Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирмақсуд АЛИМОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Аввало, яқинда янада масъулиятли лавозим – вилоят бош имом-хатиблигига тайинланганингиз билан муборакбод этамиз. Маъқул кўрсангиз, энг хавфли иллат бўлиб келган фитна мавзусида суҳбатлашсак...
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ташаккур. Аллоҳ таоло ҳаммамизнинг юзимизни икки дунёда ёруғ қилсин. Дарҳақиқат, бу иллатдан саодат асрида ҳам Расули муҳтарам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳликка чақирганлар. Ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган йирик олимларидан Имом Зайнуддин Биргавий раҳимаҳуллоҳ “Тариқат ул-Муҳаммадия” асарида исломий одоб-ахлоқ, хусусан, қалб хасталиклари борасида сўз юритар экан, қирқ саккизинчи ўринда “Фитна” ҳақида алоҳида тўхталган.
Имом Муҳаммад Ходимий асарни шарҳлар экан, қуйидагиларни айтади: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни давлатга қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади. Шунингдек, китоб мутолаа қилишда эҳтиётсизлик қилиб, тушуниб-тушунмасдан оммага нотўғри тушунча бериб қўйиш ҳам фитна дейилади”.
– Ҳар мақомнинг ўз мақоли, ҳар майдоннинг ўз рижоли бор, дейилади. Уламолар: “Кимки ўз даври урф-одатларини билмаса, бас, у жоҳилдир!” дейишади.
– Ҳа, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ҳам юқоридаги қабилдадир. Бу икки амал, гарчи қирқ фарздан бўлса-да, ўз ўрнини топиб қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Тўғри келган жойда амри маъруф, наҳйи мункар қилиб кетавермаслик керак. Одамларнинг ҳолини, савиясини ҳисобга олиш шарт. Акс ҳолда мункар ишлар кўпайиб кетишига сабабчи бўлиб, тингловчини яна кўпроқ таассубга берилишига замин яратиб беради. Бундан ташқари ўз бошига ҳам балолар орттириб олиши ҳам мумкин.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу айтади: “Кимки биродарига омма олдида ошкора насиҳат қилса, бас, уни айблабди. Агар ёлғиз ўзига гапирса, бас, уни тузатибди”. (“Ал-бариқат ул-маҳмудия фи шарҳи тариқат ил-Муҳаммадия”, 3-жуз, 152-бет.)
Тинч, осуда ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчлик кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари аслида одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир, ёмон оқибатларга олиб келадиган гуноҳдир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида таъкидлаган: «Фитна қотилликдан ҳам ёмондир» (191-оят).
– Хўш, бугунги техник тараққий этган, ёлғиз кишига ҳам қўлидаги телефон орқали бир зумда ёлғон хабар етиб келиши мумкин бўлган замонда фитнадан қандай сақланиш мумкин?
– Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса, юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса, тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса, уни фитна ўзига тортиб олади. Кимки қутулишга жой топса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисга диққат қилар эканмиз, Расул алайҳиссалом киноя билан ҳам фитнага аралашиб қолишдан қаттиқ қайтармоқда. Тик турган одам билан ўтирган одам деганда, фитнага қизиқиб турган одам билан унга эътибор қилмаган одам назарда тутилмоқда. Демак, фитначилар ҳақида қизиқишдан кўра, уларга асло эътибор қилмаслик яхши экан. Ўрнида жим тик турган одам билан юраётган одамдан мурод эса, фитнага қизиқиб турган ва фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушганлардир. Демак, фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушгандан, унга қўшилмай, шунчаки қизиққан дурустроқ саналмоқда. Яёв юрган одам билан тез-тез юраётган одамдан мурод эса, фитна сари тез ҳаракат қилаётганлардан кўра, суст ҳаракат қилаётганлар Аллоҳнинг наздида сал тузукроқ одам, демакдир. Бу иллат қора тунда қора тошнинг устидаги қора ўргимчак мисоли жамиятга кириб келар экан, унга аралашган одам дарҳол чиқиб кетиши қийин. Чунки фитна одатда жозибали бўлади, унга қизиққанларни дарров жалб қилади. Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин, фитнадан қочиши керак.
– Албатта. Турли балою офатлар қаторида фитна иллатидан ҳам паноҳ беришини сўраб қилинадиган дуолар бордир...
– Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди...» (Ғофир сураси, 60-оят). Мана шу оятнинг ўзи Раббимизга алоҳида бир дуо билан эмас, ўз тилимизда, истаган нарсамиздан паноҳ тилаб дуо қилишимиз учун асосдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнадан сақлашини сўраб, Аллоҳга дуо қилгани ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор. Масалан, мана бундай деб дуо қилганлар: “Махлуқлари ёмонлигидан, осмондан тушиб яна кўтарилганлар ёмонлигидан, ер юзида кўпайиб тарқалган ва ер юзидан чиққан (барча) нарсанинг ёмонлигидан, тун ва кундуз ёмонлигидан, (эшигимизни) яхшилик билан қоққан ҳар кимнинг ташқарида қолган ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилайман, ё Раҳмон, Ўзинг асра!” (Имом Аҳмад, (3/419), саҳиҳ иснод билан; Ибн Сунний, 637-ҳ. Абдулқодир Арнавут саҳиҳ эканини айтган. Қаранг: Таҳовий, 133-ҳ.; “Мажмауз завоид”, 10/127).
Суннатга кўра, биз ҳам фитнадан сақлашини сўраб, Раббимизга ёлворамиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизни фитна балосидан асрасин.
А.ХУДОЙБЕРДИЕВ
суҳбатлашди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан