Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Апрел, 2026   |   29 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:39
Пешин
12:27
Аср
17:08
Шом
19:10
Хуфтон
20:28
Bismillah
18 Апрел, 2026, 29 Шаввол, 1447

2. БАҚАРА СУРАСИ, 189 ОЯТ

09.11.2020   7003   1 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 189 ОЯТ

۞يَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡأَهِلَّةِۖ قُلۡ هِيَ مَوَٰقِيتُ لِلنَّاسِ وَٱلۡحَجِّۗ وَلَيۡسَ ٱلۡبِرُّ بِأَن تَأۡتُواْ ٱلۡبُيُوتَ مِن ظُهُورِهَا وَلَٰكِنَّ ٱلۡبِرَّ مَنِ ٱتَّقَىٰۗ وَأۡتُواْ ٱلۡبُيُوتَ مِنۡ أَبۡوَٰبِهَاۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ١٨٩

189. Сиздан ҳилол ҳақида сўрашади. "Улар инсонлар учун ва ҳаж учун вақт ўлчовидир", денг. Уйларингизнинг орқа тарафидан келишингиз яхшилик эмас, яхшилик тақводорликдадир. Уйларга эшикларингиздан киринглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар.

Ояти каримадаги "ҳилол" янги чиққан ой маъносида. Аллоҳ таоло ойни Ўзи билган қонун ва ҳикмат билан, кечалари нур сочиб, ёритиб туриши, бандаларнинг йиллар ва вақт саноғини бехато билиб юришлари учун яратган. Бу ҳақда бир неча ҳадислар ҳам бор: Ҳусайн ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Макка амири хутба қилиб: "Расулуллоҳ бизларга ибодатларни ойни кўриб адо этишни... амр қилганлар", деди" (Абу Довуд, Дориқутний ривояти); Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда: "Ойни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар", деганлар (Термизий ривояти). Ҳилол (янги чиққан ўроқ шаклидаги ой) сурати мусулмон ўлкаларда динлари рамзи сифатида ишлатилади.

Ўтмишдаги араблар эҳромга кирганидан кейин яна уйларига кирмоқчи бўлишса, дарвозадан эмас, томдан тушишар ё уйининг орқа томонини тешиб, ўша ердан киришар эди. Улар бу нарсани яхши амал, деб эътиқод қилишарди. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Араблар жоҳилият даврида эҳром боғлашса, уйларига томдан ошиб тушишар эди. Кейин Аллоҳ таоло юқоридаги оятини нозил қилди" (Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло бу ояти каримада мазкур эътиқоднинг маънисизлигини билдириб, яхшилик фақат Ўзига тақво қилиш билан бўлишини зикр этмоқда.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳ кимни Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозласа

17.04.2026   6434   2 min.
Аллоҳ кимни Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозласа

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ кимнидир Ўзига дўстлик шарафи билан эъзозлабдими, албатта, унинг кўзига дунёни хунук қилиб қўяди.

Ҳадисда марҳамат этилибди: “Бирор бир қавм йўқки ораларига дунё аралашиб қолгудай бўлсаю Аллоҳ таоло шу сабаб ўрталарига буғзу адоват солмаган бўлса”.

Бутун дунё бойликлари Ҳақ субҳанаҳу ва таоло наздида пашшанинг қанотича қийматга эга эмас. Буни тушунган киши бирор бир Аллоҳни таниган солиҳ одамни дунёни тарк этганлиги сабабли мақтаб юрмайди. Чунки барча зоҳидлар ҳиссасига ўша “қанотча” бўлган дунёнинг бир кўзга кўринмас қисмидангина воз кечиш мажбурияти тушган холос. Шундай арзимас, қимматсиз нарсадан воз кечганни мақташ, аслида ўша воз кечилган нарсанинг, яъни дунёнинг баҳосини оширган, қадрини улуғлаган бўлади. Ҳақнинг хизматида бўлган содиқ ва хос ходимлар гўё бундай дейдиларки, “Биз бирор бир дунё аҳлини то ўша ўзига етган пашша қаноти бўлагини ташлаб, оёқости қилмагунича Ҳақ таоло даргоҳига йўлатмаймиз!”. Лекин дунёни севувчиларнинг ҳеч бири бунга журъат этолмайди.

Имом Шаъроний қуддиса сирруҳу дейдилар: “Биздан бу дунёнинг арзимас ва вафосиз эканлигини кўра олишлигимизни ва ундан кечиб абадий ҳаёт ободлиги учун интилишлигимиз лозимлиги ҳақида  ваъдамизни олишган. Эй, менинг қадрдон дўстим, севимли оғам, оладиган ва чиқарадиган нафасларимиз ҳаммаси ҳисобли, уни энди ошишини ва камайишини ҳеч иложи йуқдир. Бу дунё абадий ҳаётнинг экинзоридир. Ким экиш вақти ялқовлик қилса, ўрим (хирмон) вақти қайғуда қолади. Аллоҳ таоло марҳамат этадики: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ” (Нажм сураси, 39-оят).

Шунингдек, ризқу  насиба  ҳақида ҳам Аллоҳ бундай дейди: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир”. (Ҳуд сураси, 6-оят).

Аллоҳнинг биз учун кафил ва вакил бўлган нарсаларини қўлга киритишда ошиқча саъйу ҳаракат қилишимиз, аксинча буюрган нарсаларини талаб қилиш ва бажаришда ялқовлик ва бепарволик қилишимиз, айни  нодонлик ва бемаъниликдир. Сенга шу нарса аниқ маълум бўлсинки, нафсоний хоҳиш ва дунё ишлари ҳақида ташвиш чеккан одам бамисоли бир илон тарбият қилувчидирки оқибат унинг заҳридан ўзи ҳалок бўлади. Ўткинчи дунё ҳаётига муккасидан кетиб, охиратини эсидан чиқарган банда гўё бир анқиган ўлаксага ташланган ит кабидир!

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси

Мақолалар