7-11 ноябрь кунлари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ижтимоий фанлар ҳалқаро фестивали доирасида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагидаги Буюк Британиянинг Лестер университети, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва «Dacore IT» масъулияти чекланган жамияти томонидан Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» асари асосида Бухорий — Ислом санъати халқаро онлайн кўргазмаси ташкил қилинди. Бу ҳақда uza манбаси хабар берди.
Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, Ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини очиб бериш мақсадида ташкил этилган кўргазмада таниқли уста рассомлар билан бир қаторда халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган ёшлар ўз ижод намуналари билан иштирок этмоқда.
Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи Давлат Тошев, китобот санъати иллюминацияларни ёритиб бериш бўйича тажрибали рассом Камолиддин Aбдуллаев, ёш ва истеъдодли рассомлар - хаттот Шейха Aбдуллаева, графика бўйича рассом Ёқуб Бекназаров ва фотосуратчи Мухиддин Aли каби таниқли ижодкорлар ҳам бор. Халқаро миқёсда тан олинган «Сўғдиёна» миллий чолғу-асбоблари камер оркестри кўргазма учун махсус янги «Зикр» номли композиция яратди.
Кўргазма учун яратилган барча санъат асарлари Саҳиҳи Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод маҳсуллари ҳисобланади.
- Ислом таълимоти шунчалик кенг қамровлики, уни битта кўргазмада намойиш этиш қийин, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов.
Энг муҳим ва бирламчи омиллардан бири бу - нафақат ташқи, балки инсоннинг ички ҳолатига таъсир кўрсатувчи покликдир. Шу сабабли, ушбу кўргазмада намойиш этилаётган ижодий ишлар бизни жисм, тафаккур, қалб, руҳ ва хаёт мавзуларини англашга ундайди. Эътиборлиси, кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадис орқали ифодаланади.
Ғ.Ҳасанов
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД