Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2024   |   22 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:21
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
23 Ноябр, 2024, 22 Жумадул аввал, 1446

Оилада фарзанд тарбияси: ТАРБИЯНИНГ НОЗИК ЖИҲАТЛАРИ

4.11.2020   3505   13 min.
Оилада фарзанд тарбияси: ТАРБИЯНИНГ НОЗИК ЖИҲАТЛАРИ

ТАРБИЯНИНГ НОЗИК ЖИҲАТЛАРИ

Жинсий тарбия масъулияти

Тарбиянинг бу жиҳати ўта нозик ва машаққатли. Чунки фарзанднинг жажжи, кўзни қувонтирадиган гўдаклик ҳаракатлари ортда қолиб, энди у ўсмирлик ёшига етади. Энди фарзанд ҳар бир ҳолатни онгли фикрлайдиган, кўз олдида кечаётган ҳар бир воқелик ва жараёнларга болаларча қизиқувчанлик билан эмас, аксинча, ўзгача эътибор билан назар сола бошлайди. Шунинг учун ҳам ота-она ва мураббийлардан бундай тарбия жараёнида жуда катта маҳорат ва фасоҳат талаб этилади. Жинсий тарбия ўғил ва қиз болаларда жинс масалаларига нисбатан тўғри муносабатни қарор топтиришни кўзда тутади. Ёш авлоднинг яхши ва соғлом ўсиб-унишига, вояга етишига, насл қолдириш қобилиятига эга бўлишига, никоҳ ва оилани мустаҳкамлашга ёрдам бериш жинсий-аҳлоқий тарбиянинг асосий вазифасидир.

Ота-оналар, тиббиёт ходимлари ва мураббийлар фаолиятларини уйғунлаштириб, болаларнинг ёши, жинси, иқтидори ва бошқа хусусиятларига мос равишда жинсий ҳамда ахлоқий тарбияни бир-бирига боғлаб олиб боришлари лозим. Мактабгача ёшдаги болалар ва кичик ёшдаги ўқувчилар билан ишлашда шунга алоҳида эътибор бериш керак: бундай тарбия фақат жинсий ҳаёт асослари билан таништириш, болаларга гигиеник малакалар, эркак ва аёл танаси тузилиши, унинг ривожланиш қонунларини сингдиришдан иборат эмас, балки ахлоқий тарбиянинг ажралмас қисми ҳисобланади.

 Ахлоқий тарбияни тўғри олиб бориш учун катталар ўғил ёки қиз боланинг жинсий ривожланиш босқичларини билиши ва табиий ҳамда ғайритабиий улғайишни бир-биридан фарқлай олишлари зарур. Аслида, жинсий тарбия анча барвақт бошланади. 7–8 кунлик чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқилаётганда ўғил ёки қизлигига қараб ва мослаб кийим-кечак ҳамда бошқа буюмлар танланади. Бола уч ёшга тўлганидан сўнг ўзининг қайси жинсга мансублигини англайди. Бунда, аввало, ота ва онанинг “қизалоғим”, “дўмбоқ қизим”, “попугим” деб эркалашидан бола қиз бола экани, “сен ўғил боласан”, “ўғил бола йиғламайди”, деб эслатишидан ўғил экани бола онгига сингади.

Совға қилинган ўйинчоқ, кийим-кечак, ўйин ва машғулотлардан ўғил ва қиз ўз жинси ҳақида маълумотга эга бўлиб боради. Ота-она ва тарбиячилар болаларга ўғил ёки қиз бола эканини билдириб ва уларнинг қандай юмушлар бажариши лозимлигини уқтириб, оиладаги ўрнини кўрсатиб боришади. Болалар боғчасига қатнайдиган кичкинтой одам танасининг тузилиши, ўғил ва қиз бола аъзоларининг тузилиши ҳақида қизиқиб ва ўсмоқчилаб савол бераверади. Ҳатто бу ҳақида бехосдан кўпчилик даврасида сўраб қолиши ҳам мумкин. Ота-она ёки тарбиячи шундай ҳолатда уларга: “Бундай нарсани сўрама”, “Уят бўлади” демаслиги, болага таъқиб кўзи билан қарамаслиги, уларни қизиқтирган саволга вақтини топиб, тўғри, эринмасдан, босиқлик билан жавоб бериши керак. Акс ҳолда, болада нохуш ва қўрқинчли тасаввур пайдо бўлиши мумкин.

Аслида, бундай тарбиядан мақсад – боланинг ақли уйғониши билан, аввало, жинсга нисбатан қарашини тўғри сингдириб бориш. Бу эса йигитларнинг эркакларга хос тарбияси ва ўз ўрнида, қизларнинг аёлларга хос бўлган тарбиясига эътибор йўлидир. Шу йўсинда оилада фарзандларнинг бир-бирларига нисбатан ўзаро муомаладаги масофа ва ўзлари ҳақидаги нозик тушунчалар бериб борилади. Шу билан бирга ёшларига қараб, уйланиш ва турмуш қуриш билан боғлиқ масалаларни ҳам етказиб ва уқтириб бориш талаб этилади. Токи ўспирин улғайиб бораркан, ҳаётда бу борада нима ҳалол ва нима ҳаром эканини тушуниб етсин. Келгусидаги турмуши давомида бу борада муаммоларга дуч келмасин. Чунки аксарият оилаларда ота-оналар истиҳола қилади ёки умуман ушбу тарбияга бефарқ бўлади. Оқибатда эса фарзандлари турмуш қурганидан кейин, ушбу масалалар сабаб бўлиб, муаммолар ва улар орқасидан келишмовчилик келиб чиқади. Натижада, кўпинча бундай оилалар ҳаёти ажралиш билан хотима топади. Ёки тамоман нотўғри тарбиядан мосуво бўлиб ўсган фарзанд ўта қабиҳ йўл – нафсоний шаҳват кетидан қувиб, турли бузуқликларга берилиб кетиши ҳам мумкин. Бу каби хунук, шармсиз ҳолат ва муаммоларга барҳам беришнинг энг гўзал йўли жинсий тарбияни ўзига хос услубда, динимиз кўрсатмалари ва миллий урф-одатларимизга мувофиқ тарзда ўргатиб боришдир. Ушбу тарбия жараёнида ота-она фарзандининг ёшига катта эътибор бериши лозимдир.

Шу боис неча ёшда қайси жиҳатга кўп эътибор бериш муҳим эканини босқичма-босқич баён қиламиз. Фарзандларнинг ёшига қараб бундай тарбия уларга уч босқичда берилади.

1-босқич – 7–12 ёшлар оралиғи, бу яхши ва ёмонни ажрата оладиган ёш. Бу пайтда болага изн сўраш ва назар солиш одоби ўргатилади.

2-босқич – 12–16 ёшлар оралиғи, бу балоғат ёши бўлиб, ўсмирлик ёши ҳам дейилади. Бу вақтда ўғил болада эҳтилом ва қиз болада ҳайз бўлади. Баъзиларда эрта, айримларда эса бир муддат кеч кузатилади.

3-босқич – 16–17 ёшлар оралиғи, бу камолга етиш ёши ҳисобланади.

Ислом фарзанд тарбиясида ҳеч бир нарсани эътибордан четда қолдирмаган, балки тарбиянинг нозик қирраларини ҳам баён қилган. Диний таълимотларда ушбу ёшларда нимани ўргатиш, кўрсатиб бериш ва таъкидлаб бориш каби кўрсатмалар берилган. Шунингдек, қандай амаллардан қайтариш ва огоҳ этиш ҳақидаги зарур таълимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Фарзандларининг тарбияси, келажаги, дунё ва охиратдаги мавқеига эътиборсиз бўлмаган меҳрибон ота-она учун қўлланма сифатида мўътабар китобларимизда битилган динимиз таълимотларини Аллоҳ қодир қилганича баён этамиз.

 

Изн сўраш одоби

Ушбу одоб борасида фарзанд ўз аҳлидан изн сўрашни одат қилиши ва қайси вақтда фарзанд изнсиз ичкари кирмаслиги баён этилган. Иккинчи китобда бу ҳақда қисқа тўхталиб, асосан фарзанд бошқалар хонадонига борганида изн сўраш одобига урғу берилган эди. Бу ерда эса фарзанд эсини таний бошлагач, ота-она ҳузурига, опа-сингиллар хонасига ҳам изн сўраб кириши ҳақидаги зарур жиҳатларга эътибор қаратилди.

Қуръони каримда бу ҳақда очиқ ва равшан баён қилинган:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لِيَسۡتَ‍ٔۡذِنكُمُ ٱلَّذِينَ مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُكُمۡ وَٱلَّذِينَ لَمۡ يَبۡلُغُواْ ٱلۡحُلُمَ مِنكُمۡ ثَلَٰثَ مَرَّٰتٖۚ مِّن قَبۡلِ صَلَوٰةِ ٱلۡفَجۡرِ وَحِينَ تَضَعُونَ ثِيَابَكُم مِّنَ ٱلظَّهِيرَةِ وَمِنۢ بَعۡدِ صَلَوٰةِ ٱلۡعِشَآءِۚ ثَلَٰثُ عَوۡرَٰتٖ لَّكُمۡۚ لَيۡسَ عَلَيۡكُمۡ وَلَا عَلَيۡهِمۡ جُنَاحُۢ بَعۡدَهُنَّۚ طَوَّٰفُونَ عَلَيۡكُم بَعۡضُكُمۡ عَلَىٰ بَعۡضٖۚ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمُ ٱلۡأٓيَٰتِۗ وَٱللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٞ٥٨

«Эй имон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри)ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд)ларингиз уч марта (ҳузурингизга киришда) сизлардан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлар)дир. Улар ўша (вақтлар)дан сўнг (изн сўрамай кирсалар) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз-бирингизга келиб-кетиб турувчидирсиз. Аллоҳ оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Нур, 58).

