Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга бирорта биродари қиз фарзандли бўлгани ҳақида хабар келса: Унга айтинглар, пайғамбарлар қизларнинг оталари бўлганлар, дер эдилар.
Кишининг гарчи юзта ўғли бўлсада, то қиз фарзанд кўрмагунича бефарзанд ҳисобланади (Араб мақоли).
Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу Муовия разияллоҳу анҳунинг ҳузурига Оиша исмли қизчаси билан кирди. Муовия: Бу ким? – деди. Шунда Амр: Бу қалбимнинг меваси. Аллоҳга қасамки, ҳеч ким бемор бўлганингда парвариш қилишда, ўлганингда ортингдан яхшиликлар билан эслашда, махзун вақтингда юпатишда қизларчалик бўлмайди, деди.
Оталарнинг ўз қизларига бўлган муҳаббатларини таърифлашда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз қизлари Фотима разияллоҳу анҳо ҳақида айтган гапларидан гўзалроғи йўқ: “У менинг бир бўлагимдир. Уни шубҳалантирган нарса мени шубҳалантиради, унга озор берган нарса менга озор беради”.
Агар Юсуф алайҳиссаломнинг акалари қаторида бирорта опа-синглиси бўлганида эди, уни ҳимоя қилган бўлар эди. Юсуфни қудуқнинг қаърига эмас, қалбининг тўрига жойлаган бўлар эди. Лекин Аллоҳнинг ҳикмати ва тақдир ғолиб экан.
Агар Юсуфнинг акалари қаторида битта бўлса ҳам синглиси ёки опаси бўлганида эди, ҳудди Мусонинг опаси уни онасининг бағрига қайтариш учун кетидан излаб борганидек, Юсуфни ҳам излаб борар эди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Қизларни ёмон кўрманглар. Улар бебаҳо мунисалардир”.
Homidjon Ishmatbekov
Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:
"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар,
- намозни тўкис адо этиб,
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар" (Фотир сураси, 29-оят).
Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий