Бу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, террорчилик билан «жиҳод» орасида ҳеч қандай муносабат, ўхшашлик ва алоқа мавжуд эмас, балки улар орасида жиддий қарама-қаршиликлар бор.
Жиҳод – Исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир.
Бошқа эътиқод вакилларини мажбуран динга киритиш жиҳод ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло бундай ҳаракатдан қайтаради. «Бақара» сурасининг 256-оятида шундай дейилган:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَد تَّبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ
“Динга мажбур қилиш йўқ. Ба таҳқиқ, тўғрилик эгриликдан ажради”.
Уламолар бирор шахс ёки мусулмон жамоа-си жиҳодни ўзича эълон қилиб, уруш бошлаши мумкин эмаслигини алоҳида уқтирадилар. Уруш маъносида талқин қилинадиган жиҳод сиёсий масала бўлгани, ўзига хос оқибатларни келтириб чиқаргани сабабли, Ислом шариати фақат давлат раҳбаригина бундай жиҳодни эълон қилиш ва амалга ошириш ҳуқуқига эга эканини қатъий таъкидлайди.
Огоҳ бўлиш лозимки, жиҳод мазмунидаги ҳадислардан бузғунчи ва жиноий ҳаракат-ларни асослаш, қон тўкишни оқлаш ҳамда мусулмонлар орасида фитна чиқариш мақсадида зинҳор фойдаланиб бўлмайди. Бинобарин, Қуръон ва Суннатдаги далилларга асосан айтишимиз мумкинки, муқаддас эътиқодимиз бундай амалларни бутунлай қоралайди. Бу айтилган сўзларга Қуръони карим, ҳадиси шариф ва жумҳур мусулмон уламоларининг қарорларидан далилларни баён қиламиз:
Қуръони каримдан далил: Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 190-оятида шундай деган:
وَقَاتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ الَّذِينَ يُقَاتِلُونَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا
إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
“Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас”.
Мазкур ояти каримада уруш қилган кишиларга қарши уруш қилишлик ва унда ҳаддан ошиб тажовузкор бўлмаслик айтилмоқда. Ҳаттоки, уруш ҳолатида ҳам Ислом уларга зулм ва зўравонлик қилмасликни буюрмоқда.
Ислом дини барча замонларда ҳам, барча маконларда ҳам ва барча ҳолатларда ҳам адолат, эзгулик тарафдори бўлиб келган. Жумладан, эътиқод масаласида ҳам ҳеч бир замонда инсонларни Исломни қабул қилишлари учун мажбурламаган.
«Мумтаҳана» сурасининг 8-оятида эса:
لَّا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
“Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”, деган.
Бу ояти каримада эса, мусулмон бўлмаган ўзга дин вакилларига нисбатан адолатли бўлишдан ташқари, уларга яхши муомалада бўлиш яхши экани айтилмоқда. Дунёда ўзга дин вакилларига Ислом диничалик яхши муносабатда бўлишга тарғиб қилган таълимот бормикан?!
«Тавба» сураси 6-оятида эса:
وَإِنْ أَحَدٌ مِّنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّىٰ يَسْمَعَ كَلَامَ اللَّهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَهُ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لَّا يَعْلَمُونَ
“Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўра-са, унга паноҳ бер, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни омонлик жойига етказиб қўй. Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир”, деган.
Бу ояти каримада ҳам Исломнинг бағрикенг-лик ва меҳр-шафқат дини эканини кўрамиз. Чунки паноҳ беришда ҳам бошпана бериш ва ҳамда билмаган кишилар билиши учун шароит муҳайё қилиниши бордир. Бундан ташқари уларни омонлик жойига етказиб қўйиш ҳам айтилмоқда.
Агар Ислом шариатида динга мажбурлаб киритиш жоиз бўлганида, ғайри динлар бошпана сўраганда ёки асирга тушганларида, улар устида бу ишни амалга ошириш энг яхши фурсат эмасмиди?!
Бу оятларнинг барчаси «Ҳудайбия» сулҳидан кейин, яна ҳам аниқроқ айтсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирида нозил бўлган. Шундай экан, улар, насх, яъни ҳукми бекор қилинмаган муҳкам оятлардир.
Суннати Набавийядан далил: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб дедилар:
“انْطَلِقُوا بِسْمِ اللهِ , وَفِي سَبِيلِ اللهِ تُقَاتِلُونَ أَعْدَاءَ اللهِ فِي سَبِيلِ اللهِ , لاَ تَقْتُلُوا شَيْخًا فَانِيًا ، وَلاَ طِفْلاً صَغِيرًا ، وَلاَ امْرَأَةً ، وَلاَ تَغُلُّوا“.
“Аллоҳнинг йўлига Аллоҳнинг исми ила боринглар. Аллоҳ йўлида душманларингизга қарши урушасизлар. Кекса қария, ёш бола ва аёлларни ўлдирманг. Уларни кишанбанд қилманглар”.
Бу ҳадиси шарифда ҳам мусулмонлар, бошқа уруш олиб бораётганлардан фарқли ўлароқ, душман томонидаги қариялар, ёш болалар ва аёлларни ўлдирмаслик ҳамда уларни кишанбанд қилиб зўравонлик қилмасликлари буюрилмоқда. Агар мажбурлаб Исломга киритиш жоиз бўлганида, қарши томоннинг ота-оналари, аҳли аёллари ва фарзандларини кишанбанд қилиб, сўнгра мақсадларини баён қилсалар яхши имконият бўлмасмиди?!
Ваҳоланки, мусулмон бўлмаганлар томонидан олиб борилган урушларда бу ҳадиси шарифда айтилаган сўзларнинг аксини кўрамиз.
Уламоларнинг қарори: “Абу Бакр розиял-лоҳу анҳу илк халифа бўлганларида Усома розияллоҳу анҳу ва унинг атрофидагиларни жангга юбораётиб шундай васият қилгандилар:
“Хиёнат қилманг, кишанбанд этманг, мусла (яъни инсон аъзоларини кесиб олиш) қилманг. Ёш болалар ва кекса-қариялар ва аёлларни ўлдирманг. Агар бирор қавм ёнидан ўтсангиз, ибодатхоналарида ўз ибодати ила машғул кимсаларга тегманг. Уларни ўз ҳолига қўйинг”.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу васият-лари уламолар қарорига кўра марфуʼ ҳадис ҳукмидадир. Агар уруш куфр сабабли бўлганида эди, ибодатхонасида ибодат қилиб турган ёки паноҳ топиб турган номусулмон эркак ва аёлларни ўлдириш вожиб бўларди. Ваҳоланки юқорида ўтган сўзларда, ҳаттоки, бунга яқин келадиган сўзни учратмаяпмиз.
Дарҳақиқат, муқаддас динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, аввалам-бор, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
40 Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. – Т.: Ҳилол нашр, 2014. – Б. 44.
41 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Т.: Ҳилол нашр, 2014.
42 Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба ал-Куфий. Мусаннаф Ибн Аби Шайба. Ж. 6. – Риёз. Рушд, 1409/1988. – Б. 483.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳажга кетаётганларга ёки ҳаждан қайтганлар ҳаққига «Ҳажингиз мабрур ҳаж бўсин!» дея дуо қилинади. Умуман, ҳожиларнинг ўзлари ҳам ўз ҳажларининг мабрур бўлишини истаб, дуои хайрлар қиладилар. Нима учун бундай дуо қилинади? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадиси шарифлари бор: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!” (Имом Бухорий, 3/1773; Имом Муслим, 2/1349).
Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсоният учун энг афзал амаллар қайсилигини сўралганида, ул зоти шариф томонларидан бундай амаллар қаторида ҳажжи мабрур ҳам санаб ўтилган эди (Имом Бухорий, 2/1519; Имом Муслим, 1/83).
Шундай экан, ҳажнинг қай тариқада мабрур бўлишини билиб олиш жуда зарур экан. Аввало «мабрур» сўзининг луғавий маъноси қандай?
«Мабрур» сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган деган маънодадир. Унинг «холис» деган маъноси ҳам бор. Демак, «мабрур» сўзи «мақбул» сўзига маънодош бўлади.
Мабрур ҳаж бўлиши учун қуйидагилар бўлиши лозим:
1) Имом Бухорийнинг “Тарихи кабир” асарида бир ривоят бор. Унда машҳур олим Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бундай дегани нақл қилинади: “Мабрур ҳаж шуки, ҳаждан дунёда зоҳид ҳолда, охиратга рағбатли бўлган ҳолатда қайтмоқликдир” (Имом Бухорий, «Тарихи кабир», 3/808).
Демак, ҳожилар юртга қайтар эканлар дунё борасида зоҳид, зуҳду тақвога берилган, охират борасида эса унга рағбат қўйган, ҳаром ва шубҳали нарсаларга парҳезгор бўлиб, ҳар дам ва ҳар қадамда охиратини ўйлайдиган бўлишлари керак экан. Агар ана шундай ҳожилар бўлса, уларнинг ҳажларининг мабрур бўлганининг аломати ана шудир.
2) Ҳаж вақтида гуноҳ иш ва қилиқлар аралашмаган ҳаж мабрур бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Термизий, 2/808).
Ҳадиси шарифда тилга олинган “рафас” сўзи луғатда шаллақилик қилиш, беҳаё гапларни гапириш, бузуқ, ифлос ишларни қилиш маъносида экани айтилади. Қуръони каримда у «хотини билан жинсий яқинлик қилиш» маъносида келган. Бу ерда эса у умумий бўлиб, ёмон гап-сўз, қабиҳ ишлар маъносида қўлланган. Демак, ҳажда бу хилдаги ишлар мутлақо мумкин эмас.
3) Ҳаждан кўзланган мақсад фақат Аллоҳнинг фарз қилган ҳажини адо қилиш бўлиши керак. Шундагина ҳаж мабрур бўлади. Бу тўғридаги Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу гапига эътибор беринг:
“Ким мана бу Уйни бошқа нарсани ирода қилмасдан ҳаж қиладиган бўлса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Ибн Абу Шайба, 3/12785).
Инсон ҳажга борар экан, тижорат, савдо-сотиқ ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий ва ҳаждан ўзга диний ишлар ҳажнинг баҳонаси ила сафарнинг биринчи мақсадига айланиб қолмаслиги керак.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» дебдилар. Хотин тасдиқ жавобини берганида, унга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деган экан.
Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Каъбага суяниб ўтирганида, Ироқдан келган ҳожилар у ёқдан бу ёққа ўта бошлабдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларни олдига чақирибди. «Сизлар ҳажга келдингларми? Тавоф қилдингларми, Сафо ва Марва орасини саъй қилдингларми?» дебдилар. Улар тасдиқ жавобини қилибдилар. «Ҳозир нима қилаяпсизлар? Ҳаж мавсумидан фойдаланиб қоляпсизларми?» дебди.
Ҳожилар фурсатдан фойдаланиб, у ер бу ерларни кўриб юришганини, у ёққа бу томонга ўтиб, бориб-келиб юрганларини, бошқа хайрли амаллар, кўпроқ зикр, кўпроқ нафл ибодатлар қилмаётганларини айтишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳажни қайта қилишларини буюрибдилар (Ибн Абу Шайба, 3/12787).
Саҳоба Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳаж кунларида Рабза деган жойни айланиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳажларини қайта қилишни бурган экан.
Демак, инсон ҳаж кунларини ғанимат билиши, бошқа нарсаларга, совға-саломларга чалғиб кетиб, ибодатлардан, зикрлардан қолиб кетмаслиги керак. Шунда унинг ҳажи мабрур бўлади.
4) Ҳажи мабрур бўлганининг аломати ҳожи ҳаж қилиб қайтганидан сўнг унинг ҳоли яхши тарафга ўзгаришидир. Ҳар бир ҳожи ўз ҳолига қараб кўрсин: кўпроқ ибодатлар қилаяптими, ўқиётган нафллари аввалгидан кўпайдими, одамларга қилаётган хайрли амаллари ортдими, оғзидан чиққан ёмон гаплар энди йўқолдими, ёмон амаллари йўқолдими, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган гуноҳлари, айбу нуқсонлари озайдими?
5) Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтган: “Ҳаж мабрур бўлиши учун ҳаж арконлари, маносиклари, амаллари, фарзу, вожибу суннат ва мустаҳабларининг барчаси мукаммал ва тўлиқ адо қилиниши керак”. Бу жуда муҳим гап! Ҳожилар бунга эътибор қаратишлари керак бўлади. Ҳажнинг амалиётларининг бирортаси қолиб кетмаслиги, амалларнинг кетма-кетлиги, тартиби ўзгармаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, бировлар гапига кириб осон ва қулай йўлга ўтиб олмаслиги керак.
6) Муҳаммад Юсуф Баннурий раҳимаҳуллоҳ ҳажнинг мабрур бўлиши учун у риёдан холи бўлмоғи керак, деб таъкидлаган. Зотан, риё савоблар кушандасидир. Хўжакўрсинга, одамлар ҳожи десин, ҳамманинг эътибори ва обрў-ҳурматига сазовор бўлиш мақсадида ҳажга борса; ҳамма ҳажга бораяпти-ку, деб одамлар кўзи учун ҳажга кетса, унинг ҳажи мабрур бўлмаслиги мумкин.
7) Умуман, мабрур ҳаж деганда гуноҳ, маъсият аралашмаган ҳажга айтилади. Чунки унинг «холис ҳаж» деган маъноси бор. Бу гуноҳлардан холи, деганидир. Тавоф асносида, одамлар тиқилинчида бировга туртилмасликка, бировнинг оёғини босиб олмасликка ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Бировнинг кўнглига оғир келадиган гапларни гапирмаслик керак. Бунинг учун зикрга зўр бериш керак. Ҳажга бориб, меҳмонхонада оёқ узатиб ётиб, умрида бир марта бўладиган, атиги ўн беш кунлик муборак сафарида бу ёқдаги, юртидаги дунёвий ишларини муҳокама қилишнинг ҳеч кераги йўқ.
Барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур бўлсин!
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