Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Январ, 2025   |   14 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:39
Bismillah
14 Январ, 2025, 14 Ражаб, 1446

Эътиқод дурдоналари: ЯХШИГА МУКОФОТ ЁМОНГА ЖАЗО БЕРУВЧИ. МУТЛАҚ ЭҲТИЁЖСИЗ ЗОТ. УЛУҒЛИК ВА ОЛИЙЛИК ЭГАСИ.

14.11.2020   2975   11 min.
Эътиқод  дурдоналари: ЯХШИГА МУКОФОТ ЁМОНГА ЖАЗО БЕРУВЧИ. МУТЛАҚ ЭҲТИЁЖСИЗ ЗОТ. УЛУҒЛИК ВА ОЛИЙЛИК ЭГАСИ.

 

Яхшига мукофот, ёмонга жазо берувчи

 

١4 - وَلاَ يَمْضِي عَلَى الدَّيَّانِ وَقْتٌ     وَأَزْمَانٌ وَأَحْوَالٌ بِحَالِ

Маънолар таржимаси:

Дайёнга бирор вақт ўтмайди, ҳамда замонлар ва ҳолатлардан бирор ҳолат ҳам (ўтмайди).

Назмий баёни:

Дайёнга нисбатан жорий бўлмас вақт,

Шунингдек, замонлару  ва бирор  ҳолат.

Луғатлар изоҳи:

لاَ – нафий ҳарфи.

يَمْضِي – музориъ феъли, охирида келган ي нинг заммасини билдириб ўқиш оғир бўлгани учун тақдирий замма билан марфуъ ҳисобланади. 

عَلَى – “истеъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.

الدَّيَّانِ – жор ва мажрур يَمْضِي لاَ феълига мутааллиқ. Луғатда “бўйинсундирувчи”, “ҳукм қилувчи” ва “жазо берувчи” каби маъноларни англатадиган Аллоҳ таолонинг исмларидан бири.

وَقْتٌ – يَمْضِي феълининг фоили. Вақт деганда ўтаётган даврнинг бир бўлаги тушунилади.

 أَزْمَانٌ – замонлар деганда кетма-кет келувчи даврлар тушунилади.

أَحْوَالٌ – калимаси حَالٌ нинг кўплик шакли бўлиб “собит бўлмаган сифатлар” маъносини англатади. Яъни вақтинчалик бор бўлиб кейин заволга учрайдиган, ўзгариб турадиган сифатлар ҳол дейилади. Масалан туриш, ўтириш, юриш каби сифатлар.

بِحَالِ – بِ жор ҳарфи في маъносида келган.

Матн шарҳи:

Аллоҳ таолонинг яхшига мукофот, ёмонга жазо бериладиган куннинг подшоҳи экани ҳар намозда такрор-такрор эътироф этиб турилади:

﴿مَٰلِكِ يَوۡمِ ٱلدِّينِ٤

“Жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир”[1].   

Дайён” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири экани ҳадиси-шарифда баён қилинган:  

عَنْ أَبِي قَلاَبَةَ قَالَ قاَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ اَلْبِرُّ لَا يَبْلَى وَالْإِثْمُ لَا يُنْسَى وَالدَّيَّانُ لَا يَمُوتُ فَكُنْ كَمَا شِئْتَ كَمَا تَدِينُ تُدَانُ.  مُصَنَّفُ عَبْدِ الرَّزَّاقِ

Абу Қалобадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Яхшилик  эскирмайди, жиноят унутилмайди, Дайён ўлмайди, бас хоҳлаганингдек бўл, қилмишингга яраша жазо оласан, – дедилар”.  АбдурраззоқМусаннафда келтирган.

Шарҳ: “Яхшилик”, яъни ўзгаларга қилинган яхшилик ва Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодат, “эскирмайди”, яъни зое кетмайди, “жиноят унутилмайди”, яъни иккиси ҳам дунёю охиратда зикр қилинади, иккисига кўра гўзал мукофотлар ёки ёмон жазолар берилади”[2].

Байтнинг умумий маъноси шуки, замон ва маконлар Аллоҳ таолонинг вужудга келтирган нарсаларидир. Бир пайтлар маконлар ҳам, замонлар ҳам ва турли ҳолатлар ҳам бўлмаган. Сўнгра Аллоҳ таоло уларни йўқдан бор қилган. Унинг йўқдан бор қилган нарсалари Ўзининг устига жорий бўлмайди, балки яралмиш мавжудотларнинг устиларига жорий бўлади.

 

Мутлақ эҳтиёжсиз Зот

 

١5 - وَمُسْتَغْنٍ إِلَهِي عَنْ نِسَاءٍ     وَأَوْلاَدٍ إِنَاثٍ أَوْ رِجَالِ

Маънолар таржимаси:

Илоҳим аёллардан беҳожатдир ҳамда қиз ё ўғил болалардан ҳам (беҳожатдир).

Назмий баёни:

Роббимиз олийдир муҳтож қолишдан,

Қиз ё ўғил болаю хотин олишдан.

Луғатлар изоҳи:

مُسْتَغْنٍ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар. الاِسْتِغْنَاءُ калимаси “беҳожатликни билдириш” маъносини англатади ва қуйидаги маъноларда ишлатилади:

  1. Бирор нарсадан эҳтиёжи қонганлиги туфайли ундан беҳожат эканини билдириш;
  2. Аслида муҳтож бўлган нарсадан айрим сабабларга кўра ўзини беҳожат қилиб кўрсатиш;
  3. Мутлақ эҳтиёжсизликни билдириб қўйиш.

Албатта, ушбу калима бу ерда учинчи маънода ишлатилган. 

إِلَهِي – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Мутакаллим ي сига изофа қилинган. 

نِسَاءٍ – калимаси مَرْأَةٌ  нинг кўплик шаклидир.

اَوْلاَدٍ  калимаси وَلَدٌ нинг кўплик шакли бўлиб, ўғил болага ҳам, қиз болага ҳам баробар ишлатилади. Худди ўзбек тилидаги фарзанд сўзи ўғил болага ҳам, қиз болага ҳам тенг ишлатилганига ўхшаш.

اِنَاثٍ  бу калима اُنْثَى нинг кўплик шакли бўлиб, “аёллар” маъносини билдиради.اَوْلاَدٍ   дан бадал.

– اَوْ “табъийз” (бўлакларга ажратиш)  ва “тафсийл” (батафсил баён қилиш) маъносидаги атф ҳарфи.

رِجَالِ – رَجُلٌ калимасининг кўплик шакли бўлиб, бундан ташқари رَجَلَةٌ، رَجْلَةٌ، اَرَاجِلُ ва رِجَالاَت шаклларида ҳам жам бўлади.

Матн шарҳи:

Аллоҳ таоло бирор нарсага муҳтож бўлишдан пок зотдир. У зот на хотин ва на фарзандга муҳтож бўлмайди. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ана шу маънони таъкидлаш учун У зот қиз болаларга ҳам муҳтож эмас, ўғил болаларга ҳам муҳтож эмас, дея батафсил келтираяпти. Аслида,  “валадун” калимаси луғавий жиҳатидан ҳам, шаръий жиҳатидан ҳам,  ўғил ва қиз фарзандаларнинг барчасини қамраб оладиган калима ҳисобланади. Бунга жинларнинг тилидан ҳикоя тарзда баён қилинган хабар далилдир: 

﴿وَأَنَّهُۥ تَعَٰلَىٰ جَدُّ رَبِّنَا مَا ٱتَّخَذَ صَٰحِبَةٗ وَلَا وَلَدٗا٣

“Албатта, буюклиги олий бўлган Роббимиз ўзига бирорта хотин ҳам, фарзанд ҳам тутган эмасдир”[3].  

Ушбу оятдаги  “фарзанд тутган эмас” сўзи ўғил бола ҳам, қиз бола ҳам тутмаганини билдиради. Бундан олдинги байтда Аллоҳ таолога замон ва бирор ҳолат ўтмаслиги баён қилинган эди. Ушбу байтда эса У зотнинг ҳеч нарсага муҳтож эмаслиги келтирилди. Банданинг Аллоҳ таоло тўғрисидаги эътиқоди қандай бўлиши лозимлиги “Ихлос” сурасида қисқа ва лўнда хабар берилган: 

﴿قُلۡ هُوَ ٱللَّهُ أَحَدٌ١ ٱللَّهُ ٱلصَّمَدُ٢ لَمۡ يَلِدۡ وَلَمۡ يُولَدۡ٣ وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ كُفُوًا أَحَدُۢ٤

(Эй Муҳаммад!)  Айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз,  ҳожатбарор)дир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир”[4].   

Бу ояти карималар тўғрисида “Софватут тафосир” китобида қуйидагилар айтилган: “ ... Билингки, Аллоҳ таоло “Ягонадир” дея васф қилинди. Бунинг учта маъноси бор бўлиб, учаласини ҳам У зотга нисбатан қўллаш тўғридир:

  1. У ягонадир, иккинчиси йўқдир. Яъни бу сўз ададни рад этади.
  2. У ягонадир, тенги ва шериги йўқдир. Бу худди “фалончи ўз асрида ягона” деган сўздан “унга тенг келадигани йўқ” маъноси тушунилгани кабидир.
  3. У ягонадир, қисмланмайди ҳам, бўлинмайди ҳам...

Юқорида тавҳид тушунчаси тўғрисида баён қилинган бўлса-да, ушбу ўринда яна Аллоҳ таолонинг аёл ва фарзандларга муҳтож эмаслигининг таъкидланиши “Аллоҳ учтанинг учинчисидир” деган эътиқоддаги кимсаларга раддиядир. Зеро, бундай эътиқоддаги кимсаларнинг кофир бўлишлари Қуръони каримда баён қилинган: 

﴿لَّقَدۡ كَفَرَ ٱلَّذِينَ قَالُوٓاْ إِنَّ ٱللَّهَ ثَالِثُ ثَلَٰثَةٖۘ وَمَا مِنۡ إِلَٰهٍ إِلَّآ إِلَٰهٞ وَٰحِدٞۚ وَإِن لَّمۡ يَنتَهُواْ عَمَّا يَقُولُونَ لَيَمَسَّنَّ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ مِنۡهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٌ٧٣

“Аллоҳ Учтанинг (Аллоҳ, Марям ва Исонинг ёки Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳнинг) биридир”, – деганлар (ҳам) кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Агар айтаётган (гап)ларидан қайтмасалар, улар орасидан кофир бўлганларига (охиратда) аламли азоб етиши муқаррардир”[5].

Ушбу оятда баъзи насроний фирқаларнинг “илоҳлик Аллоҳ, Исо ва Марямлар ораларида муштаракдир, уларнинг ҳар бири илоҳдир”, деган эътиқодларининг нотўғри экани ҳамда тўғри эътиқод қандай бўлиши баён қилинган.  

 

Улуғлик ва олийлик эгаси

 

١6 - كَذَا عَنْ كُلِّ ذِي عَوْنٍ وَنَصْرٍ     تَفَرَّدَ ذُو الْجَلاَلِ وَذُو الْمَعَالِ

Маънолар таржимаси:

Шунингдек, барча кўмакчи ва ёрдамчидан ҳам (беҳожатдир). Буюклик соҳиби ва улуғ ишлар соҳиби ягонадир.

 

Назмий баёни:

Кўмакчию ёрдамчига муҳтожмас асло,

Зул жалолу Мутаолий мутлақо танҳо.

Луғатлар изоҳи:

كَذَا – “ташбеҳ” (ўхшатиш) ҳарфи бўлган كَ ва исми ишора ذَا дан таркиб топган исм бўлиб, олдинги байтга маътуф бўлиб келган.

عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган. Яъни мажрур исм مُسْتَغْنٍ нинг "мафулун биҳи"сидир.

كُلِّ накра исмга изофа бўлгани учун “истиғроқул жинс”ни ифодалаб келган[6]. Жор мажрур олдинги байтдаги مُسْتَغْنٍ га мутааллиқ.

 – ذِي“соҳиб” маъносидаги исм бўлиб, “асмаи ситта”дан бири. Доимо изофа бўлиб келади. Фақат мутакаллим ى га изофа қилинмайди.

عَوْنٍ луғатда “хизматчи” маъносини англатади.

نَصْرٍ исми фоил маъносидаги масдар. Яъни نَصْرٌ رَجُلٌ деган сўздан نَاصِرٌ رَجُلٌ маъноси тушунилади.

تَفَرَّدَ – ушбу феъл бирор бир хусусиятда ҳеч бир шериксиз, яккаю ягона бўлишга нисбатан ишлатилади. Нозим Аллоҳ таолони зотида ҳам, сифатларида ҳам ягона эканини ифодалаш учун айнан ушбу феълни ишлатган.

الْجَلاَلِ ذُو – Аллоҳ таолонинг исмларидан бири. ذُو Фоилликка кўра раф бўлиб турибди.

مَعَالِ – бу калима مَعْلاَة  нинг кўплик шакли бўлиб, “улуғ ишлар” маъносини англатади.

Матн шарҳи:

Ушбу байт юқоридаги байтнинг давоми бўлиб, Аллоҳ таоло Ўзига хотин ва фарзанд тутишдан холи бўлганидек, бирор бир кўмакчи ва ёрдамчига муҳтож бўлишдан ҳам холи деган маънони англатади. Зеро, Аллоҳ таоло бутун оламлардан беҳожат зотдир. Ушбу ҳақиқат Қуръони каримда шундай ифода қилинган:   

﴿وَقُلِ ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ ٱلَّذِي لَمۡ يَتَّخِذۡ وَلَدٗا وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ شَرِيكٞ فِي ٱلۡمُلۡكِ وَلَمۡ يَكُن لَّهُۥ وَلِيّٞ مِّنَ ٱلذُّلِّۖ وَكَبِّرۡهُ تَكۡبِيرَۢا١١١

“Ҳамд фарзанд тутмаган, подшоҳлигида шериги йўқ, хорликдан (қутқарувчи) дўсти бўлмаган (яъни ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган) зот – Аллоҳга хосдир”, – денг ва (улуғлаб) Унга такбир айтинг!”[7]

Яъни фарзанд тутишдан холи бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин, ибодат қилинишга ҳақли эканида шериги бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин, бутун оламлардан беҳожат бўлган, шунинг учун ҳеч қачон бирор дўст ё кўмакчига муҳтож бўлмайдиган Аллоҳга ҳамд бўлсин, дегин. Ҳамда Уни мутлақо улуғлагин, Уни олий ва буюк сифатлари билан зикр қилгин.

Мазкур маъноларни тўлдирувчи маълумотлар 2-байтнинг шарҳида айтиб ўтилди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҚАЙТА ТИРИЛИШГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ:

Иймон рукнларидан бири;

Қиёмат аломатлари;

Қиёмат кунидаги воқеалар тартиби;

 

[1] Фотиҳа сураси, 3-оят.

[2] Мулла Али Қори. Шарҳу Муснади Аби Ҳанифа 1-жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 273.

[3] Жин сураси, 3-оят.

[4] Ихлос сураси, 1, 4-оятлар.

[5] Моида сураси, 73-оят.

[6] Бу ҳақидаги маълумот 3-байтнинг изоҳида баён қилинди.

[7] Исро сураси, 111-оят.

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Дуоларнинг таъсирлари баёни

10.01.2025   7393   10 min.
Дуоларнинг таъсирлари баёни

 - 58وَلِلدَّعَوَاتِ تَأْثِيرٌ بَلِيغٌ وَقَدْ يَنْفِيهِ أَصْحَابُ الضَّلاَلِ

 

Маънолар таржимаси: Дуоларнинг етук таъсири бордир, гоҳида адашганлар уни инкор қиладилар.


Назмий баёни:

Дуоларнинг етук таъсирлари бор,
Адашганларгина қиларлар инкор.


Луғатлар изоҳи:

لِ – жор ҳарфи فِي маъносида келган.

دَعَوَاتِ – калимаси دَعْوَةٌ нинг кўплик шакли бўлиб, луғатда “илтижолар” маъносини англатади. Жор ва мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабардир.

تَأْثِيرٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо.

بَلِيغٌ – сифат. Ушбу калимада дуонинг таъсирга сабаб эканига ишора бор. Чунки таъсир, аслида, Аллоҳ таолонинг яратиши билан вужудга келади.

وَ – “ҳолия” маъносида келган.

قَدْ – “тақлилия” (чеклаш) маъносида келган.

يَنْفِيهِ – феъл ва мафъул. نَفِي калимаси луғатда “бир четга суриб қўйиш” маъносига тўғри келади.

اَصْحَابُ – фоил. Бу калима صَاحِب нинг кўплик шакли бўлиб, “лозим тутувчилар” маъносига тўғри келади.

الضَّلاَلِ – музофун илайҳ. Ушбу изофада لِ жор ҳарфи муқаддар бўлган[1]. “Залолат” калимаси “тўғри йўлдан адашиш” маъносида ишлатилади.

 

Матн шарҳи:

Дуо луғатда “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши, дуо деб аталади”[2].

Мўмин бандаларнинг қилган дуоларида ўзларига ҳам, агар марҳумлар ҳақларига дуо қилаётган бўлсалар, уларга ҳам манфаатлар етади. Дуоларнинг таъсири борлигини адашган кимсаларгина инкор қиладилар. Матндаги “залолатдагилар” деган сўздан мўътазилий тоифаси кўзда тутилган. Чунки мўътазилий тоифаси бу масалада ҳам Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид даъволарни қилган.

Дуоларнинг таъсирини инкор этадиганлар бир қанча далилларни келтиришган. Масалан, ояти карималарда ҳар бир инсонга ўзи қилгандан бошқа нарса йўқлиги баён қилинган:

“Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур”[3].

Бошқа бир оятда эса киши ўзининг қилган яхши ишлари туфайли мукофотга эришса, ёмон қилмишлари сабабли жазоланиши баён этилган:

“Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир”[4].

Ушбу ояти карималарда ҳар бир кишининг кўрадиган манфаатлари бошқаларнинг қилган дуо ва хайрли ишларидан эмас, фақат ўзининг қилган ишларидан бўлиши баён қилинган, бу эса дуоларнинг таъсири йўқлигига далолат қилади, – дейишган.


Дуоларнинг таъсирларини инкор этувчиларга раддиялар

Дуоларнинг таъсирларини инкор этувчилар келтиришган юқоридаги ва ундан бошқа далилларига батафсил жавоблар берилган. “Талхису шарҳи ақидатит-Таҳовий” китобида қуйидагича жавоб келган: "Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур" маъносидаги оятда баён қилинганидек, ҳақиқатда инсон ўз сайи-ҳаракати ва яхши феъл-атвори билан дўстлар орттиради, уйланиб бола-чақали бўлади, инсонларга меҳр-муҳаббат кўрсатади ва кўплаб яхши ишларни амалга оширади. Шунга кўра инсонлар уни яхшилик билан эслаб, унга Аллоҳ таолодан раҳмат сўраб дуо қилсалар, тоат-ибодатларнинг савобларини унга ҳадя қилсалар, буларнинг барчаси бировнинг эмас, аслида, ўз сайи-ҳаракатининг натижаси бўлади.

Иккинчи далил бўлган "Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир", маъносидаги оят ҳам юқоридаги каби оят бўлиб, ҳар бир киши ўзининг қилган яхши ишининг самарасини кўради, қилган маъсиятига кўра жазоланади, каби маъноларни ифодалайди. (Яъни “ҳар ким экканини ўради”, дейилгани каби)”[5].

Шунингдек, дуо қилишнинг фойдаси бўлмаганида мағфират сўрашга буйруқ ҳам бўлмасди. Қуръони каримда эса мағфират сўрашга буюрилган:

“Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!”[6].

Шунингдек, вафот этиб кетган кишилар ҳақига қилинган дуоларда манфаат бўлмаганида, уларни эслаб дуо қилганлар Қуръони каримда мадҳ этилмасди:

“Улардан кейин (дунёга) келганлар: “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга (нисбатан) қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Эй, Роббимиз, албатта, Сен шафқатли меҳрибонсан”, – дерлар”[7].

Шунингдек, вафот этганларга жаноза намозини ўқиш тириклар зиммасига вожиб қилинган. Жаноза намозида эса сано ва саловот айтиш билан биргаликда “Эй Аллоҳим, бизларнинг тирикларимизни ҳам, ўликларимизни ҳам мағфират қилгин”, маъносидаги дуо ўқилади.

Мазкур далилларнинг барчасида дуоларнинг таъсири борлиги кўриниб турибди. Шунинг учун инсон вафотидан кейин ҳам ўз ҳақига хайрли дуолар қилинишига сабаб бўладиган яхши амалларни қилиши лозим.

Дуо қилиш бандага фойда келтирадиган ва ундан зарарларни даф қиладиган энг кучли сабаблардан экани Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган:

“Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар”[8].

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига дуо қилишга даъват этган ва Ўз фазлу марҳамати билан қилган дуоларини албатта ижобат этишга кафолат берган”, – деган. Ояти кариманинг давомидаги “ибодатдан кибр қилганлар” эса Аллоҳ таолога дуо қилишдан такаббурлик қилган кимсалар дея тафсир қилинган. Ҳадиси шарифларда дуонинг қазони қайтаришга сабаб қилиб қўйилгани баён этилган:

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارْسِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال لَا يَرُدُّ القَضاءَ إلا الدُّعاءُ وَ لَا يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلاَّ الْبِرُّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қазони фақатгина дуо қайтаради, умрни фақатгина яхшилик зиёда қилади”, – дедилар (Термизий ривоят қилган).

Шарҳ: Ушбу ҳадисда дуонинг бажариладиган ишларга боғлаб қўйилган қазони қайтариш сабабларидан экани баён қилинган. Зеро, Аллоҳ таоло амалга ошадиган барча нарсаларга азалий сабабларни тайин қилиб қўйган. Солиҳ амаллар саодатга эришиш учун азалий сабаблар бўлса, ёмон амаллар бадбахт бўлиш учун азалий сабаблардир. Шунингдек, яхшилик, гўзал хулқли бўлиш, қариндошлик алоқаларини узмаслик каби амаллар ҳам азалий сабаблар қаторига киради. Ана шундай азалий сабаблар юзага чиқарилган пайтда ўша сабабга боғланган ишлар ҳам юзага чиқади.

Имом Таҳовий[9] раҳматуллоҳи алайҳ “Ақидатут Таҳовия” асарида қуйидагиларни ёзган: “Тирикларнинг дуо ва садақаларида ўликлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилади ва хожатларни раво қилади (деб эътиқод қиламиз)”.


Кейинги мавзу:
Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни.

 


[1] Бу ҳақидаги маълумот 53-байтнинг изоҳида баён қилинди.

[2] Доктор Аҳмад Фарид. Баҳрур-Роиқ. – Искандария: “Дорул Мажд”, 2009. – Б. 105.

[3] Нажм сураси, 39-оят.

[4] Бақара сураси, 286-оят.

[5] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхису шарҳи ақидатит-Таҳовий. – Карачи: “Замзам бабилшарз”, 1415ҳ. – Б. 192.

[6] Муҳаммад сураси, 19-оят.

[7] Ҳашр сураси, 10-оят.

[8] Ғофир сураси, 60-оят.

[9] Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳамад ибн Салама Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 239 йилда Мисрнинг “Тоҳа” шаҳарчасида туғилган.

Имом Таҳовий ҳанафий мазҳабидаги мўътабар олимлардан бўлиб, “Сиҳоҳи ситта” муаллифлари билан бир асрда яшаб фаолият юритган. Бу зот ҳақида уламолар кўплаб мақтовли сўзларни айтганлар. Жумладан Суютий “Тобақотул Ҳуффоз” асарида: “Имом Таҳовий аллома, ҳофиз, гўзал таснифотлар соҳибидир”, – деган. Заҳабий: “Кимки ушбу имомнинг ёзган асарларига назар солса, бу зотнинг илм  даражаси юқори, маърифати кенг эканига амин бўлади”, – деган.

Имом Таҳовий тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ ва сийратга оид кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:

1. Аҳкамул Қуръан (Қуръон ҳукмлари);

2. Шарҳу маъонил осор ( Асарларнинг маънолари шарҳи);

3. Ақидатут Таҳовия (Таҳовий ақидаси);

4. Баёну мушкилил осор (Асарларнинг мушкилотлари баёни);

5. Шарҳу жомеис сағир (Жомеус сағир шарҳи);

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 321 йилда Мисрда вафот этган.