Мусулмонликни қабул қиган аёл Ислом ҳаётини қандай ўзгартиргани ҳақида гапириб берди. Бетани исмли 21 ёшли Ливерпулда яшовчи аёл дин билан қизиқиб, уни ўрганганидан кейин ўтган йилнинг декабрида калимаи шаҳодатни айтди. Islamisemya.com хабарига кўра, бу жараёнда у бўлажак турмуш ўртоғи Исмоил Муҳаммад билан танишди.
"Бундан олдин менинг ҳаётим нормал эди, мен ҳеч қачон ўзимни тўлиқ бахтли ҳис этмас эдим, ҳар доим ҳаётимда нимадир етишмаётганини ва бошқа нарса кераклигини билардим. Ислом менга тинчлик-хотиржамлик топиб, ўзимни қадрлай бошлашимга ёрдам берди", - дейди Бетани.
Инглиз аёл динга қаттиқ риоя қилишдан узоқ бўлган католик оиласида ўсган. Сўнгги йилларда Бетани бир неча мусулмон эркак ва аёлларни учратганидан кейин унинг Исломга қизиқиши ортди.
Чакана савдо соҳасида ишлайдиган ёш қиз бу динни ўрганиб, Исмоилдан бу ҳақда сўрай бошлади, унга нисбатан илиқ туйғулар пайдо бўлди. Унинг айтишича, Исломни қабул қилиш ҳаттоки тўйига ҳижоб кийган унинг ўз онасига яқинлашишига ёрдам берган.
"Ислом ажойиб дин, кўп одамлар эса асосан бу ҳақда кўп нарса билишмайди ва шунинг учун уни салбий тусда қабул қилишади", - дейди британиялик муслима.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