Рисолат ва диёнатлар тарихидаги беназир эълон
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик», дейди (Анбиё сураси, 107-оят).
Бу ўзига хос тенги йўқ эълон ўзига хос мангу китобда – Аллоҳ таоло унинг барча замон ва маконларда тиловат қи-линишини ирода қилган Китобда келмишдир. Унинг ўқувчилари миллиард-миллиарддир. У Зот бу ҳақда: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва албатта Биз уни муҳофаза қилурмиз», демишдир (Ҳижр сураси, 9-оят).
Албатта, бу эълоннинг кенглиги ва замон ҳамда макон жиҳатидан кўламининг катталиги унга фавқулодда аҳамият касб эттиради. Ҳар бир онгли инсон унинг олдидан эътиборсиз ўтиб кета олмайди. Унинг замонга боғлиқ кўлами рисолаи Муҳаммадиядан кейинги барча замонлар ва тарихий босқичларни ўз ичига олади. Унинг маконга богаиқ кўлами эса бутун дунёни ўз ичига олади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Биз сени Арабистон яриморолига раҳмат қилиб юбордик» дегани йўқ. Ёки шарққа, ғарбга ёхуд бирор қитъага, масалан, Осиёга дегани йўқ. Балки Ў Зот: «Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик», деди.
Ҳақиқатда, ушбу эълоннинг кенглиги, шомиллиги, улуғворлиги, олиймақомлиги, бардавомлиги ва абадийлиги – буларнинг ҳаммаси дунё тарихчилари, файласуфлари, доҳийлари ва оқилларининг унинг қаршисида ҳайрону лол қолишларини тақозо қилади. Балки инсоннинг фикри батамом ҳайрону лол бўлиб, бу масалага бир муддат бутун диққатини жамлаб, ушбу эълоннинг ҳақлиги, ушбу воқеликнинг тўғрилиги ҳақида тўхталмоғи лозим, чунки биз динлар ва фирқалар тарихида, цивилизациялар ва фалсафалар тарихида, ислоҳий ҳаракатлар ва инқилобий уринишлар тарихида, балки бутун олам тарихида ҳамда бутун бошли инсоният кутубхонасида ушбу барча борлиқни, барча башарият авлодларини, барча тарихий босқичларни қамраб олган эълонни учратмаймиз. Ҳаттоки бизгача етиб келган ўтган анбиёлар таълимотлари-нинг хулосаси, уларнинг сийратлари ва ҳолларининг мағизи ҳам бу эълонга ўхшаш нарсани мутлақо кўрмаган.
Яҳудийлик қадимги ва машҳур диёнатдир. У Аллоҳга Бану Исроилнинг робби, илоҳи сифатида қарайди. Яҳудийларнинг Қадимги Аҳд саҳифалари ва диний китоблари Аллоҳни оламларнинг Робби, бутун борлиқнинг Робби деб зикр қилишдан холидир. Шунинг учун ҳам уларнинг Мусо, Ҳорун, Довуд ва Сулаймон каби анбиёларидан бирор набийнинг сийратидан бунга ўхшаш эълонни ахтариш беҳуда ва вақтни зое қилишдан бошқа нарса эмас.
Бу диёнат ўзининг ҳеч бир босқичида ҳеч бир инсон авлодига ирқчиликсиз раҳмат ва тенглик рисоласи бўлган эмас. Бу диёнатга ҳеч қачон Бану Исроилдан бошқалар чақирилмаган ҳам.
Узининг бағрикенглиги, даъватга ҳирси ва инсониятга меҳри билан машҳур бўлган насронийлик эса Янги Аҳдда (Инжилларда) Масиҳнинг тилидан айтишича, Бану Исроилнинг адашган қўйларининг ҳузурига келган экан (Матто Инжили, 15:24)
У зот Бану Исроилга насаб ёки қариндошлик алоқаси ила боғланмайдиган баъзи беморларни кўрганида узр айтиб «Мен болаларнинг нонини итларга берадиган киши эмасман», деган эканлар (Матто Инжили, 15:26).
Шарқий ва осиёвий диёнатлар эса юқорида зикр қилинганлардан фарқ қилмайди. Балки улар олдинги диёнатлардан насаб ва сулолани муқаддаслаштиришда ҳамда одамларни турли табақаларга золимона тақсимлашда ўзиб кетадилар. Улар бу масалада юмшоқлик ёки муросани билмайдилар.
Ҳинд жамиятида паст табақадагилар барча ҳурмат, шараф, тенглик ва энг оддий инсоний ҳуқуқлардан ҳам маҳкум эдилар. Улар учун илм олиш, таълим бериш ва руҳий юксакликларни орзу қилиш мумкин эмас.
«Веда»ни ўрганиш, қурбонлик қилиш, олиҳалар ва бутларга назр қилиш фақатгина браҳманларга хос бўлган. «Веда» китобларига караш ва уларни ўрганиш кшатрий ва вайш тоифаларининг ҳаққидир.
«Манушастр»да айтилишича, паст табақадагилар фақат бир мақсад учун – юқорида зикр этилган уч табақага хизмат қилиш учунгина яратилганлар, холос.
Қадимги Ҳинд аҳли Ҳимолай тоғлари ортидаги дунёни билмас эдилар. Уларнинг хорижий олам билан, бошқа халқлар билан алоқалари йўқ эди. Уларнинг бу нарсага рағбатлари ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам уларнинг ичидан биpop набий, валий ёки ислоҳотчидан мазкур эълонга ўхшаш нарсани кутиш беҳуда ва вақтни зое қилишдан иборатдир.
Дарҳақиқат, Роббул оламийн – оламларнинг Робби деган ақийдага эга бўлмаган диёнатдан оламларга раҳмат бўладиган пайғамбарни излашнинг ўзи ақлга сиғмайдиган ишдир.
Рисолаи Муҳаммадиядаги раҳматнинг
сон ва сифат жиҳатидан қиймати
Бир нарсани тақдирлаш ва уни ўзига муносиб жойга қўйишнинг икки хил ўлчови бўлади.
Биринчиси – сон жиҳатидан ўлчов.
Иккинчиси – сифат жиҳатидан ўлчов.
Ушбу қуръоний эълон мазкур икки ўлчовнинг икки томонини ҳам ўз ичига олган. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари ва улуғ шахсиятлари, олиймақом ва бардавом таълимотлари инсониятга янгича ҳаёт ва фаолият бахш этди.
Бу нарсалар инсониятнинг дарду аламларидан шифо топишига, муаммоларининг ҳал бўлишига, ғам-ғуссаларининг тугашига ва қақраб ётган майдонига раҳмат, барака, бахт, саодат, хайрот ва нажот ёмғирининг ёғишига бевосита сабаб бўлди. Ушбу бебаҳо Муҳаммадий атолар ўзининг кенглиги, кўплиги, ҳажми, сони, манфаати, фойдаси, жавҳари ва сифати жиҳатидан беназирдир.
«Раҳмат» сўзи кундалик ҳаётимизда кўп ишлатиладиган сўздир. Инсонга наф ва роҳат етказадиган ҳар бир нарсага раҳмат деса бўлади. Раҳматнинг турлари, навлари, даражалари ва мартабаларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Биримиз иссиқ кунда чанқаган биродаримизга сув тутамиз. Мусофир ва ғарибга йўл кўрсатамиз. Ёзнинг иссиқ кунида уни елпиб қўямиз. Она боласига меҳр кўрсатади. Ота фарзандига тарбия беради, илм ўргатади ва ҳаёт учун зарур нарсалар билан таъминлайди. Мударрис ўз шогирдларига дарс беради ва уларга ўзидаги илмларни такдим этади. Очга таом бериш, меҳмонни зиёфат қилиш, яланғочга кийим бериш ҳам шунга ўхшашдир. Буларнинг барчаси умумий раҳматнинг кўринишларидан бир кўриниш, унинг алвон рангларидан бир рангдир. Бу бизнинг тақдирлашимизга, ҳурматимизга ва ташаккуримизга лойиқдир.
Аммо раҳматнинг энг улкан кўринишларидан бири бизлардан бирортамизнинг ўз биродарини ўлим чангалидан қутқариб қолишидир. Бир бегуноҳ мурғак гўдакнинг жони чиқай деб турганини кўрмоқцамиз. У ўзининг охирги нафасини олмоқда. Онаси унинг ёнида йиғлаб турибди. Унинг назарида дунё қоронғи. Жигаргўшаси, маҳбуби ва меҳрдийдасидан умиди узилган. Ота бўлса ўзини қўярга жой топа олмай типирчилайди. Бирор дам солувчи, далда берувчи топа олмай хуноб.
Шунда, худди осмондан фаришта тушгандек, ҳозиқ табиб пайдо бўлади ва: «Шошманг! Ташвишланишга ўрин йўқ, ноумид бўлманг!» дейди. Гўдакнинг оғзига табиб бир неча қатра дори томизиши билан у кўзини очиб, ҳаракатга тушади. Тасаввур қилинг-а, бу табибни Аллоҳ ушбу гўдакни қутқариш учун, уни ҳаётга қайтариш учун юборган раҳмат фариштаси деса бўлмайдими?
