Ўзбекистон халқи илм-фан, маданият ва санъатга ҳисса қўшган буюк аждодларни чуқур ҳурмат қилади.
ЎзА хабарига кўра, бизнинг мамлакатимизда Ўзбекистон олимларининг мероси ва тарихий асарларини ўрганилади, уларнинг хотираси абадийлаштирилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрда қабул қилинган "Қатағон қурбонлари меросини чуқурроқ ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги фармойиши ота-боболаримизнинг ҳаёти ва ижодини янгидан ўрганишга хизмат қилди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўзбек жадид-маърифатпарварлари ижодини ўрганиш ва оммалаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Махсус фонд ва мажбурий нусхаларни сақлаш хизматида кўплаб муаллифларнинг, шу жумладан Абдурауф Фитратнинг ноёб асарлари ва илмий асарлари сақланади. Баъзилари ўзбек тилини ривожлантириш ва янада оммалаштиришга бағишланган.
Шоир ва олим, ёзувчи ва драматург, ўқитувчи ва маърифатпарвар Абдурауф Фитрат 1925 йилда эски ўзбек алифбосида "Ўзбек тили қоидалари бўйича тажриба. Сарф" дарслигини ёзган. Китоб ХХ асрнинг 30-йилларига қадар кўп марта қайта нашр этилган. Ушбу асар ўзбек тили грамматикасини янада ўрганиш учун асос бўлиб хизмат қилди.
Фитрат араб, форс ва усмонли тилшунослигининг ўзбек тилидаги от, сифат, феъл ва ёрдамчи сўзларни аниқлашдаги ютуқлари ва анъаналарига мурожаат қилди. Унинг ижоди йигирманчи асрнинг 20-йиллари ўзбек тилшунослигининг ноёб намуналари, ўтмишнинг ўлмас манбалари (ҳинд, араб тилшунослиги, туркшунослик) ва замонавий тилшунослик ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилади.
Абдурауф Фитрат ўзбек олимларидан биринчилардан бўлиб профессор унвонига сазовор бўлди. 1991 йил 25 сентябрда ўзбек драматургияси, реалистик адабий танқид ва адабиётшунослик мактабини яратишда қўшган ҳиссаси учун Абдурауф Фитратга Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди.
Ўзбек тилини янада ривожлантиришда ижодий учрашувлар, хотира кечалари, онлайн мулоқотлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда, бу ҳам ёш авлоднинг буюк аждодлар-ўмаърифатпарварлар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий ҳаёти ва фаолияти тўғрисида билимларини бойитишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.