Кўпчилик зинонинг касофати ва зарарини билгач ундан қутулиш ва сақланиш чораларини излайди. Қуйида уламолар тавсия этган учта чора ва унинг тафсилоти ҳақида тўҳталиб ўтамиз.
Биринчи чора: Зудлик ила никоҳ қилсин.
Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади
“Бас, ўзингизга хуш ёққан аёллардан никоҳлаб олингиз”.
(Нисо сураси, 3)
Никоҳ орқали эркак ва аёл ўзаро жуфтлашиб шаҳватни энг яхши муолажасини қиладилар. Шаҳват ҳолатида табиатда ажиб жумбуш ва изтироб бўлади. Бундай ҳолатда на ибодатга қалб машғул бўлади, на хотиржамлик ила бирор бошқа иш бўлади. Қалб ва ақлни шундай сархушлик қамраб оладики, уни адо қилмасдан бошқа бирор чораси бўлмайди. Эр-хотиннинг жуфтлашганидан кейин у сархушлик бартараф бўлади. Табиатда осудалик ҳис қилинади. Ҳар турдаги танглик тугайди. Инсон ўзида ҳузур-ҳаловат ҳис қилади. Айни шунинг учун эркак ва аёл бир-бири учун илоҳий туҳфадир. Аллоҳ таъоло шундай марҳамат қилади:
وَمِنْ آيَاتِهِأَنْخَلَقَلَكُممِّنْأَنفُسِكُمْأَزْوَاجًالِّتَسْكُنُواإِلَيْهَا
Яъни:
“Унинг оятларидан бири ором олишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганидир” (Рум сураси, 21).
Бу муборак оятдан собит бўлдики, эркак ва аёл бир-бири учун илоҳий қудратнинг белгиларидир. Уларга бир-бири ила жуфтлашиб сукун ва ором насиб бўлади. Худди шундай ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини никоҳ қилишга буюрдилар ва уни диннинг ярми деб айтдилар. Бир ривоятда шундай дейилади:
إذا تَزَوَّجَ العبدُ فَقَدِ اسْتَكْمَلَ نِصْفَ الدِّينِ
Яъни: “Қачонки, банда уйланса, батаҳқиқ, динининг ярмини мукаммал қилибди” (Мишкоти шариф).
Бундан маълум бўлдики, зинодан сақланишлик ҳамда иффат ва покдомонлик ҳаётини кечиришлик учун энг яхши чора шуки, банда никоҳ қилсин ва унинг жинсий хоҳиши адо бўлсин ҳамда унга зино каби оғир гуноҳдан сақланишлик осон бўлсин.
Иккинчи чора: Назарни тийишлик.
Аллоҳ таъоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَيَغُضُّوامِنْأَبْصَارِهِمْوَيَحْفَظُوافُرُوجَهُمْ
Яъни:
“Мўминларга айтингки, улар назарларини пастга қаратсинлар ва фаржларини сақласинлар” (Нур сураси, 30).
Бадназарликдан инсон ичида шаҳват олови аланга олади. Худди тугмачани босишлик ила машина қўзғалгани каби, номаҳрам аёлга назар солишлик ила инсон жисмида шаҳват аъзолари жумбушга келади. Покдомонлик ҳаётини кечиришни истайдиган одамлар учун бадназарликдан сақланишлик лозимдир. Назар покиза бўлмаса, шаҳват оловини аланга олишидан ҳеч ким тўхтата олмайди. Ҳаттоки, бир кунмас бир кун бадназарликка одатланган одамлар зинога мубтало бўладилар. Шунинг учун Қуръони каримда назарларни пастга қаратишликка ҳукм қилиниш билан бирга фаржни муҳофаза қилиш ҳам ҳукм қилингандир. Бундан собит бўлдики, бу иккиси бир-бири ила чамбарчас боғлиқдир. Кимнинг назари жиловда бўлса, унинг фаржи ҳам сақланган бўлади. Бас, маълум бўлдики, зинокорлик ва бузуқликдан сақланишнинг энг яхши чораси банда назарини тийишидир. Иншааллоҳ, зинодан сақланишлик осон бўлади.
Учинчи чора: Сабр ила намозга бардавом бўлинг.
Аллоҳ таъоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِوَالصَّلَاةِ
Яъни: “Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг” (Бақара сураси, 45).
Инсонга лозимки, шаҳватни сабр орқали жиловласин. Қачонки, тўфон зиёда кўтарилаётганини кўрсангиз, у ҳолда сабр қилиб намоз ўқинг. Аллоҳдан мадад сўранг. Аллоҳ қалбга хотиржамлик солиб қўяди ва беҳисоб гўзал натижалар юзага келади. Чунки, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الصَّلَاةَتَنْهَىٰعَنِالْفَحْشَاءِوَالْمُنكَرِ
Яъни:
“Албатта, намоз фахш ва мункар (ёмон ишлар)дан қайтаради” (Анкабут, 45).
Бундан маълум бўладики, сабр ила намозга эътиборли бўлиш ила банданинг ёмонликдан сақланиши осон бўлади. Шунга кўра, ким зино каби қабиҳ гуноҳдан сақланишни хоҳласа, намозга эътиборли бўлсин. Фарзларни адо қилгандан кейин нафлларни ҳам кўпайтирсин. Иншааллоҳ, шаҳват назоратда бўлади.
Аллоҳ таъоло барчамизни Ўзи муҳофаза қилсин!
"Зина кэ нуқсаанат аор ус сэ бачнэ ки тадаабийр"
китобидан Абдулқайюм Комил таржимаси
Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.
Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».
Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.