Инсон шаъни - олий қадрият. Шу боисдан давлатимизда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, ислоҳотлар марказида шахс ва унинг манфаатлари туради. Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш давлат сиёсатининг бош мезонларидан биридир. Албатта, бу каби эзгу тамоил ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда.
Аллоҳ таоло барча мавжудотлар ичида инсон ардоқ ва мукаррам қилиб яратган. Уни Ўзи яратган барча жонзотлардан афзал қилган. Парвардигор одамзотга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган, ҳатто фаришталарини ҳам Одамга таъзимга буюрган. Аллоҳ таоло каломи шарифда шундай дейди: яъни:
“Дарҳақиқат, (Биз Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. “(Исро сураси 70-оят).
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, юртимизда амалга оширилган барча ислоҳотларнинг туб замирида, аввало инсон манфаати, унинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқи олий қадрият сифатида эътироф этиб келинаётгани, мамлакатимизнинг энг катта бойлиги бунёдкор ва бағрикенг халқимиз эканлиги тушунчаси мужассамдир.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг дахлсизлиги асосий Қомусимиз, қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларда кафолатланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида мўмин кишининг сифатида ҳақида марҳамат қилиб айтганлар, “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”. (Байҳақий ривояти).
Хабарингиз бор, Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлди. Бу эса турган гапки, юртимизнинг дунё ҳамжамиятида ўзига хос ўрин эгаллаётганидан далолатдир. Албатта, сўнги 4 йил мобайнида бизнинг мамлакатимиз энг муҳим мақсадга эришди. Ватанимизнинг халқаро имиджи ўзгарди. Халқаро обрў ва халқаро имиджни яратиш ўз-ўзидан бўлмайди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг кўп томонлама халқаро алоқалари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Халқаро майдонда, жумладан, БМТнинг энг юқори минбаридан Ўзбекистон бугун дунёни ташвишга солаётган долзарб масалалар бўйича нафақат муносабат билдирувчи, балки уларнинг ечимлари бўйича аниқ таклиф бераётган, кун тартиби борасида ўз мавқеига эга давлат сифатида ўзини намоён қилди.
Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланиши Ватанимиз мавқеини янада кучайтириб, обрўсини янада ошишга сабаб бўлди.
Шу кеча-кундузда диний соҳада ҳам вазият тубдан ўзгариб бормоқда. Жумладан, Сэм Браунбэк – АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича фавқулодда элчиси ва бошқа кўплаб таниқли хорижий сиёсатчилар Ўзбекистон диний эркинликни таъминлаш йўлидаги ўзгаришлари билан бошқа мамлакатлар учун намуна ва модель бўлиши мумкин, дея эътироф этишди.
Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш динимизда энг афзал амаллардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Шуаро” сурасининг 40-оятида шундай марҳамат қилди: яъни: “(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси борлир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) авф қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир”. Шунингдек, “Фусуллат” сурасининг 34-оятида яъни:
“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал (муомила) билан даф этинг. (Шунда) банагоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўстдек бўлиб қолур”.
Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр-тоқат, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўлган ва бўладиган кишиларнинг феълидир.
Дарҳақиқат, озодликдан марҳум қилинган кишилар авф этилиши улар учун катта имкониятдир. Энд улар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, кейинги ҳаёт йўлида ватани, халқи ва президентига содиқ бўлишга аҳд этишяпти. Шунингдек, бу ерда энг асосийси, улар ўзининг аввалги танлаган йўли диндан адаштирувчи эканликларини англаб етганлигидир.
Инсон ҳуқуқлари давримизнинг энг долзарб масалаларидан биридир. Ҳар қандай мамлакатнинг демократик хусусиятларини кўрсатувчи шартлардан бири ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши учун қандай шарт-шароитлар яратилгани билан белгиланади.
Қадим асарларимизда инсон ва унинг шаънию аъмолини улуғловчи битикларни кўрамиз. Бугунги кунда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Миробод туман масжидларида фаолият юритувчи имом хатиблар томонидан Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқда.
Инсоният тараққиёти, халқларнинг фаровонлиги ва равнақи чинакамига умуминсоний қадриятларнинг қарор топиши, демократик принципларнинг амалга оширилиши, жамиятни ҳаракатга келтирувчи кучларга ишончнинг мустаҳкамланиши билан боғлиқдир.
Мустақилликка эришилгандан кейин Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Бош қомусимиз эркинлик, ижтимоий адолат, миллий давлатчилик, қадриятларни тиклаш каби эзгу орзуларни ўзида мужассамлаштирди.
Бахтимиз қомуси бўлган Конституция нормаларида нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, балки уларни таъминлаш бўйича давлат идораларининг мажбуриятлари ҳам ўз ифодасини топган.
Айни вақтда истиқлол биздан зиммамизга олган ҳалқаро мажбуриятларга риоя этиш ва уларни бажаришни, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Низоми талаблари ҳамда ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига қатъий амал қилиб яшаш масъулиятини юклайди.
Шунга кўра, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича миллий мониторинг тизимини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб бу борада амалий қадам қўйилган.
Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, диний эркинликлар туфайли туманда фаолият юритувчи масжидларнинг имом хатиблари ва бош имомнинг шахсий ташаббуси билан инсон ва ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари ҳақида жойларда тарғибот ва тушунтириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Хусусан, туман имом хатиби томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда авф этилган ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган оила вакилларига ҳар тарафлама амалий ёрдам бериляпти. Жумладан, уларга ҳаётини ва рўзғорини тиклаб олишлари учун керакли рўзғор анжомлари олиб берилди. Шунингдек, уларнинг бандлиги, тадбиркорлик учун сармоя масаласи, соғлигини тиклаш каби савобли ишларни мунатазам равишда амалга ошириб келишмоқда. Энг асосийси, авф этилган инсонлар давлатимиз томонидан ҳар доим ҳам эътиборда. Албатта, бу каби ишларни амалга оширишда мутасаддилар ўзларининг қалбларига қулоқ тутган ҳолда, том маънода инсонийлик ва эзгулик тамойилларига асосланиб фаолият кўрсатмоқда. Бу эса улар учун дастурий амаллардан биридир.
Ўтган давр мобайнида бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда аввало, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси биринчи ўринга қўйилган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат институтлари амалий фаолиятининг мавқеи охир-оқибатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги парламент, идоравий, прокурор ва суд назоратининг самарадорлиги даражаси билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг диний соҳадаги эркинликларига ҳам кенг йўл очилди. Масжидларимиз ўз фаолиятини қайта тиклади. Ва янги масжидлар ҳам қурилиб, диндошларимизга тақдим этилмоқда. Диний асарларимиз қайта нашр этилиб, аҳолига тақдим этилмоқда.
Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама ривожланмоқда. Юртдошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатлик тузилмаларини роли оширилмоқда.
Албатта, ҳар қандай ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини ҳимоя қилиш, буни Конституция ва қонунларда кафолатлаш муҳим ўрин эгаллайди.Сирасини айтганда, юртимизда фуқаролари ҳақ-ҳуқуқлари давлатимиз томонидан тўла кафолатланган.
Одил Холмуродов
Миробод тумани бош имоми
Саҳоба разияллоҳу анҳумлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган Қуръони каримнинг шариъат ҳукмларини истефода қилар эдилар. Кўпинча, Қуръони карим оятлари батафсил айтилмасдан ёки қайдланмасдан нозил бўларди. Масалан, намознинг неча ракат экани, қайси кўринишда бўлиши ва вақтлари баён қилинмасдан умумий бир фарз тарзида келган. Закотнинг ҳам қанча миқдор мол-давлатдан вожиблиги қайдланмаган. Миқдори ва шартлари баён қилинмаган.
Шунингдек, шартлари, асослари ва бирон ҳукмни бузиб юбориши каби изоҳлари аниқ-тиниқ баён этилмаган. Шунинг учун ҳам бу ҳукмларни батафсил билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишга эҳтиёж туғдирарди.
Саҳобалар Қуръони каримда далил бўлиб келмаган кўп ҳодисаларга дуч келишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлини тутиб, ҳукмни ҳадисга кўра баён қилишни лозим деб билишар эди. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббилари тарафидан етказувчи ва Аллоҳ таолонинг шариати, унинг чегараси ва мақсадларини яхши билар эдилар.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каломи шарифни баён қилгувчи эканлари ҳақида:
وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ
“…Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар”. (Наҳл, 44-оят).
Ҳар бир хилоф ишда у зотнинг ҳукмларига бўйсунишга чақиради:
فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
“Йўқ Роббинга қасамки, улар токи ўз ораларидан чиққан нарсага ҳакам қилмагунларича, сўнгра сен чиқарган ҳукмлардан нафсларида танглик топадиган бўлмагунларича ва унга тўлалигича таслим бўлмагунча зинҳор мўмин бўла олмаслар” (Нисо, 65-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ва ҳикмат инсонларга таълим беришлари учун ато қилинганини айтади:
لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
“Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбаримиз юбориб неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, Китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам” (Оли Имрон, 164-оят).
Жумҳур олимлар ва муҳаққиқлар “ҳикмат” Қуръони каримдан бошқа нарса деганлар. “Ҳикмат” Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хабардор қилган дин асрорлари ва шариат ҳукмлари. Уламолар ундан суннат деб таъбир берадилар.
Ҳофиз Ибн Касир ҳам “ҳикмат”ни суннат деганлар.
Имом Шофеъий: “Аллоҳ “Китоб”ни зикр қилди, у Қуръони карим. Уламолар “ҳикмат”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганларини эшитдим. Чунки Қуъон зикр қилинди, орқасидан “ҳикмат” келди, Демак, бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари”, деганлар.
Имом Шофиъий роҳматуллоҳу алайҳнинг гапларидан кўриниб турибдики, “ҳикмат”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деб қатъиян айтса бўлади. Чунки Аллоҳ таоло уни “Китоб”га атф билан келтирди. Демак, маътуф ва маътуф алайҳ бир-биридан бошқа нарса эканини лозим тутади. Бу эса суннатдан бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шариат кўрсатмаларига нисбатан айтган гаплари ва ҳукмларидан иборат содир бўлган ишлар ҳисобланади. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ва эргашиш вожиб бўлган яна бир нарса, яъни, суннат берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларида бу нарса очиқ равшанбаён этилган. Аллоҳ таоло айтади:
يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ
“У (Пайғамбаримиз) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади, ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларни олиб ташлайди” (Аъроф, 157-оят).
Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи Миқдом ибн Маъдийкариба розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Менга Қуръони карим билан унинг ўхшаши ҳам берилди”, деганлар.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ва қайтарган ишларда у зотга эргашишни вожиб қилгани ҳам бунга далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади:
“…Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз…” (Ҳашр, 7-оят).
Кўпгина оятларда Аллоҳ таоло Ўзига итоат қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш билан бирга келтириб айтади:
“Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки, раҳим қилинсангиз” (Оли Имрон, 132-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган ишларга жавоб қилишга тарғиб қилиб оятда айтилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُم
“Эй иймон келтирганлар. Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) га чорлаганда Аллоҳ ва Расулига (лаббай) деб жавоб қилингиз” (Анфол, 24- оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат Аллоҳга итоат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш Аллоҳни севиш эканини баён қилиб айтади:
مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ
“Ким Пайғамбаримизга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур” (Нисо, 80-оят);
قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ
“Айтинг эй, Муҳаммад! Агар Аллоҳни севсангиз менга эргашинг” (Оли Имрон, 31-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига қарши бўлишдан қайтарган:
فَلْيَحْذَرِ الَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنْ أَمْرِهِ أَنْ تُصِيبَهُمْ فِتْنَةٌ أَوْ يُصِيبَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“У(Пайғамбар)нинг амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар”.
Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига қарши бўлиш куфр эканига ишора қилинди:
قُلْ أَطِيعُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْكَافِرِين
“Айтинг: «Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз!» Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли Имрон, 32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига ва буйруқларига қарши бўлиш мўминларга мубоҳ эмас экани ҳақида айтилди:
وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَنْ يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُبِين
“Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашишда адашибди” (Аҳзоб, 36-оят).
Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганларида у зотдан изн сўраб кетиш иймоннинг комил эканига далил бўлишининг хабарини берди.
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آَمَنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَإِذَا كَانُوا مَعَهُ عَلَى أَمْرٍ جَامِعٍ لَمْ يَذْهَبُوا حَتَّى يَسْتَأْذِنُوهُ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَأْذِنُونَكَ أُولَئِكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ فَإِذَا اسْتَأْذَنُوكَ لِبَعْضِ شَأْنِهِمْ فَأْذَنْ لِمَنْ شِئْتَ مِنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمُ اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
“Албатта, мўминлар Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтирган кишилардур. Улар У (Пайғамбаримиз) билан бирга жамловчи (муҳим) ишда бўлсалар, ундан изн сўрамасдан туриб кетиб қолмаслар. Албатта, сендан изн сўрайдиганлар, ана ўшалар, Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирадиганлардир. Улар баъзи ишлари учун сендан изн сўрасалар улардан кимга ҳоҳласанг изн бер ва улар учун Аллоҳга истиғфор айт. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ўта Раҳмли зот” (Нур, 62-оят).
Ибн Қайюм айтади: “Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлган инсон у зотнинг рухсатлари билангина ёнларидан кетишларини иймон шартларидан қилди. Демак ҳар бир гапда-ю, илмий йўлда ҳам у зотнинг изнлари билан юришимиз лозим”.
Бу каби ишларнинг ҳаммасида саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга Қуръони карим ҳукмларини тафсир қилар, қийин жойларини баён қилар, низоларда уларнинг ўртасида ҳукм қилар ва ўрталаридаги келишмовчиликларни ҳал қилар эдилар.
Саҳоба розияллоҳу анҳумлар у зотнинг амр ва наҳийларининг чегарасини маҳкам ушлашар, амалларида, ибодатларида ва муомалаларида доимо итоатда эдилар. Ҳадисда келган:
“Намозни мен намоз ўқиётганимда кўрганларингдек ўқинглар”, деган буйруқларига қараб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намознинг фарзлари, суннатлари ва мустаҳаблари ўрганар эдилар.
“Мендан ҳаж арконларингни ўрганинглар”, деган буйруқларига бўйсуниб ҳажга тегишли бўлган ҳукмларни ўрганар эдилар.
Айрим вақтларда баъзи саҳобалар у зотнинг кўрсатмаларига асосланмасдан ўз фикрлари билан иш тутганда ғазабланар эдилар. Имом Молик “ал-Муатто”да Ато ибн Ясордан қуйидаги воқеани ривоят қилади: “Саҳобалардан бир киши хотинини “рўзадор одам аёлини ўпса ҳукми нима бўлади?”, деб сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига юборди. Умму Салама онамиз розияаллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорлик вақтларида ўпар эдилар”, деб хабар бердилар. Аёл эса уни эрига етказганда: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаган эмасман. Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хоҳлаган нарсасини ҳалол қилади”, дедилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда ғазабланиб: “Мен сизлардан кўра Аллоҳга тақволироқ ва чегараларни билгувчироқман”, дедилар.
Бундай воқеа Ҳудайбийя сулҳида саҳобаларни соч олдиришга ва эҳромдан чиқишга буюрганларида, улар қилмаганларида ҳам содир бўлди. Чунки Ҳудуайбийя сулҳида мусулмонлар ўша йили Каъбани тавоф қилмасдан қайтиб кетишлари ва келаси йил келишларига келишув бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Каъбани зиёрат қилиш ниятида чиққан эдилар. Саҳобалар Ҳудайбийя сулҳида умра ҳақидаги келишув бекор қилинишини кутишган. Шу сабабли эҳромдан чиқишни кечиктиришади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу ишни бошлаб бериб, эҳромдан чиққанларида улар ҳам эргашишди.
Саҳоба розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлари жуда ҳам юқори даражада эди. Ҳатто, сабабини билмасдан, ҳикматини сўрамасдан у зот қилган ишларни қилар, тарк қилган ишларни тарк қилар эдилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилладан узук таққанларида саҳобалар ҳам узук тақдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узукни ташлаб: “Энди ҳеч қачон тақмайман”, деганларида, саҳобалар ҳам узукларни ташлашди”.
Қози Иёз “Шифо” номли қитобларида Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан намоз ўқиётганларида кавишларни ечиб чап тарафга қўйдилар. Қавм буни кўриб оёқ кийимларини улоқтириб юборишди. Намоз тугагандан сўнг: “Нимага оёқ кийимларингизни улоқтирдинглар”, деб сўрадилар. “Сиз ковушингизни ечганингизни кўрдик”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳиссалом олдимга келиб ковушларимда нажосат борлигининг хабарини берди”, дедилар.
Ибн Саъд “ат-Тобақатул Кубро”да: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар билан масжидда икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг Масжидул Ҳаромга юзланишга буюрилдилар. Масжидул Ҳаромга бурулганларида мусулмонлар ҳам бурилдилар”, деган ривоят келтирилган.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига одатий ва кундалик ҳаёт кечиришда ҳам сўзсиз бўйсунар эдилар. Ибн Абдулбарр “Жомеъ баёнил илм ва фазлиҳи”да ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳимо Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жума намозига келганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба ўқиётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Ўтиринглар”, деганларини эшитиб масжид эшигига ўтирдилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзни айтганларида қаерда бўлган бўлсалар шу жойга ўтирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни кўриб “Эй, Абдуллоҳ ибн Масъуд кел”, дедилар.
Мана буни ўз раҳбарига эргашиш ва унинг сўзига итоат дейилади. Саҳобаларнинг ҳаётлари бу каби эргашишни кўрсатувчи мисолларга тўлиб тошган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида мана шундай ҳаёт кечиришар эди. Сўзлари, қилган ишлари ва бирон нарсани тасдиқ қилишларидан шаръий ҳукмлар олишар эди. У ҳукмларда ҳеч қайси бирлари ихтилоф қилмас эдилар.
Ойбек Ҳошимов,
“Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси.