Юртимиздаги масжидлар асосан тўрт ёки саккиз бурчак шаклида қурилади. Шу қаторда дунё масжидларининг бошқа замонавий услублари ҳам шарт-шароитлар ҳисобга олинган ҳолда киритилмоқда. Бу эса масжидлар қуриш борасида катта тажрибага эга бўлиб бораётган ўзбек уста-меъморларининг маҳорати ва бунёдкорликнинг ҳилма-хиллигини ифода этади.
Тошкент вилоятининг сўлим Заркент қишлоғида “Одил ота” масжиди хонақоҳи биринчи бор беш бурчак шаклида қурилмоқда. “Хонақоҳнинг беш бурчаги ва ундаги беш устун динимизнинг беш рукнига менгзатилган”, дейди имом-хатиб Маъмуржон Абдураҳмонов.
Катта йўл лабида жойлашган ушбу жоменинг энг узун бурчаги яхлит бир кўринишда йўловчилар эътиборини ўзига жалб этади. Кирмаган кишининг киргиси, бир кўргиси келади. Ҳозирда қурилиш ишлари ниҳоясига яқинлашиб, ташқи фасад қисми бўёқдан чиқарилмоқда.
“Эски бино ўрнига янги масжидни қуриш ишлари аслида 2017 йилда бошланган эди. Орада маблағ етишмовчилиги сабаб ишлар бир муддат тўхтаб қолган эди. Мана бугун Алҳамдулиллаҳ, якунига етказиш арафасидамиз. Ташқи айвон билан ҳисобланганда 1200 намозхонни янги масжидимиз ўз бағрига сиғдиради”, дея қўшимча қилди Маъмуржон Абдураҳмонов.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд сураси, 31 - оят).
Шарҳ: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар...».
Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси - қиёмат келгунча уларнинг эс-ҳушини жойига келтирувчи мусибатлар бошларига тушиб туради. Бу мусибатлар уларнинг қилган ишлари туфайли тушади.
«...ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар».
Ёки ўша мазкур эс-ҳушни жойига келтирувчи мусибатлар дунёнинг бошқа жойларига тушади. Ўша кофир ва осий бандалар яшаётган диёрларга яқин жойларга тушади. Токи улар ўша мусибатларни кўриб, ваъз-насиҳат олиб, ўзларига келсинлар ва иймон келтирсинлар.
«Тафсири Ҳилол» китобидан