан холи. Улар жаннат боғчаларининг ўртасида ёқутдан бунёд этилган чодирда ёлғиз бўлурлар.
Уларнинг ҳузурида борлиғи ҳаё билан тўсилган мусаффо оҳу кўз ҳурлар бор. Устларида эса мангу ёш болалар оқар чашмадан қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. Яна улар учун худди садаф ичида яшириб қўйилган гавҳар мисоли оҳу кўз ҳурлар бордир. Бу ҳурлар жаннат аҳлининг дунё ҳаётида қилиб ўтган солиҳ амалларининг мукофотидир. Улар жаннатнинг чашмалар, дарёлар оқиб турган эмин мақомида, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда Маликул Карим Парвардигорининг жамолига боқадилар. Уларнинг юзларида неъматлар жилваси порлайди. Уларга на бир заифлик, на бир хорлик етади. Балки улар Парвардигори томонидан ёғдирилаётган турли неъматлардан бахтиёр, ўзлари истаган масканда абадий қолгувчидирлар. Уларга у ерда на бир хавф, на бир ҳазинлик етмас, балки балою фалокатлардан омондадирлар.
Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади. Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут, маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар, шунингдек, ичида муҳрланган май, аралашмаси чучук салсабил бўлган майкосалар келтирилади. У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг майинлиги ва қирмизи рангги косанинг ташқари томонидан билиниб туради. Чунки, бу одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз. Майкосалар чеҳрасидан нур ёғилаётган ходимлар кафтида (жаннат аҳлига узатилган ҳолда) туради.
Ҳа, ходимларнинг нур порлаётган юзлари қуёшга ўхшайди, фақат, у юзлардаги ҳаловат, у кўзлардаги ҳусну малоҳат қуёшда не қилсин!
Ажабо! Охират диёрининг бу сифатларига, бу диёр аҳлининг ўлмаслигига ва жаннат аҳлининг кутилмаган ўзгариш, офат-балолардан омонда эканлигига аниқ ишонган киши, қандай қилиб, охири харобаликка юз тутувчи бу ўткинчи дунёни ўзига дўст билиши мумкин?! Қандай қилиб, у диёр лаззатини, бу дунё лаззатига алмаштириш мумкин?!
Аллоҳга қасамки, агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлса-ю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди. Нега энди охират диёри бу дунёдан устун қўйилмасин? Ахир, жаннат аҳли ҳар қандай хавфдан омон подшоҳлардир. Улар турли-туман неъматлар ичида шод-хуррам, хоҳлаган неъматлари олдида муҳайё! Улар ҳар куни Арш ёнида ҳозир бўлиб, Аллоҳнинг дийдорига назар соладилар...
Абу Ҳурайра Расули акрам алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Мунодий нидо қилади: "Эй жаннат аҳли! Энди сиз ҳамиша соғломсиз, ҳеч қачон дардга чалинмайсиз, ҳамиша тириксиз, ҳеч қачон ўлмайсиз. Доимо ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз. Албатта, сиз саодатли бўласиз, ҳеч қачон бахтсизликка йўлиқмайсиз"» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дейди: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Аъроф, 43-оят).
Жаннат сифатлари билан танишмоқчи бўлсанг, Қуръон ўқи. Жаннат ҳақида Аллоҳ таолонинг баёнидан улуғроқ баён борми?!
«Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятидан то сура охиригача, шунингдек, Воқеа ва бошқа сураларни ҳам ўқи, жаннат ҳақидаги хабарларнинг тафсилотига боқ! Аввало, жаннатнинг сони билан боғлиқ жиҳатларга эътиборингни қарат. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳмон сурасидаги «Парвардигори (ҳузурида) туришидан қўрққан киши учун икки жаннат бордир» ояти хусусида дейдилар: «Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари кумушдан. Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари олтиндан. «Адн» дейилмиш мангу жаннатда аҳли жаннат ва Парвардигорининг орасида кибриё ридосигина бўлур» (Муттафақун алайҳ).
