Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.
Азиз мўмин-мусулмон юртдошлар! Куни кеча ижтимоий тармоқ саҳифаларида динимизнинг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби – Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди.
Маълумки, Аллоҳ таоло Қуръони каримни инсониятга ҳидоят ва эзгулик манбаи ўлароқ нозил қилган. Шу нуқтаи назардан, қолаверса, қонунчиликка кўра, инсон ким бўлишидан қатъий назар муайян дин вакилининг диний туйғулари, қадриятлари ҳурмат қилиниши шарт, уларнинг таҳқирланишига йўл қўйилмайди.
Ота-боболаримиз қадим-қадимдан Қуръони каримни кўксиларидан пастда тутмаганлар, жойнамозларини ҳам доимо баланд жойга қўйганлар. Масжид атрофидан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда беҳуда сўз айтмаганлар. Ана шу жиҳатлардан келиб чиққанда, тарқалган видеолавҳадаги ҳолат юртимиз мўмин-мусулмонларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони каримни оёқ ости қилиш ҳолатини қаттиқ қоралашини ҳамда бу ноинсоний ҳаракат ҳеч қайси диний таълимотга ҳам, ақлга ҳам, умуман олганда, инсонийлик тамойилига ҳам тўғри келмаслигини билдиради.
Кези келганда, мўмин-мусулмон юртдошларимизга бундай манфур хатти-ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки ақлни ишлатиб муносабат билдириш лозим эканини таъкидлаймиз. Чунки, қонун ҳужжатларига мувофиқ миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар жавобгарликка асос бўлади. Шундай экан, бу фуқаронинг қилмиши ҳам, албатта, қонуний асосда кўриб чиқилади.
Ўз навбатида, Қуръони каримни таҳқирлаган мазкур фуқаронинг шахсини аниқлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳамда конституция ва қонун ҳужжатларига зид равишда диний адоват чиқаришга йўналтирилган хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўрилишини таъкидлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тартил билан Қуръони каримни қироат қилиш муҳим амаллардан бири бўлиб, ҳарфларни махражларидан чиқариб, Аллоҳнинг каломини тушуниб, тажвид қоидалари билан тўғри ўқишни англатади. “Тартил”нинг луғавий маъноси “бирор нарсани дона-дона қилиб териш”ни англатади.
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, уни тартил билан ўқиш У зотнинг буйруғидир. Муззаммил сураси 4-оятда шундай дейилади: “Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил”.
Али розияллоҳу анҳудан оятнинг маъносини сўрашганда, “тартил – ҳарфларни яхшилаш, вақф ўринларни билиш”, деб жавоб қилганлар. Жаброил алайҳиссаломга Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар.
Тартил билан Қуръон қироат қилиш учун бир қанча қоидаларга риоя қилиш лозим. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Тартил билан Қуръон ўқишнинг фойдалари жуда кўп. Улардан баъзилари:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охири қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади”, дедилар”, (Имом Термизий ривояти).
Зафар қори Маҳмудов,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси.