“Бидъат” сўзи луғатда “бирор нарсани янгидан пайдо қилиш”, “ўйлаб топиш” деган маъноларни англатади. Фиқҳ энциклопедиясида бу сўзга қуйидагича изоҳ берилган: “Ким бир нарсани пайдо қилса, янгилик қилган бўлади. Агар уни амалда қўлласа, барпо этган, бошлаб берган бўлади”.
Изз ибн Абдуссалом бидъатга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлмаган нарса”, дея таъриф берган.
Уламолар бидъатни иккига: “бидъати ҳасана” – “яхши бидъат” ва “бидъати саййиа” – “ёмон бидъат”га ажратишган.
Имом Шофиъий: “Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси, Қуръон, суннат, асар (саҳобий ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгиликлар бўлиб, бу ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, бу яхши бидъат ҳисобланади”, деган.
Эътиқод ва ибодат масалалари мукаммал бўлган. Эндиликда ким ақидага ёки ибодатларга ўзгартириш киритмоқчи бўлса, ёмон бидъат қилган бўлади. Кимдир икки ракатли фарз намозни тўрт ракат ўқиса ёки шунга ўхшаш ишни қилса, адашади.
Яхши бидъат эса диннинг аслига янгилик киритиш маъносида эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Хандақ” жангида Мадина атрофига ўра қаздириб, уни сувга тўлдиртирганлар ва шу орқали шаҳарни мудофаа қилганлар. Бу яхши бидъат, чунки аввал бундай қилинмаган эди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръонни китоб ҳолига келтирдилар. Умар розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу мусулмонларга имом бўлиб таровеҳ намозини ўқиганларини кўриб, “Қандай яхши бидъат”, деганлар. У зот биринчи бўлиб денгиз флотини ташкил қилдилар. Ҳолбуки, бу ишлар Пайғамбар алайҳиссалом даврларида бўлмаган. Саҳобалар: “Бу залолатдир”, дейишмаган.
Шариатнинг мақсад ва моҳиятини яхши тушунмаган кишилар янги пайдо бўлган барча нарсани, диннинг аслига таъсири бўлмаса-да, бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахга элтади, дейишади. Бу – нотўғри.
Бидъат бўлади деб кўзойнак тақмаган, машина минмаганлар адашади. Ислом – саодат дини. Инсон манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай эзгу ишни, янгиликни қўллаб-қувватлайди.
Имом Ноблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масалаларида бирор янги нарсани қўшишдир».
Манбалар асосида
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йилдаги 1-сонидан олинди
IQNA сайти хабарига кўра, Мисрдаги машҳур “Қуръон карим” радиоэшиттириши раҳбари Исмоил Дувайдар узоқ танаффусдан сўнг машҳур “Мусҳаф муаллим” дастури яна эфирга қайтганини маълум қилди. Дастур ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 09:45 да эфирга узатилади. Уни Саъд ал-Мутъаний олиб боради.
Ушбу дастур Қуръон каримни янги ўрганаётган ва ёд олишни истаган кишилар учун мўлжалланган бўлиб, унда тажвид қоидаларига мувофиқ тўғри талаффуз ўргатилади. Дастурда Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарийнинг тиловатлари асос қилиб олинган.
Шунингдек, Қуръон карим радиоэшиттириши Миср Вақфлар вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар куни диний танлов ҳам ўтказмоқда. Ғолиблардан икки нафарига 2 500 миср фунти миқдорида мукофот берилади. Тингловчиларнинг саволига жавобни (сура ва оят рақами) вазирликнинг “Facebook” саҳифасидаги махсус ҳавола орқали юборишлари лозим.
Исмоил Дувайдар таъкидлашича, радиоэшиттириш ҳозирда Мисрнинг етук қори ва машҳур уламолари марҳум шайх Абдуфаттоҳ Шаъшаъийнинг илгари эфирга узатилмаган ноёб тиловатларини ҳам тақдим этмоқда. Бу тиловатларни шайхнинг оиласи радиоэшиттиришга совға қилган.
Шунингдек, шайх Мустафо Исмоилнинг набираси томонидан берилган 18 та ноёб тиловат ҳам ушбу бой жамғармага қўшилди. Шу билан бирга, Шайх Муҳаммад Рифъат, Шайх Абдулбосит Абдуссомад ва Шайх Муҳаммад Табловий каби машҳур етук қориларнинг тиловатлари ҳам эфирда янграмоқда.
Илёсхон Аҳмедов,
тайёрлади.