Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).
«Кечасию кундузи» дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда, «молларини» деган сўз замирида эса ҳамма турдаги моллар ва ҳамма турдаги эҳсон қилувчиларга ишора бор.
«Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир».
Уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда – Робблари ҳузурида экани таъкидланмоқда. Бас, шундай экан, мўмин-мусулмонлар юқорида васф қилинган кишилардан бўлиш учун ҳаракат қилмоқлари лозим. Чунки:
«Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар»
Ҳа, бундай кишиларга охиратда хавф йўқ ва бу дунёда қилган ишларига хафа ҳам бўлмайдилар.
Ислом тузуми, аввало, ишга қодир бўлган ҳар бир инсоннинг осонлик билан ҳалол ризқ топишини таъминлайди. Лекин инсон ҳаёти доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади. Ўта бой кишилардан маълум миқдордаги молу мулк закот сифатида фарз ҳукми ила олиниб, ҳақдорларга тарқатилади.
Сўнгра қодир бўлган барча кишиларни ихтиёрий садақа қилишга тарғиб қилинади.
Шу билан бирга, муҳтожларни ҳам одоб доирасидан чиқмаслик, юқоридаги оятда айтилганидек, хиралик билан одамлардан тиланчилик қилмасдан, иффатли-қаноатли бўлишга чақирилади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Бир-икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб, қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мискиндир, хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар» оятини ўқинг», – дедилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
– Ким ўзида етарли нарса бўла туриб, одамлардан тиланса, қиёмат куни тиланчилиги юзида тирналиш бўлиб келади, – дедилар. Одамлар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, етарли нарса қанча? – дедилар. У зоти бобаракот:
– Эллик дирҳам, – дедилар.
Шундан келиб чиқиб, «Етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром» деган ҳукм чиқарилган.
Садақа ҳақидаги оятлар нозил бўлганидан кейин молиявий муомалаларнинг яна бир тури, садақага қарама-қарши тури – рибо (судхўрлик) ҳақида сўз очилади.
Рибо (судхўрлик) бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир.
Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз бериш ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни, «Мен сенга маълум муддатга маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», – дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.
Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжига чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.
Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек ўт очмаган.
«Тафсири Ҳилол» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло Ўз Каломида тадаббур қилиш ҳақида бундай марҳамат қилади:
﴿كِتَٰبٌ أَنزَلۡنَٰهُ إِلَيۡكَ مُبَٰرَكٞ لِّيَدَّبَّرُوٓاْ ءَايَٰتِهِۦ وَلِيَتَذَكَّرَ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ ٢٩﴾
“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир” (Сод сураси, 29-оят).
﴿أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا﴾
“Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар” (Нисо сураси, 82-оят).
Қуръонни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Мўминлар Қуръон тиловат қилар эканлар унинг оятлари борасида тафаккур юритиб, унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Қуръон тиловат қилсалар уни тартил билан тиловат қилиб, унинг ҳар бир оятини тадаббур этар эдилар. Тафаккур ила ўқилган суралар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини оқартирган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочингизга оқ тушибдими?” деб сўради. Шунда у зот алайҳиссалом: “Менинг сочимни Ҳуд, Воқеа, Мурсалот, Набаъ ва Таквир (суралари) оқартирди”, дедилар” (Имом Термизий, Имом Ҳоким, Имом Байҳақий, Имом Абу Яъло ривояти).
Ҳуд сурасининг икки ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларини оқартирган оятлардан ҳисобланади.
Имом Байҳақий “Шуъаб ал-иймон” номли асарида Али Шаторийдан қуйидагиларни баён қилади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочимни Ҳуд сураси оқартирди деб айтганингизни эшитдим”, деди.
Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа шундай”, деб жавоб бердилар.
“Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурадаги пайғамбарлар қиссаси-ми ёки уларнинг умматларининг ҳолими сизнинг сочингизни оқартирди”.
“Йўқ, пайғамбарлар ҳам уларнинг умматлари ҳақидаги оятлар ҳам сочимни оқартиргани йўқ. Балки сурадаги “Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг!” ояти сочимни оқартирди”, дедилар.
Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг ўзидан тўғри йўлда мустақим қилишини сўраб кўп дуо қилар эдилар. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йа, муқаллибал қулуби саббит қалбий аъла дийник (Ё, Қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни ўзингнинг динингда собит қил)” деб дуо қилар эдилар.
Қуръонни кўп тиловат қилишлик бизни Аллоҳга яқин қилади. Қуръонни ўқиш қанчалик савобли бўлса, уни тинглаш ҳам шунчалик савобли амаллардандир.
Шундай экан, Қуръонга мухлис бўлиб, уни тиловат қилганимизда ҳам, тинглаганимизда ҳам тадаббур қилайлик.
Даврон НУРМУҲАММАД