Она тилим – жону дилим
Тил ҳар куни, ҳар лаҳзада миллионлар томонидан қўлланиб, тинимсиз ўзгариб турадиган улкан жараён. Хусусан, кейинги ўн-ўн беш йил мобайнида ижтимоий ҳаётда рўй бераётган янгиликлар тилимизга зўр таъсир ўтказди. Масалан, динга алоқадор талай сўзлар ёзилишида анча ўзгариш юз берди.
Гапни “Бисмиллоҳ”дан бошлайлик.
Илгари китобларда “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” деб ёзилар эди. Энди бўлса, ўн китобда ўн хил: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” (Фаридуддин Аттор, “Тазкиратул авлиё”. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, Т., 1997). “Бисмиллоҳирраҳмонирраҳим” (“Таҳорат ва намоз ўқиш қоидалари”. “Хонақоҳ” масжиди, 1990), “Би-сми-л-лаҳи-р-раҳмонир-раҳийм” (Заҳириддин Муҳаммад Бобур, “Китобу-с-салот”. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, Т., 1993), “Бисмиллоҳир-раҳмонир-раҳим” (Алишер Навоий. “Мукаммал асарлар тўплами”. ЎзР ФА “Фан” нашриёти, 20 томлик, XIV том, Т., 1998, 7-б), “Бисмиллаҳир Раҳманир Роҳим” (С.С. Бухорий, “Дилда ёр”. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти), “Бисмиллаҳир раҳмаанир роҳиийм” (“Ислом. Пайғамбаримиз дуолари”, “Исломда эътиқод, Икки ҳайит ва жума намози хутбалари”, Марғилон, “Масжидул Фурқон”) ва ҳоказо.
Таажжубки, аввалгининг тескариси: олдин қаерда “а” ёзилган бўлса, энди “о” қилиб, “о” ни эса “а” деб ёзиш керак эмиш. (Раҳмон – Роҳман). Биргина “Раҳим” сўзида ниҳояти бешта товуш бўлса, бунинг эски ва янги шакли ўртасида учта ҳарф тафовути юзага келяпти. Яъни, ўзгариш 60 фоиз. Оллоҳ-Аллоҳ, дин-дийн, имон-иймон, вали-валий, тариқат-тарийқат, расул-росул ва ҳоказолар ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин.
Хўп, бу ўзгаришлар яхши ният билан – диний калималарни асл арабча ёки унга яқин ифодалашга интилишдан келиб чиқади, дейлик. Аммо, ўзингиз ўйлаб кўринг, араб тилидан кириб келган сўзларни худди араблардек талаффуз қила оламизми? Шунга уриниш тўғрими ўзи?
Диний атамалар имлоси соф илмий масала бўлиш билан бирга, кўп ҳамдир. Дунёнинг ҳамма халқлари четдан кирган сўз ва атамаларни ўз тилига мослаштириб, талаффуз қилади, шундай ёзади ҳам. Араблар “жавҳар” дейди, “Шош” дейди, чунки “гавҳар”, “Чоч” дейишга тили келишмайди. Биз эса, нима учундир, қайси тилдан сўз олар бўлсак, ўшанга мослашишга уринамиз, она тилимиз хоссалари поймол бўлаётгани билан ишимиз йўқ.
Билмадим, баъзиларнинг табиати шунақа шекилли. Ҳар кимга тобе бўлишга шай. Бутун дунё: инглизлардан тортиб, арабларгача Россия пойтахтини “Москов” дейди, русларнинг ўзи ҳам жумла ичида “Московские новости” деб атайди, аммо биз ҳижжалаб: “Москва”, деймиз.
Ўзбек тилидаги нутқда – у оғзаки бўладими ёки ёзма – ўзбек тили хусусиятлари устун бўлиши керак. Бу ҳол арабчадан кирган диний калималар имлосига ҳам тўла тааллуқли. Фонетика соҳасида шундай тажрибалар ўтказилганми ё йўқлигини билмайман, аммо мен учун “роҳийм” дейишдан кўра “раҳим” дейиш қулайроқ.
Оталаримиз “Аллоҳ”, “расул”, “тариқат” деган ва бу шакл ўзбек тилининг орфоэпиясига тўла мувофиқ келади. Бугунга келиб “тариқат” эмас, “тарийқат” тўғри деб топиладиган бўлса, унда “ҳақиқат”ни “ҳақийқат”, “Фарида”ни “Фарийда” деб ёзишга тўғри келади ва ҳоказо. Юз-юзлаб сўзлар шакли ўзгаради, ўзбек имлоси пароканда бўлади.
Бу каби “таҳрир” ва “ислоҳ”ларни қулоқ қоқмай қабул этаверадиган бўлсак, ҳадемай форсийча сўзларни ҳам тафтиш қилишга киришамиз: пайғамбар – пайғомбарга, раҳбар – роҳбарга айланади.
Араб сўзларини, ҳарчанд уринмайлик, кириллу лотин алифболарида барибир мукаммал ифодалаб бўлмайди. Бинобарин, диний калималарни, ҳозиргача ёзиб келинганидай, луғатларга мувофиқ беравериш мақсадга мувофиқ.