Ушбу оят моҳиятига эътибор берсак, ота-она болалари балоғатга етмасдан уларга ўз аҳлидан изн сўрашни ўргатиши лозим ва бунга қатъий амал қилиш зарур экани англанади. Аллоҳ таоло бундай изн сўраш уч вақтда бўлишини баён қилди:

Биринчи, бомдод намозидан олдин. Чунки кишилар бу вақтда ўз ўрнида ётган бўлади.

Иккинчи, туш пайти. Чунки бу пайтда ҳам кўпчилик кишилар либосини елкасига ташлаган ҳолда ором олади.

Учинчи, хуфтон намозидан сўнг. Бу вақт табиий, ором олиш ва ухлаш вақтидир.

Аллоҳнинг каломида бу уч вақтда изн сўраш алоҳида таъкидланиб, фарзанд тарбиясидаги одобнинг муҳим асосларидан экани баён этилди. Фарзанд балоғатга етмаган бўлса-да, оиласидагиларни бундай ҳолда кўриши жоиз эмас. Агар бунга эътиборсиз қаралса, биринчидан, фарзанд рухсат сўраш одобини ўрганмайди. Иккинчидан, гўдакнинг кўзи ножоиз ҳолатга тушавериб, бу кўринишлар оддий ҳолга айланади. Оқибатда, боланинг беғубор қалби шикасталаниб, беҳаё ва шармсиз ишларни андишасиз қилиш йўлига ўтиши мумкин. Шу боис фарзандларнинг бундай тарбиядаги тушунчалари тўғри бўлиши учун, бу йўлдаги илк босқич – изн сўраш одобини мукаммал сингдириш зарур.

Аммо фарзанд балоғат ёшига етгач, ота-она фарзандларга бу уч вақтдан ташқари вақтларда ҳам изн сўраш одобини ўргатиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло бундай буюради:

وَإِذَا بَلَغَ ٱلۡأَطۡفَٰلُ مِنكُمُ ٱلۡحُلُمَ فَلۡيَسۡتَ‍ٔۡذِنُواْ كَمَا ٱسۡتَ‍ٔۡذَنَ ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡۚ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمۡ ءَايَٰتِهِۦۗ وَٱللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٞ٥٩

«Қачонки гўдакларингиз балоғатга етса, бас, улар ҳам худди ўзларидан олдинги (балоғатга етган)лар каби изн сўрасинлар!...»  (Нур, 59).

Тарбиянинг қонун-қоидаларини яхши англаган оқил киши Қуръони карим оятларида фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилганини тушунади. Бундай киши фарзандининг ақли ривожланиши билан унга ҳаё, одоб, исломий одобларни ўргатади. Албатта, бундай фарзанд ҳаёни ўзига касб қилиб, аҳлоқий тарбия борасида ҳам баркамол бўлади.

Баъзи фарзандлар тўсатдан, изн сўрамасдан ота-онаси ўтирган уйга кириб, уларни ноқулай аҳволга солади. Бу манзара унинг зеҳни ва хотирасига салбий таъсир қилади. Баъзида айримлар ўзлари истаб-истамай, кўчага чиқиб, ўртоқларига бу ҳақда сўзлайди. Оқибатда, фарзандни ўзи кўрган манзара ва ўртоқларининг турли ўринсиз фикрлари чалғитиб, турли ҳиссиётларга мойиллик уйғонишига сабаб бўлади. Натижада фарзанд одоб чегарасидан чиқиб, турли ножўя йўллар излай бошлайди. Шундай экан, ота-она фарзандига муқаддас динимизнинг мунаввар таълимларида баён қилинган мукаммал одобу ахлоқни ўргатиб бориши керак.

 

Назар солиш одоби

Фарзанд яхши-ёмонни ажрата оладиган ёшга етганида, ота-она фарзандига ўргатиши лозим бўлган муҳим масалалардан бири нимага назар солиш жоиз ва нималарга қараш мумкин эмаслигини таълим беришдир. Бу таълим фарзанднинг хулқи чиройли ва баркамол бўлишида муҳим омилдир.

Ота-она фарзандига назар қилиш одобини қуйидаги тартибда ўргатиши мақсадга мувофиқдир.

Маҳрамларга назар қилиш. Эркак киши учун маҳрам, яъни яқин қариндош ҳисобланган аёллар бир неча жиҳатга кўра таснифланади. Улар қуйидаги тоифаларга бўлинади:

– Насаб жиҳатидан никоҳи ман этилганлар. Аллоҳ таоло баён қилганидек, уларга етти тоифа аёллар киради:

حُرِّمَتۡ عَلَيۡكُمۡ أُمَّهَٰتُكُمۡ وَبَنَاتُكُمۡ وَأَخَوَٰتُكُمۡ وَعَمَّٰتُكُمۡ وَخَٰلَٰتُكُمۡ وَبَنَاتُ ٱلۡأَخِ وَبَنَاتُ ٱلۡأُخۡتِ

«Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар – бу оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари...» (Нисо, 23).

Ушбу аёллар тоифаси насаб жиҳатидан жуда яқин қариндош бўлиб, никоҳ абадий ҳаром қилинган маҳрамлар сирасига киради.

– Никоҳланиш жиҳатидан (қариндошлик сабабидан) никоҳ ман этилганлар. Улар тўрт тоифа аёллар:

Отасининг хотини

وَلَا تَنكِحُواْ مَا نَكَحَ ءَابَآؤُكُم مِّنَ ٱلنِّسَآءِ

«Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг...» (Нисо, 22).

Бу ўринда “отанинг хотини”дан мурод, ўз онаси эмас, балки отаси никоҳига олган бошқа хотин назарда тутилган. Чунки бу аёл ўз эрининг фарзандига она ўрнида бўлади. Шу боис ота ўз никоҳига олиб, маълум муддатдан кейин талоқ қилган аёлга фарзанднинг уйланиши ҳаром бўлиб, бу аёл абадий маҳрам ҳисобланади.

Ўғлининг хотини

وَحَلَٰٓئِلُ أَبۡنَآئِكُمُ ٱلَّذِينَ مِنۡ أَصۡلَٰبِكُمۡ

«...яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир.. (Нисо, 23).

Отага ўзининг зурриёди бўлган ўғлининг хотини, яъни келини маҳрам ҳисобланади. Ҳатто ўғли никоҳидаги хотинини талоқ қилган бўлса-да, ота бу аёлга уйланиши жоиз эмас. Шунинг учун қайнотага келини абадий маҳрам бўлади.

Хотинининг онаси

وَأُمَّهَٰتُ نِسَآئِكُمۡ

«...қайноналарингиз...» (Нисо, 23).

Бу ўринда ўз хотинининг онаси, яъни қайнонаси назарда тутилган. Киши хотинини талоқ қилган тақдирда ҳам ўша аёлининг онасига уйланиши шаръан ножоиз ҳисобланиб, аёлининг онаси абадий маҳрам бўлади.

Хотинининг олдинги эрининг қизи

وَأُمَّهَٰتُكُمُ ٱلَّٰتِيٓ أَرۡضَعۡنَكُمۡ وَأَخَوَٰتُكُم مِّنَ ٱلرَّضَٰعَةِ

«...жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари, жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас...» (Нисо, 23).

Ушбу ўринда никоҳига олган аёлнинг аввалги турмушидаги эридан туғилган қизи баён этилмоқда. Бу қизнинг онасига уйланиш ва қўшилиш билан унга ота ҳукмида бўлиб, ҳатто онасини талоқ қилса ҳам, қизига уйланиш мумкин бўлмайди. Шунинг учун бу қиз ҳам абадий маҳрам сирасига киради. Мабодо қизнинг онасини никоҳига олиб, аммо жинсий яқинлик қилмасдан талоқ қилган бўлса, бундан мустаснодир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Эмизиш жиҳатидан никоҳи таъқиқланганлар

Кутубхона
Бошқа мақолалар

#Янгиликлар “ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА” (22.11.2024)

22.11.2024   16238   1 min.

Жумодул аввал ойининг навбатдаги ҳафтасида рўй берган диний-маърифий соҳадаги муҳим янгиликлар билан танишинг!

00:00 Анонс
00:51 Ўзбекистоннинг бағрикенгликда бошқа давлатларга намуна экани эътироф этилди
01:35 Муфтий ҳазрат талабалар билан дилдан суҳбат қилдилар
02:16 Пойтахтда ўтказилган амалий тадбирлар аҳоли учун манфаатли бўлди
03:29 Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди
03:58 Самарқанд ва Қашқадарё имомларининг малакаси оширилди
04:43 Наманганда диний бағрикенглик  бўйича йиғилиш бўлиб ўтди
05:19 Имом Доримий меросига бағишланган танлов ғолиблари тақдирланди
05:37 Имконияти чекланганлар учун навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат
06:13 Муфтий ҳазратлари бугун "Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” масжидига бордилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

#Жумадан_жумагача