Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Феврал, 2025   |   10 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:06
Қуёш
07:26
Пешин
12:42
Аср
16:07
Шом
17:52
Хуфтон
19:07
Bismillah
09 Феврал, 2025, 10 Шаъбон, 1446

Кўз нури, қалб қўри билан...

30.10.2020   2847   6 min.
Кўз нури, қалб қўри билан...

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, таниқли хаттот, юздан ортиқ асарлар муаллифи, кўплаб шогирдлар устози, юртимиз ва хорижда ўтказилган нафис санъат фестивалларида иштирок этиб, нуфузли совринларни қўлга киритган Салим домла Бадалбоев билан хаттотлик санъатининг аҳамияти, нозик жиҳатлари ҳақида суҳбатлашдик.

 

– Ассалому алайкум, домла. Юртимизда тарихий иншоотлар, меъморий мажмуалар кўп. Улар пештоқига арабий матнда гўзал санъат асарлари битилган. Кўрган киши завқ олиш баробарида, уларни ким ёзганига қизиқади...

– Ва алайкум ассалом. Аллоҳ таоло инсонга ато этган бебаҳо неъматлардан бири ёзув. У бўлмаганда ўтмишни бугун ва эрта билан боғлаб бўлмасди. Халқимиз ўтмиши давомида турли ёзувлардан, жумладан, араб имлосидан фойдаланиб келган.

Хаттотлик – дунё халқлари, жумладан, Шарқ мамлакатлари маданиятининг ўзига хос йўналишидир. Унинг Марказий Осиё ва Ўзбекистонда пайдо бўлиши Ислом дини кириб келиши ва ёйилиши билан боғлиқ.

Ундан олдин амалда бўлган уйғур, урхун-энасой, хоразмий ёзувлари истеъмолдан чиқди. Шу тариқа араб тили ва ёзувига эътибор кучайиб, уни санъат даражасида ёзишга мўлжалланган хаттотлик мактаби юзага келди.

Наққошлик, ганж, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, кандакорлик каби ҳунарлар қаторида хаттотлик ҳам санъат даражасига чиқди. Юртимизда хаттотлик санъати Амир Темур даврида янада ривожланган.

Чиройли ёзилган хат кўзни қувнатади. Ҳуснихат билан кўчирилган қўлёзмалар ниҳоятда қадрланади.

 

– Соҳага қизиқтирган устозларингиз, илк фаолиятингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...

– Мустабид тузум даврида кўплаб со­ҳалар қатори хаттотлик диний йўналиш, Қуръон хати сифатида тазйиққа учради. Араб хатини яширинча ўргандик. 1963–1964 йилларда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида ўқиб юрган кезларимизда хаттот устоз Ҳасанхон домла Низомов форс тилидан дарсга кирарди.

Бир куни устоз матн берди. Тахтага ёзарканман, устоз ёнимга келиб: “Салимжон, сиз хаттот бўлишингиз керак. Истеъдодингиз бор экан, хоҳласангиз, менга шогирд тушинг”, деди. Устоздан бир неча йил таълим олдим. 1980 йилдан сўнг хат илмини ўрганишни яна давом эттирдим.

Алҳамдулиллаҳ, истиқлолдан сўнг бар-ча амалий санъат турлари қатори хаттотликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёшим 50 дан ошиб, хаттотликни ўрган-
гач, олий ўқув юртлари, араб тили ўрга­тиладиган махсус лицейларда дарс бера бошладим.

Камолиддин Беҳзод номидаги миллий дизайн ва рассомлик институти, Тошкент Давлат шарқшунослик институтида, Ўз­бекистондаги Миср элчихонаси маданият марказида ишладим.

Ҳозир бир кам саксонга кирган бўлсам-да, фаолиятимни тўхтатганим йўқ. Насх, сулс, риқъа, настаълиқ, девоний, куфий каби хат турларида ижод қиламан. Асарларимни эски ўзбек тили ёзувида ёзаман. Унда асосан мақол, ҳикматли сўз, ҳадислардан фойдаланаман. Одамларга илм ўргатяпман, жамиятга нафим тегаётганидан хурсандман.

 

– Хаттот ўз касбини пухта ўзлаш­тириши учун нималарга эътибор қаратиши керак, деб ўйлайсиз?

– Хаттотлик касбини танлаган киши камида 5–6 та хат турида ёза олиши, наза­рияни яхши билиши лозим. Мисол учун, насх, сулс, настаълиқ, риқъа, девоний, куфий хатларининг алоҳида ёзилиши, ўз назарияси бор. Қоидаларини билмасдан чиройли ва тўғри ёзиб бўлмайди.

Хаттотликка қизиққан баъзилар дарс бошиданоқ: “Устоз, олтита хат алифбосини ёзиб беринг”, дейди. Мен: “Йўқ, аввал насх хатини яхши ўрганиб, Қуръондан 5-6 пора кўчирганингдан кейин сулс хатини ўргатишим мумкин”, деб тушунтираман. Шогирдларимга кунига камида икки соат хат ёзишга ажратмаса, хаттот бўлиш қийинлигини айтаман. Кўпчиликнинг сабр-тоқати етмайди.

Хаттот бўлиш учун, аввало, Аллоҳнинг каломига муҳаббат, дарсга мунтазам қатнашиш, уй вазифаларини доимий бажариш керак.

Низомиддин Турсуналиев, Шаҳноза Раҳматуллаева, Омина Бойназарова, Дилдора Зокирова, Нодира Қутбиддинова умидли шогирдларимдан.

 

– Сизнингча, бошқа ўлкалар билан қиёсланса, бугун юртимизда хаттотлик санъати қай даражада ривожланмоқда?

–Айни пайтда яхши ривожланмоқда. Масалан, Сурия ва Ироқда зўр хаттотлар бор. Аммо ҳозир у ерлар нотинч бўлгани боис хаттотлик одамларнинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Қаерда тинчлик-хотиржамлик бўлса, у ерда тараққиёт бўй кўрсатади.

Халқаро хаттотлик мусобақа ва фестивалларида қатнашиб, машҳур хаттотлар билан суҳбатлашганман. Жумладан, халқаро мусобақаларда доимо етакчи ўрин олиб келадиган туркиялик хаттотлар фаолиятига қизиқиб, улардаги шарт-шароитларни ўрганганман. Ҳамкасбимнинг айтишича, у ерда давлат томонидан ташкил қилинган алоҳида хаттотлик мактаблари йўқ. Аммо хусусий тўгараклар жуда кўп экан. Машҳур хаттотлар ана шу жойларда дарс бераркан.

Айни пайтда юртимиздаги диний таълим муассасаларида, маданият ва санъатга ихтисослашган ўқув даргоҳларида араб тили, хаттотлик дарслари бор. Аммо бу етарли эмас. Ушбу соҳага ихтисослашган таълим муассасаларни кўпайтириш, ижтимоий йўналишдаги барча олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари, мактабнинг юқори синф ўқувчилари учун бошқа тиллар қатори араб тили ва хаттотлик фанини ҳам киритиш керак. Хусусий хаттотлик тўгаракларини ҳам кўпайтириш зарур. Ёшлар орасида ушбу нафис санъат турига қизиқувчилар кўп.

 

– Таълим муассасаларида ўқиётган ёки айни пайтда соҳада фаолият бош­лаш арафасидаги талаба-ёшларга тавсия ва насиҳатларингиз...

– Хаттот бўлиш учун икки шарт бор: аввало, дарс қолдирмаслик ва берилган вазифани бажариш. Шунда натижа бўлади. Аксарият ёшлар дарсга беш-олти ой қат­нашиб, битта насх хатини ўрганиб, тўхтатиб қўяди. Яхши шогирд устозини кўп “безов­та қилиши” керак, уйга берилган вазифани тўлиқ бажариш билан бирга, ўз устида мустақил ишлаши ҳам керак.

Шогирдларимга: “Бу нафис санъат, илм мукаммал бўлиши учун хат ҳам чиройли бўлиши керак”, дейман. Ҳақиқатда илму амали яхши, хати чиройли ва ихлосли киши зўр мутахассис бўлиб етишади.

Хаттотлик илми мисоли қушга ўхшайди. Қўлингизда ушлаб турсангиз, у сизники, агар қўлингизни қушдан бўшатсангиз, учиб кетади. Сўнг яна ушлаш учун катта машаққат чекиш керак. Демак, хаттотликни мукаммал эгаллаб, доимо машқ қилиб турсангиз, хатни ушлаб туришингиз мумкин. Зеро, ҳаёт ўрганишдан иборат.

– Мазмунли суҳбатингиз учун та­шаккур.

 

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

суҳбатлашди

“Ҳидоят” журналининг 8-сонидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жигарни қуритадиган ичимлик

7.02.2025   4580   1 min.
Жигарни қуритадиган ичимлик

Сўнгги пайтларда ёшлар орасида энергетик ичимликлар ичиш одат тусига кирди. Шифокорлар тетиклаштирувчи бундай ичимлик­ларни соғлик учун жуда хавфли эканини таъ­кидлашмоқда.

Энергетик ичимликлар 1960 йили Япо­нияда тиббиётда дори воситаси сифатида кашф қилинган. Дастлаб инсон саломатлиги учун зарарсиз деб ҳисобланган ичимлик аста-секин оммалашиб, тижоратга айланиб кетди. Сўнгра унинг таркибига бир қанча кимёвий моддалар қўшилди.

2014 йилга келиб Жаҳон соғлиқни сақ­лаш ташкилоти дунёда вояга етмаган ўс­мирларнинг энергетик ичимликни кўп ис­теъмол қилиши хавфли эканини эълон қилди. Шу сабабдан кўп мамлакатларда бу ичимликка тақиқ қўйилди.

Саломатлик учун асо­сий хавфлар шакар ва ко­феин миқдорининг юқори­лигидир. Энергетик­ларда эса, кофеин 100 ml учун 30–50 mg бўлади. Баъзиларида 100 mgгача ошиши мумкин. Бу оддий қаҳва (12 mg)дан 8 баравар кўп. Энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш тушкунликка тушиш эҳтимолини оширади.

“Энергетик ичимликларни мунтазам ра­вишда истеъмол қилиш юрак хуружини оширади, асаб тизимини сусайтиради ва гиёҳвандликка олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, қон босимини кўтариш хавфи бор. Масалан, битта идишдаги энергетик ичимликда 27 чой қошиқ шакар бор. Агар сиз бу ичимликларни ичсангиз, келажакда қандли диабет ва бошқа оғир касалликларга дуч келишингиз муқаррар”, дейди мутахассислар.

Айрим ишлаб чиқарувчилар бу ичимликларга ҳайвонлар аминокислоталарига ўхшаш бўлган таурин моддасини қўшади. Бу модда юрак мушакларининг ишлаш жараёнини тезлаштиради.

Энергетик ичимликлар таркибида шакар миқдори меъёридан анча юқори. Шу боис бир шиша энергетик ичимлик ичган киши жигари қаттиқ зўриқади. Энергетик ичимликларни мунтазам ичиш жигар қу­ришига олиб келади.