Кейин жаннат эшикларини тасаввур қил. Уларнинг сони тоатингга яраша. Яъни, қайси мўминнинг Аллоҳ таолога итоати кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жаҳаннам эшикларининг сони ҳам кишининг маъсиятига мувофиқ бўлади. Яъни, инсон Аллоҳ таолога қанча кўп итоатсизлик қилса, унга шунча кўп дўзах эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Кимки Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани инфоқ қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чорланади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Кимки аҳли намоз бўлса, «Бобус солат» (Намоз эшиги)дан, рўза аҳли «Бобус сиям» (Рўза эшиги)дан, аҳли садақа бўлса, «Бобус садақа» (Садақа эшиги)дан, аҳли жиҳод бўлса, «Бобул жиҳод» (Жиҳод эшиги)дан ичкарига чорланади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг барчасидан чорланадиган киши ҳам борми?
– Ҳа, сен ўшалардан бири бўлишингни умид қиламан, дедилар Набий алайҳиссалом» (Муттафақун алайҳ).
Осим ибн Замра Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилади: «Ҳазрати Али дўзахни эслатди. Шундай бир қўрқинч билан эслатдики, унинг даҳшатидан ҳозир қўрқинчдан бошқаси хотиримдан кўтарилди. Кейин шу оятни ўқиди: «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга киритиладилар. Қачонки улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» деганларида (улар беҳад шодланурлар)» (Зумар, 73-оят).
Сўнгра кейинги чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларга неъматлар жилваси ёғилади. Бадандаги туклардан мудом хуш бўйлар таралади. Сочлар гўё атирли мой сурилгандек бир текис, тартибли. Кейин улар жаннатга етиб келадилар. Жаннат қўриқчилари уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» – дейишади.
Сўнг вилдон – мангу ёш болалар уларни қарши олишиб, атрофида айланишади, бамисоли, дунё болалари узоқ вақт кўрмаган яқинларини соғинч билан кутиб олиб, атрофида айланишганлари каби. Улар аҳли жаннатга: «Қувонинг, шодланинг! Қаранг, Аллоҳ таоло сизга шунчалик неъматни ато қилибди!» – дея суюнчилашади».
Ровий дейди: «Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳли завжаларидан бўлган оҳу кўз ҳурлардан бирига: «Фалончи келди!» деб у жаннатийнинг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўз ҳур:
– Сен уни аниқ кўрдингми? – деб сўрайди.
– Ҳа, аниқ кўрдим, мана у изимдан келяпти, – дейди у. Ўшанда у ҳур севинчдан шу даражада енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги бўсағасида ҳозир бўлади. Жаннатий банда ўз масканига етиб, маржонлардан иборат соҳил устига қурилган қизил, сариқ, яшил каби турфа рангда товланаётган кўшкка назари тушади. Бошини кўтариб, чақмоқдан чақнаётган кўшкнинг шифтига аста қарайди. Агар Аллоҳ таолонинг тақдири бўлмаганида бу ёрқинлик унинг кўзини кўр қилган бўлар эди. Кўзини шифтдан олар экан, қошида завжаларини, булоқ бўйига қўйилган қадаҳларни, тизиб қўйилган ёстиқларни ва тўшалган гиламларни кўради. Сўнгра уларга суяниб: «...Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот-Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик...» – дейди (Аъроф, 43-оят).
Кейин мунодий нидо қилади: «Мангу ҳаётсиз, ҳаргиз ўлмайсиз. Доимо бунда муқимсиз, ҳеч қачон кетмайсиз. Ҳамиша саломатсиз, ҳеч қачон хасталанмайсиз».
Расули акрам алайҳиссалом дедилар: «Қиёмат куни жаннат эшиги олдида ҳозир бўламан, унинг очилишини сўрайман. Шунда жаннат қўриқчилари:
– Ким у? – дейди.
– Муҳаммад! – дейман.
– Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – дейди у» (Муслим ривояти).
Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши тўғрисида ҳам фикр эт. Чунки, охират даража жиҳатидан энг юксак, афзаллиги жиҳатидан энг улуғ мезондир. Одамлар тоатларнинг зоҳирий кўринишида ва ботиний хулқда бир-биридан фарқлангани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсанг, жидду жаҳд қил, токи Оллоҳ таолога итоат қилишда ҳеч ким сендан ўзиб кетолмасин. Ахир, Оллоҳ таоло айни шу майдонда сенга мусобақа ва рақобатни буюрган-ку!
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ер кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз...» (Ҳадид, 21-оят).
«У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун, 26-оят).
Ажабо! Яқинларинг ё қўшниларингдан бирортаси бойиб кетса ёки иморатини баланд қилиб кўтарса, сиқиласан, қийналасан. Ҳасад туфайли ҳаётинг аччиқ зардобга айланади. Лекин энг олий қароргоҳда, жаннатда шундай яқинларинг ёки қўшнилар борки, улар ўз фазилатлари билан аллақачон сендан ўзиб кетди. Бу фазилатларга дунё ва ундаги жамики нарсалар ҳам бас келолмайди.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк аҳли жаннатийларга, бамисоли узоқ уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек бўлиб кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули, улар пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдиган манзилми? – дея сўрашди.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Оллоҳга иймон келтирган ва мурсалларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир» (Муттафақун алайҳ).
Расули акрам бу ҳақда яна шундай деганлар: «Жаннатдаги баланд даража эгаларини улардан қуйидагилар худди осмон уфқларида порлаган юлдузларни кўргандай кўрадилар. Абу Бакр ва Умар шулардандир...» (Термизий ривояти).
Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом бизга:
– Сизларга жаннат кўшкларининг хабарини берайми? – дедилар.
– Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, хабарини беринг, – дедик.
– Жаннатда ҳамма томони гавҳардан бунёд қилинган кўшклар бор. Бу кўшклар шу даражада шаффофки, ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради. Кўшк ичкарисида на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хотирига келган бир неъмат, туганмас лаззат, адоқсиз сурур бор, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, бу кўшклар ким учун ҳозирланган? – сўрадим.
– Шундай бир киши учунки, у саломни ёяди, таом едиради, давомли рўза тутади, тунда одамлар уйқуга ғарқ пайтда намоз ўқийди, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, буларни ким бажара олади? – дедик.
– Умматим бу ишларни бажаришга қодир. Улар ҳақида сизларга хабар берайинми? Ким биродарига йўлиққан пайтда салом берса ё алик олса, демак у саломни ёйган бўлади. Кимки аҳли оиласини тўйгунча озиқлантирса, таом едирувчилар жумласидан бўлади. Кимки рамазон ойида ва ҳар ойнинг уч кунида рўзадор бўлса, давомли рўза тутган ҳисобланади. Кимки хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилса, тунда одамлар яъни, яҳудийлар, насоралар ва мажусийлар уйқуда пайтда намоз ўқиган бўлади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Абу Наим ривояти).
Аллоҳ таолонинг: «...абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур» (Саф, 12) ояти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Расули акрам дедилар: «Покиза масканлар – маржонлардан бунёд қилинган қасрлардир. Ҳар бир қасрда қирмизи ёқутдан бўлган етмишта ҳовли, ҳар ҳовлида яшил зумраддан бўлган етмишта уй, ҳар уйда бир тахт, ҳар тахтда барча ранглардан уйғун етмишта тўшак, ҳар тўшакда оҳу кўзли ҳурлардан бир жуфти ҳалол бор. Ҳар уйда етмишта дастурхон, ҳар дастурхонда етмиш хил таом бор. Ҳар уйда етмишта ходима бор. Мўмин кишига ҳар куни эрталаб шундай бир қувват бериладики, кун давомида ходимларнинг барчаси билан қўшилишга қодир бўлади» (Абу Шайх ривояти).
Абу Ҳомид Ғаззолий "Иҳё улумуд дин (Сўнгги манзил зикри)" китобидан