✨Оталари: Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилмасларидан олдин оламдан ўтганлар.
✨Оналари: Омина бинти Ваҳб пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг 6 ёшликларида вафот қилганлар.
✨Боболари: Абдулмуттолиб ибн Ҳошим пайғамбаримиз алайҳиссалом 8 ёшликларида дунёдан ўтган.
✨Амакилари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 9 та амакилари бўлган. Уларининг исмлари: Ҳорис, Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абду¬маноф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, Муғийра ва Навфал.
✨Аммалари: Умайма, Баро, Умму Ҳакийм, Сафия, Арво, Отика.
✨Аёллари: Хадийжа бинту Ҳавайлид, Савда бинту Замъа, Оиша бинту Абу Бакр, Ҳафса бинту Умар, Зайнаб бинту Ҳузайма, Умму Салама (Ҳинд бинту Абу Умайя), Зайнаб бинту Жаҳш, Маймуна бинту Ҳорис, Жувайрия бинту Ҳорис, Умму Ҳабиба (Рамла бинту Абу Суфён), Мория бинту Шамъун, София бинту Ҳуяй.
✨Ўғиллари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг учта ўғиллари бўлган аммо улар ёшликларида вафот қилганлар. Улар: Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим.
✨Қизлари: Зайнаб, Фотима, Руқайя, Умму Кулсум розияллоҳ анҳунна.
✨Куёвлари: Абул Осс ибн Робиъ розияллоҳу анҳу – Зайнаб бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг турмуш ўртоқлари.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу – Фотима бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг турмуш ўртоқлари.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу – аввал Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг Руқайя исмли қизларига уйланадилар, бир қанча вақт ўтиб Руқайя розияллоҳу анҳо вафот этганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кенжа қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳога уйланадилар. Шу сабабли Усмон розияллоҳу анҳу «Зиннурайн» - икки нур соҳиби деган ном билан шарафланганлар.
✨ Набиралари: Абул Осс ибн Робиъ ва Зайнаб бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Али, Умома.
Али ибн Абу Толиб ва Фотима бинту Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Ҳасан, Ҳусайн, Мухассин, Зайнаб, Умму Кулсум.
Усмон ибн Аффон ва Руқайя ибн Муҳаммад алайҳиссаломнинг фарзандлари: Абдуллоҳ.
Имом Термизийнинг«Шамоили Муҳаммадия» асари асосида тайёрланди.
mehrob.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД