Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Май, 2025   |   21 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:01
Пешин
12:25
Аср
17:27
Шом
19:42
Хуфтон
21:12
Bismillah
19 Май, 2025, 21 Зулқаъда, 1446

Ўзбекистон талабалари учун Ал-Азҳар таълим муассасаларида грантлар миқдори оширилади

04.11.2020   2232   1 min.
Ўзбекистон талабалари учун Ал-Азҳар таълим муассасаларида грантлар миқдори оширилади

Бу ҳақда Миср парламенти Вакиллар мажлиси (қуйи палата) Ижтимоий бирдамлик, оила ва ногиронлар қўмитаси раиси профессор Абдулҳади ал-Қасабий Ўзбекистон Республикасининг Мисрдаги туризм элчиси этиб тайинлангани муносабати билан Ўзбекистоннинг Мисрдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмоновдан тегишли сертификатни олиш чоғида хабар қилди.
“Айни пайтда давлатларимиз ўртасида кўптомонлама ҳамкорликни, хусусан иқтисодиёт, сармоя, савдо, туризм, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ривожлантириш учун мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Миср Президентининг Тошкентга амалга оширган давлат ташрифидан сўнг Миср бош имоми Ал-Азҳар шайхи профессор Аҳмад ат-Тайиб Ўзбекистонда бўлиб, мамлакат раҳбарияти билан самарали учрашувлар ўтказди. Шу кунларда Ўзбекистон талабалари учун Ал-Азҳар таълим муассасаларида грантлар миқдорини ошириш масаласи муҳокама қилинмоқда ва у яқинда ижобий ҳал бўлишига ишончим комил”, - мисрлик олим сўзларига иқтибос келтирмоқда “Дунё” АА.
Таъкидлаш жоизки, маъмурий фанлар доктори Абдулҳади ал-Қасабий парламентда кўпчилик ўринга эга “Мисрни қўллаб-қувватлаш” коалицияси раҳбари ҳамда Миср Суфий тариқатлар Олий кенгаши раиси сифатида фаолият юритади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аллоҳнинг ёрдами яқин

16.05.2025   4282   3 min.
Аллоҳнинг ёрдами яқин

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].

Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.

“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.

Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу  анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.

Шоир айтади:

Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.

 Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 214-оят.
[2]  Юсуф сураси, 83-оят.