* * *
Форс-тожик, рус ва бошқа тиллардан кирган қўшма сўзларни ўзбек сўзи каби ёзамиз (хушомад, нуқтаи назар, электростанция, интерактив). Аммо араб тилидан олинган аксар сўз бирикмалари, нима учундир, дефис (-) билан ифодаланади (“Маҳбуб ул-қулуб”, “Ятимимат ад-даҳр”). Аслида, араб ёзувида дефис деган нарсанинг ўзи йўқ. Русларнинг арабча киши исмлари (Сайфиддин, Худоёрхон, Умми Кулсум) ва жой номлари (Қўқонқишлоқ) орасига дефис қўйиши (Сайф-эд-дин, Худаяр-Хан, Умм-аль Кульсум, Кокан-кишлак)нинг ҳам араб имлосига алоқаси йўқ. Бу ғарблик шарқшунослар ихтироси бўлиб, сўз ўзагидан артиклни фарқлаш учун орага чизиқча қўйишган. Масалан, Алишер Навоий асарини “Назм-аль-Джавахир” деб ёзади. Кейинчалик Шарққа тегишли ҳар қандай сўз бирикмаси, ҳатто арабий бўлмаса ҳам, дефис билан ёзиладиган бўлди (“Бабур-наме”). Ажабки, Европанинг ўзидаги жой номлари, ҳатто қўшма отлардан ташкил топган бўлса ҳам, дефиссиз ёзилади (Будапешт, Штутгарт, Волгоград).
Бугина эмас. Ғарб имлосида нафақат араб, балки умуман Шарққа (хитой, япон, ҳинд, вьетнам, корейс…) тегишли ҳар қандай сўзни дефис билан парчалаб ёзиш анъанага айланган. Улар “Учқудуқ”ни ҳам “Уч-кудук” деб ёзади.
Хуллас, тил миллат кўзгуси. Ажнабий тилдан ўзлаштирилган ёки ўзлаштирилаётган ҳар қандай сўз ўзбек тили грамматикасига мослашиши шарт. Акс ҳолда маънавиятимизга, ўзлигимизга дарз кетади. Бу эса жуда хавфлидир.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
адабиётшунос олим
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(1-қисм)
МУТАХАССИСЛАР СТАТИСТИКАСИ МАЪЛУМОТЛАРИ:
Ø Дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланмоқда.
Ø Дунё бўйича ҳар куни 100 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олмоқда.
Ø Республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради.
Ø Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда.
Ø Юртимизда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 2282 киши вафот этган.
Ø Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлиллари бўйича 54,5 % ҳодисалар пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда.
БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ (БМТ) маълумотларига кўра:
è Ҳар йили дунёда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,35 миллион киши ҳалок бўлади, яъни ҳар 24 сонияда бир киши ҳалок бўлади.
è Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолиши ҳам қўшилса, фалокат кўлами янада кенгаяди.
è Бундай бахтсиз ҳодисалар 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабидир.
è Жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этади.
è Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар сони бутун дунё бўйлаб, айниқса ривожланаётган мамлакатларда кўпайишда давом этаётганидан хавотир билдириб, 26.10.2005 йилда БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/60/5 - Қарори билан ноябр ойининг учинчи якшанбасини “Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни” деб эълон қилиш таклифини қабул қилди.
è Ҳар йили 15 май – БМТ Бош Ассамблеясининг буйруғига биноан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги глобал ҳафталиги” ўтказилади.
è БМТ Бош Ассамблеяси “2021-2030 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳаракатлар 10-йиллиги”ни эълон қилиб,
– йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатларни олдини олиш;
– 10 йил мобайнида камида 50 % га камайтириш;
– 2030 йилга келиб йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим ва жароҳатларнинг камида 50 фоизини олдини олиш
га қаратилган улкан мақсадлар билан
2020 йил сентябр ойида «Бутун дунёда йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш» номли A/RES/74/299 - Резолюциясини қабул қилди.
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен оёқларинг билан зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро сураси 17/37 оят);
Z «Аллоҳ наздида энг азизу мукаррамроғингиз – тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси 49/13 оят);
Z «Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: «даврани кенгайтирингиз!» – дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам керак пайтида кенг жой берур. Яна қачонки, «турингиз!» – дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган барча яхши ва ёмон амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси 58/11 оят);
Z «Кимки бир савобли иш қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси 6/160 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;
¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман! Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман! Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;
¯ «Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш» (Муттафақун алайҳ);
¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;
¯ «Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Имом Баззор ривоятлари);
¯ «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;
¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);
¯ «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;
¯ «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир» (Муттафақун алайҳ);
¯ «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;
¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);
¯ «Поклик – имондандир»;
¯ «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;
¯ «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);
¯ «Одамларга миннатдорчилик изҳор этаолмаган одам, Худога ҳам шукр қилаолмайди» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;
¯ «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;
¯ «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни улуғламаган – бизлардан эмас» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” – дейди»;
¯ «Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади»;
¯ «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;
¯ «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);
¯ «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;
¯ «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
¯ «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;
¯ «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;
¯ «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;
¯ «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;
¯ «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;
¯ «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;
¯ «Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қилади»;
¯ «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;
¯ «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;
¯ «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»;
¯ «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!..» (Имом Бухорий ривоятлари).
(1 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов