ҲИЖРИЙ ЎН БИРИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажини адо этиб Арафотда турганларида, Аллоҳ таоло у зотга Моида сурасидаги:
«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят) оятини нозил қилди.
Ушбу оят нозил бўлганда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар. У кишидан нимага йиғлаётганлари сўралганда: «Ҳар бир нарса камолга етгандан сўнг нуқсони бўлади. Бу нуқсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашувларидир», деган гапни айтдилар.
Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам ҳажда юриб: «Бу йилдан кейин сизлар билан учрашмасам керак», деган эдилар. Бунинг устига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак умрлари охирлаб қолганининг бошқа аломатлари ҳам аёнлашиб қолган эди. Одатда ҳар йили Рамазонда у зот ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Уша йили эса одатдан ташқари йигирма кун эътикоф ўтирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили бир марта – Рамазонда Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломдан ўтказиб олар эдилар. Ўша йили икки марта ўтказдилар ва бу ажаллари ҳозир бўлганининг аломати эканини таъкидладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган ишларида ва гап-сўзларида ҳам сафарга ҳозирлик аломатлари сезилиб қолди. У зот Уҳуд шаҳидларига қайтадан жаноза ўқидилар. Шунингдек, «Мен умматимнинг фаратиман»[1], «Менинг вафотимдек ўхшаш мусибатга асло учрамаслар» ва яна шу маънодаги ҳадисларни айтдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжа ойининг беш куни қолганда ҳаждан қайтиб келдилар. Янги ҳижрий ўн биринчи йилнинг биринчи ойи – муҳаррам ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб душанба куни хасталиклари бошланди.
Хаста бўлишларига қарамай, Шом тарафга Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бошлиқ сарийя юборишга аҳамият бердилар. Бу сарийя Мадинадан чиқиши билан у зотнинг хасталиклари оғирлашиб қолди. Ҳоллари келмай қолганда жамоат намозига Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг имом бўлишларини ихтиёр қилдилар.
Имом Бухорий ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳй васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Ниҳоят душанба куни келиб, улар намозга саф тортиб турганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турганча бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағидек эди. Сўнг табассум қилиб жилмайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, хурсанд бўлганимиздан намозимиз бузилиб кетай деди. Абу Бакр сафга етиб олиш учун орқасига тисарилди. У киши «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқадилар» деб ўйлаган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан «Намозингизни тугатаверкнг» деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У зот ўша куни вафот этдилар».
Бу аламли ҳодиса ҳижрий 11 йил 12 рабиъул аввал (милодий 632 йил 6 июнь), душанба куни чошгоҳ пайтида содир бўлди. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда олтмиш уч ёшда эдилар.
Мусулмонлар бошига оғир ва улкан мусибат тушди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ўхшаган баъзи кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига ишон мадилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу хутба қилдилар. Бу ҳақда имом Бухорий қуйидаги ҳадисни келтиради:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят цилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар. Абу Бакр Сунхда эди. Умар туриб: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлганлари йўқ», деди.
Узи: «Аллоҳга қасамки, ўшанда шундан бошқа нарса ақлимга келмаган эди. «Аллоҳ у зотни албатта қайта тирилтиради ҳамда одамларнинг қўллари ва оёкдарини кесадилар», дер эдим», деган.
Абу Бакр келди. Расулуштоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини очиб, у зотни (пешоналаридан) ўпди ва: «Ота-онам сизга фидо бўлсин. Тириклигингизда ҳам, вафотингизда ҳам поксиз. Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ сизга икки ўлимни ҳеч татитмас», деди. Кейин ташқарига чиқди ва: «Эй қасам ичаётган! Бир оз жим тур! – деди. Умар ўтирди. Сўнг Абу Бакр гапирди. Аллоҳга ҳамду сано айтди ва: – Огоҳ бўлинглар! Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ тириқдир, ўлмас. Аллоҳ таоло: «Сен ҳам ўласан, улар ҳам ўладилар»,[2] деган. Яна: «Муҳаммад ҳам бир расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасвдми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар»,[3] деган», деди.
Одамлар йиғлай бошлашди...»
Шундагина одамлар ўзларига келишди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўзларига келдилар.
Бутун оламнинг сарвари бўлган, охирги илоҳий китобни Роббул оламийндан қабул қилиб олиб, умматга омонат билан етказган ва ўша мўъжиза Китобни ўз ҳаётларига татбиқ қилиб кўрсатган зот омонатни адо этиб, рисолатни етказиб бўлгач, кичкина ҳужрада сокин ётар эдилар...
МУҲИМ САНАЛАР
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Рисолаи муҳаммадиянинг инсониятга фазли ва унинг оламшумул армуғонлари
Рисолаи муҳаммадиядаги раҳматнинг сон ва сифат жиҳатидан қиймати
Рисолаи муҳаммадия башариятни бадбахтлик ва ҳалокатдан сақлаб қолган
[1] «Фарат» деб лашкардан олдин бориб, уларнинг келишига дам оладиган жой тайёрлаб турувчига айтилади.
[2] Зумар сураси, 30-оят.
[3] Оли Имрон сураси, 144-оят.
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”дир», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: “Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин”, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: “Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди”, деб қуйидагиларни айтди: Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур.
Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.
“Руҳий тарбия” китоби асосида тайёрланди