Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
“Сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир” (Имом Бухорий ривояти) деган, барча ишларида умматларига намуна бўлган, гўзал ахлоқлар набийси – севикли Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳ таолодан гўзал одоб ва хулқлар билан зийнатлашини сўраб дуоларида: “Аллоҳим! Менинг хулқимни ва халқимни гўзал қилгин”, дер эдилар.
Шунингдек, ёмон хулқлардан Аллоҳдан паноҳ сўраб: “Аллоҳим! Мени инкор қилинган ахлоқлардан четда қилгин”, деб дуо қилардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло у зотни мадҳ этиб, бундай марҳамат қилган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўполлик қилганларга ҳам юмшоқлик билан жавоб қайтарардилар.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У зотнинг эгниларида дағал матодан бўлган кийим бор эди. Олдиларига бир Аъробий келиб, ридоларидан қаттиқ тортди. Тортиш натижасида кийим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида из қолдирганини кўрдим.
Аъробий: “Эй Муҳаммад! Ҳузурингдаги молдан менга ҳам улуш берсинлар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва табассум қилиб, сўнг унга ҳам молдан улуш беришни буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичикми-каттами, аёлми, эркакми, барча муҳтожларнинг ҳожатини раво қилардилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас, орланмас эдилар” (Имом Насоий, Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камтар ҳаёт кечирсалар-да, эҳсонлари шоҳларникидан ҳам аъло эди.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди. Унга икки тоғ ўртасидаги садақа қилиш учун боқиладиган қўйлардан кўп қўйларни бериб юборишга буюрдилар. У киши ўзининг қавмига келгач: “Эй қавм! Исломни қабул қилинглар! Дарҳақиқат, Муҳаммад йўқчиликдан қўрқмасдан буларни берди”, деди (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лўнда, қисқа, аниқ, фасоҳат билан ҳар кимнинг ақлига мослаб гапирардилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларида дона-доналик ва шошилмаслик бор эди” (Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни охирига етказардилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон иш ёки нарсани эртага қолдирмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, жониворлар сутини ўзлари соғар эдилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиш (да сув қуйиб туриш) ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимни урмаганлар ҳам, койимаганлар ҳам.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ҳеч нарсани: аёлни ҳам, ходимни ҳам урмаганлар. Илло Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганларидагина урганлар. У зотга бирор нарса етган бўлса, унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Илло Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхши хулқлиси эдилар. Бир куни мени бир ҳожат учун юбордилар. Мен: “Аллоҳга қасамки, бормайман”, дедим. Ичимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарса учун бораман, дедим-да, чиқдим. Бозорда ўйнаётган болалар олдидан ўтаётиб туриб қолибман. Бир вақт, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқамдан бўйнимни тутиб турибдилар. Мен у зотга назар солдим. Ул зот: “Эй Унайс, мен амр қилган жойга бордингми?” дедилар. Мен: “Ҳа! Мен бораман. Ё Расулуллоҳ”, дедим ва юриб кетдим (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан енгилини танлар эдилар.
Ойша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри бўлса, модомики гуноҳ бўлмаса, улардан енгилини танлар ва гуноҳ ишлардан ўзларини узоқ тутардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кам овқат еб, кам ухлар эдилар.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бир кунда икки маҳал қоринлари тўйиб овқат емаганлар. Уйда ойлаб қозон осилмас, кўпинча оила таоми ҳурмо ва сувдан иборат эди. Гоҳида очликдан қоринларига тош боғлаб олар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни камситмас, ёқса ер, ёқмаса емас эдилар. Ёқтирмаганларини бошқаларга ёмонламасдилар.
Ойша розияллоҳу анҳо онамиз билан истиқомат қилган ҳужралари бир хонали бўлиб, гуваладан тикланганди. Ҳужранинг торлигидан Расулуллоҳ алайҳиссалом намоз ўқиганларида Ойша розияллоҳу анҳо онамиз ухлай олмас эдилар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом сажда қилганларида Ойша розияллоҳу анҳо онамиз оёқларини йиғиштириб олардилар. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, витр ўқишдан олдин ухлайсизми?” дедим.
У зот: “Кўзим ухлайди. Қалбим ухламайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Динимизда баъзи амаллар борки, уларга ҳажнинг савоби берилади. Албатта, ҳеч бир амал ҳаж ибодатининг ўрнини боса олмайди. Лекин Аллоҳнинг раҳмати ва фазли кенг. Ўзининг розилигини топиш имконият ва йўлларини бандаларига осон қилиб қўйган.
1. Масжидга таҳорат олган ҳолда бориш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким фарз намозни ўқиш учун таҳорат олган (пок) ҳолда (масжидга) чиқса, унинг ажри эҳромдаги ҳожининг савобига тенгдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
2. Зуҳо намозини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
3. Ота-онанинг юзига қараш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Она-отасининг юзига раҳмат билан боққан кишига ҳаж ва умранинг савоби ёзилади”, дедилар. “Кунда минг марта боқса ҳам шундайми?” деб сўрадилар. “Кунда юз минг марта боқса ҳам”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
4. Илмга интилиш.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки эрта билан масжидга фақатгина илм ўргангани ёки ўргатгани борса, унга тўлиқ ҳаж амалининг савоби берилади” (Имом Табароний ривояти).
5. Яхши ният қилиш.
Узун ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “....Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди, шунга қарамай, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади...” (Имом Термизий ривояти).
6. Ота-онанинг розилигини топиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодда иштирок этишни истайман, лекин бунга ҳеч қодир бўла олмаяпман”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” деб сўрадилар.
У: “Онам ҳаёт”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг борасида Аллоҳдан қўрқ (яъни унга яхшилик қил). Шундай қилсанг ҳаж, умра ва жиҳод қилувчи бўласан...” (Имом Байҳақий ривояти).
7. Шом намозини жамоат билан адо этиш.
Уқба ибн Абдулғофир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шом намозини жамоат билан ўқиш ҳажга, бомдодни ўқиш эса умра намозига тенгдир”.
8. Қурбон ҳайити намозини адо этиш.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. Саҳоба Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар: “Рамазон ҳайити намозига қатнашнинг ажри (савоби) умранинг ажри билан баробардир. Қурбон ҳайити намозига бориш эса ҳаж савобига тенгдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД