Шу йил 6 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Мамадқулов, Диний идора бўлим мудирлари Салоҳиддин домла Шерхонов ва Исломиддин домла Зуҳриддинов Қорақалпоғистондаги “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюрди.
Дастлаб соҳа раҳбарлари Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин домла Разов, билим юрти мудири Жалалатдин домла Абдиразаков ҳамроҳлигида билим юрти фаолиятида талабаларга ўтилаётган дарс жараёнини бевосита кузатди.
Ташриф давомида масъул вакиллар “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасида талаба ва ўқитувчиларга яратилган шароитлар кўздан кечирди. Хусусан, Ахборот-ресурс марказида 17 756 та китоб сақланаётгани, ушбу марказ ва унинг ўқув заллари замонавий техника воситалари билан жиҳозлангани, китобларнинг каталоглари қайдай юритилётгани ҳақида таништирилди.
Шунингдек, мадрасанинг янги медиа-маркази билан ҳам танишилди. Унинг 2023 йилда видео-аудио материалларни тайёрлаш, ўқитувчи ва талабаларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишини ривожлантириш мақсадида ташкил этилгани айтиб ўтилди.
Соҳа раҳбарлари талабалар билан суҳбатда илм олиш фазилати, юртимизда таълим-тарбия олиш борасидаги имконият ва шароитлар, хусусан, диний соҳадаги сўнгги янгилик ва истиқболли режалар ҳақида сўзлаб беришди. Жумладан, таълим олгандан сўнг ўқишни давом эттириш ё масжидларда фаолият юритиш истагидаги талабаларга ўз таклиф ва маслаҳатларини тақдим этишди.
Маълумот учун, “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1992 йили Нукус шаҳридаги Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди биносида фаолият бошлаган. Мадрасага 2011 йилда алоҳида бино ажратилган бўлиб, бугун замонавий ўқув биноси, талабалар турар жойи, ёпиқ спорт залига эга бўлган мажмуада барча шароитлар мужассам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло айтади: "Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур" (Муҳаммад сураси, 6-оят).
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ: "Жаннат аҳли жаннатдаги уйларини таниб олишади. Ҳатто бир киши жаннатда ўз уйига дунёдаги уйига келгани каби бориб олади", деди.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: "Яъни, улар жаннатда ўз манзилларини осон топадилар", деди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: "Бу оят мўминларга берилган улуғ бир муждадир. Чунки дунёда улар сабр қилдилар, иймонларини мустаҳкам тутдилар. Энди жаннатда ўз маконларини Аллоҳнинг ҳидояти билан осонгина топадилар. Бу Аллоҳнинг уларга лутфидир", деди.
Аллоҳ таоло мўминлар ва тақводорларни Ўзи уларга тавсифлаб, таърифлаб берган жаннатга киритади. Бу жаннат улар учун аввалдан тайёрланган ва улар унда ўз манзилларини худди дунёдаги уйларини билгандек, осонгина топадилар.