Мана шу жойда аввал санаб ўтган рахматларимизнинг барчаси чиппакка чиқади ва ушбу раҳматнинг ажойиб кўриниши олдида эриб кетади. Албатта, у фақат гўдаккагина эмас, балки унинг бутун оиласига раҳматдир.
Ҳассасига суяниб кетаётган кўзи ожиз кишининг чуқур ўранинг лабига ёки жар ёқасига бориб қолганини кўрамиз. Унинг келгуси қадами ўлим томон босиладиган қадам бўлиши мумкин. Шунда Аллоҳнинг бандаларидан бири тезлик билан бориб, уни чуқурга қулашдан сақлаб қолади. Уни раҳмат фариштаси десак бўлмайдими?
Мана бу гўзал, ёш йигитни қаранг. Ота-онасининг кўз қорачиғи, фақир оиланинг боқувчиси тезоқар дарёга чўкмоқда. Сувдан чиқишга ҳаракат қилмокда. Аммо иложи йўқ. Бир одам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, сувга сакради-да, уни нажот соҳилига олиб чиқци. Ҳалиги йигитнинг отаси ёки акалари уни бошларига кўтариб, меҳр ила қучоқларига босадилар. Умр бўйи унинг ўз оилаларига қилган яхшилигини унутмайдилар. Айтингчи, раҳматнинг аввалги кўринишлари ушбу улуғ ва қимматли раҳматга тенг кела оладими?
Рисолаи Муҳаммадия башариятни
бадбахтлик ва ҳалокатдан сақлаб қолган
Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир кишининг бутун бошли инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Ҳалокат билан ҳалокат, хатар билан хатар ўртасида катта фарқ бор. Анавиниси чегараланган, сатҳий ҳалокат ва ўткинчи хатар. Мана буниси эса абадий ҳалокат ва доимий хатардир. Шунинг учун ҳам бошқа ҳар қандай раҳматлар муҳим ва улуғ бўлса ҳам, улар анбиёларнинг башариятга кўрсатган раҳматларига тенг кела олмайдилар.
Қаршимизда ҳаётнинг қутуриб, мавж уриб турган денгизи бор. У нафақат ёлғиз кишиларни, балки бутун бошли халқлар ва юртларни ютиб, ҳазора ва маданиятларни ҳазм қилиб юборган. Унинг улкан ва саркаш тўлқинлари худди тимсоҳнинг ўра каби оғзига ўхшаб очилади ва башар жамоаларига худди қутурган шердек ташланади. Ушбу ваҳший, раҳмсиз денгиздан қандай қилиб ўтиб оламиз? Инсоният кемасини омонлик қирғоғига қандай олиб чиқамиз? Ушбу қаттиқ довулларда қолган, тоғдек мавжлар орасига тушиб қолган, йўловчига тўлган, денгизчиси ҳам, кемачиси ҳам йўқ кемани нажот соҳилига олиб чиқадиган кишигина инсонйятнинг энг улкан қутқарувчиси ва унга фазл кўрсатган киши бўлиши мумкин.
Албатта, инсоният ўзига илм берганларга ташаккур айтади. Шунингдек, ўзига турли маълумотларни йиғиб берган, енгилликлар яратиб берган, роҳат-фароғат воситаларини тақдим этган, ҳаёт оғирликларини енгиллаштиришда ва унинг довонларини ошиб ўтишда ёрдам берганларга ташаккур айтади. Албатта, у ҳозир санаб ўтилган кишилардан бирортасининг ҳам ҳаққини поймол қилмайди. Уларнинг фазлини инкор ҳам қилмайди. Аммо инсониятнинг бош муаммоси ўзини уни пойлаб турган душманларидан қутқариб, кемасини саломатлик ва омонлик қирғоғига олиб чиқиб олишдадир. Ушбу денгизнинг тўлқинлари нимадан иборат? Ушбу денгизнинг йиртқич тимсоҳлари нимадан иборат?
Албатта, бу ушбу борлиқни яратган Роббул оламийнни танимаслик, Унинг олий сифатларини ва гўзал исмларини билмасликдир. Ширк, бутпарастлик ва санамларга ибодат ва доимий хатардир. Шунинг учун ҳам бошқа ҳар қандай раҳматлар муҳим ва улуғ бўлса ҳам, улар анбиёларнинг башариятга кўрсатган раҳматларига тенг кела олмайдилар.
Қаршимизда ҳаётнинг қутуриб, мавж уриб турган денгизи бор. У нафақат ёлғиз кишиларни, балки бутун бошли халқлар ва юртларни ютиб, ҳазора ва маданиятларни ҳазм қилиб юборган. Унинг улкан ва саркаш тўлқинлари худди тимсоҳнинг ўра каби оғзига ўхшаб очилади ва башар жамоаларига худди қутурган шердек ташланади. Ушбу ваҳший, раҳмсиз денгиздан қандай қилиб ўтиб оламиз? Инсоният кемасини омонлик қирғоғига қандай олиб чиқамиз? Ушбу қаттиқ довулларда қолган, тоғдек мавжлар орасига тушиб қолган, йўловчига тўлган, денгизчиси ҳам, кемачиси ҳам йўқ кемани нажот соҳилига олиб чиқадиган кишигина инсониятнинг энг улкан қутқарувчиси ва унга фазл кўрсатган киши бўлиши мумкин.
Албатта, инсоният ўзига илм берганларга ташаккур айтади. Шунингдек, ўзига турли маълумотларни йиғиб берган, енгилликлар яратиб берган, роҳат-фароғат воситаларини тақдим этган, ҳаёт оғирликларини енгиллаштиришда ва унинг довонларини ошиб ўтишда ёрдам берганларга ташаккур айтади. Албатта, у ҳозир санаб ўтилган кишилардан бирортасининг ҳам ҳаққини поймол қилмайди. Уларнинг фазлини инкор ҳам қилмайди. Аммо инсониятнинг бош муаммоси ўзини уни пойлаб турган душманларидан қутқариб, кемасини саломатлик ва омонлик қирғоғига олиб чиқиб олишдадир. Ушбу денгизнинг тўлқинлари нимадан иборат? Ушбу денгизнинг йиртқич тимсоҳлари нимадан иборат?
Албатта, бу ушбу борлиқни яратган Роббул оламийнни танимаслик, Унинг олий сифатларини ва гўзал исмларини билмасликдир. Ширк, бутпарастлик ва санамларга ибодат мавҳумотларга берилишдир. У инсониятнинг таби кирлашиши, Яратувчисидан ғофил қолишидир. У модда ва қорин бандаси бўлишдир. У ҳаддан ошишдир. У ҳаром қилинган нарсалардан ўзини тиймасликдир. У ёмонликка амр қилувчи нафснинг кўйига тушишдир. У ўз бурчини адо этишдан қочишдир. У ўз манфаати ортидангина қувишдир.
Инсоният учун энг улкан хатар ўз биносини бузишидир. Унинг асосий ғиштини ўз ўрнидан кўчиришидир. Инсоннинг ўз қийматини, идрокини ва ҳаётдаги ғоясини унутишидир. Ўзини бўри, кўзойнакли ёки бўғма илон деб ҳис қилишидир. Инсон ушбу улкан ҳақиқатларни унутган чоғида бу дунё ҳаётининг денгизи алангаланиб турган оловга айланади. Ана шунда инсон ўз биродари – инсонни овлашга ўтади. Илонлар, чаёнлар, бўрилар ва йўлбарсларга ҳожат қолмайди. Инсон ушбу инсоният ўрмонининг унинг олдида ҳақиқий бўрилар хижолат бўладиган энг катта бўрисига айланади. У ўзининг олдида ҳақиқий шайтонлар ҳам хижолат бўладиган бебош шайтонга айланади. Ана ўшанда инсон ўзи ёққан оловда куйиб қовуриладиган бўлади. Ундай оловни бошқа жойдан олиб келишга ҳожат қолмайди.
Ана шундай зулматли ва қўрқинчли бир пайтда раҳмати илоҳийнинг майин шамоли эсади. Инсониятнинг чириган суяклари жонланади. Унинг кемасини маҳорат ва муваффақият ила бошқарадиган кемачилар пайдо бўлади.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
НУБУВВАТНИНГ ВАЗИФАСИ
Унинг инсониятни қутқариш ва саодатманд қилишдаги ўрни. Анбиёлар амалининг табиати;
Жоҳилият асри ва унинг ағдарилишга ҳамда ўз-ўзини ўлдиришга тайёрланиши тасвири;
Рисолаи Муҳаммадия ҳисобида янги олам;
Рисолаи Муҳаммадиянинг олти армуғони ва уларнинг инсоният тарихига таъсри;
Пок ва равшан тавҳид ақийдаси;
Инсониятнинг бирлиги ва башариятнинг тенглиги асоси;
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти
Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.
У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.
У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.
Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.
Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.
Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.
Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».
Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат
Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.
Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти
Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.
Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.
Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда вафот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.
Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)
Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.
Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши
Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши
Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.
Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон
(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692–705)
Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги
Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.
Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.
Фатҳлар
Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.
Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.
Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)
Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.
У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.
Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий
Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.
Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.
Хаворижлар
Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.
Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар
– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.
– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.
– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.
Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти
Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.
Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.