Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таоло Қуръонда:
وَمَا كُنْتَ تَتْلُو مِنْ قَبْلِهِ مِنْ كِتَابٍ وَلَا تَخُطُّهُ بِيَمِينِكَ إِذًا لَارْتَابَ الْمُبْطِلُونَ
яъни: “Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз ва қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда бузғунчилар, албатта, шубҳага тушган бўлур эдилар” (Анкабут сураси, 48-оят), деб гувоҳлик берганидек, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган бесавод бир киши эдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи саваллам ўзларига келган ваҳийни нозил бўлиш вақтидаёқ ёдлаб олишга ҳаракат қилар эдилар. Бунга қуйидаги оятда ишора қилинган:
لَا تُحَرِّكْ بِهِ لِسَانَكَ لِتَعْجَلَ بِهِ. إِنَّ عَلَيْنَا جَمْعَهُ وَقُرْآَنَهُ. فَإِذَا قَرَأْنَاهُ فَاتَّبِعْ قُرْآَنَهُ. ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ.
яъни: “(Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг. Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир” (Қиёмат сураси, 16-19-оятлар).
Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи савалламнинг бир нечта котиблари бўлиб, улар Қуръон оятларини суяк, ҳурмо барглари, япалоқ тош ва шунга ўхшаш нарсаларга ёзиб борар эдилар. Ёзилган оятлар Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи савалламнинг уйларида турар, котиблар ҳам ўзлари ёдлашлари учун ундан кўчирма олар эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларга ҳар бир оятни суранинг қайси жойига қўйилишини кўрсатиб берар эдилар.
Уламолар ўртасида суралардаги оятларнинг жойлашиш тартиби тавқифий (яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи саваллам томонидан белгиланган) эканлиги ҳақида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бунга Усмон ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис далил бўлади. У киши шундай деганлар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи савалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Шу пайт У зот кўзларини бир юмиб очдилар ва шундай дедилар: “Ҳозир ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб мана бу оятни мана бу сурага қўйишимни буюрдилар”:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).
Сураларнинг жойлашиши тартиби ҳақида эса, уламолар бир нечта фикрлар билдиришган. Баъзилари, уни саҳобаларнинг ижтиҳодлари орқали тартиб қилинган деса, бошқалар, тавқифий деб айтишган. Бу фикрларнинг тавқифий дегани қувватлироқ. Дарҳақиқат, Қуръонни тўлиқ ёдлаган Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу каби баъзи саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом билан Жаброил алайҳиссалом ўрталарида бўладиган Қуръон дарсларида ҳозир бўлишган. Ўшанда Қуръоннинг сура ва оятлари ана шу тартибда қироат қилинар эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи савалламнинг энг машҳур котиблари тўрт халифа, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Муовия ибн Абу Суфён, Язид ибн Абу Суфён, Муғира ибн Шуъба, Зубайр ибн Аввом, Холид ибн Валид разияллоҳу анҳумлардир. Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим ибн Маъқал, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Қуръонни мукаммал ёдлаган саҳобалар жумласидандир.
Қуръондаги Маккий ва Маданий суралар
Юқорида айтиб ўтилдики, Қуръони карим қарийиб йигирма уч йил давомида нозил бўлди. Бу муддат икки қисмга бўлинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи саваллам Маккада ҳижратдан олдин яшаган ўн уч йил ва ҳижратдан кейин Мадинада яшаган ўн йил. Айнан мана шу жиҳатдан Қуръон суралари Маккий ва Маданийга ажратилади. Қуръони каримни тушунишда сураларнинг Маккий ва Маданийга ажратиш катта аҳамият касб қилади. Оятнинг носих (бекор қилувчи) ва мансух (бекор қилинган) эканлиги уни Маккий ёки Маданий эканлигини билишга боғлиқдир.
Уламолар ўртасида Маккий ва Маданий суралар ҳақида уч хил атама мавжуд:
Биринчи, Маккий деб Маккада нозил бўлган сурага айтилади, гарчи у ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлса ҳам. Маданий деб, Мадинада нозил бўлган сурага айтилади. Бу фикрга биноан сафар вақтида (Макка ва Мадинадан ташқарида) нозил бўлган суралар Маккий ҳам эмас, Маданий ҳам эмас, балки у алоҳида учинчи қисмдир.
Иккинчи, Маккий – Макка аҳолисига қарата хитоб қилинган оятлар, Маданий – Мадина аҳолисига қарата хитоб қилинган оятлар.
Учинчи, энг машҳур фикр, Маккий – ҳижратдан олдин нозил бўлган сура, Маданий – ҳижратдан кейин нозил бўлган сура, гарчи у Маккада нозил бўлган бўлса ҳам. Мисол учун, Нисо сураси, Моида сурасининг 3-оятидаги “Бугун мен сизларга динингизни комил қилиб бердим” жумласи. Яҳё ибн Саламдан шундай ривоят ҳам бор: Маккада ва Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага етиб бормай туриб йўлда нозил бўлган суралар Маккий, Мадинага келганларидан кейинги сафарлари давомида нозил бўлган суралар Маданийдир. Бундан ҳижрат сафари мобайнида нозил бўлган сурани ҳам Маккий деб аташ маълум бўлади.
Уламолар Қуръон сураларининг қайсилари Маккий ва қайсилари Маданий эканлиги устида тортишганлар. Баъзилар Қуръондаги 19та сура Маданий эканлигига уламолар иттифоқ қилганларини айтишган. Улар: Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анфол, Тавба, Нур, Аҳзоб, Қитол, Фатҳ, Ҳужурот, Мужодала, Ҳашр, Мумтаҳана, Жумъа, Мунафиқун, Талоқ, Таҳрим, Наср. Қолган суралар Маккий бўлиб, уларнинг баъзисига иттифоқ қилинган бўлиб, уларнинг сони 71та, баъзиси устида ихтилоф бор, улар 24та. Маккий эканлиги устида ихтилоф бўлган суралар қуйидагилар: Фотиҳа, Юнус, Раъд, Ҳаж, Фурқон, Ёсин, Ҳадид, Соф, Тағобун, Инсон, Мутаффифин, Балад, Валлайл, Қадр, Баййина, Залзала, Одиёт, Такосур, Маъун, Кавсар, Ихлос, Фалақ, Нос. Эҳтимол бу суралар устидаги ихтилофнинг асосий сабаби, бу сураларнинг кўпчилигининг баъзи оятлари Маккий, баъзилари Маданий бўлганлигидир.
Маккий ва Маданий сураларнинг бир-биридан фарқи
Уламолар сураларнинг Маккий ёки Маданий эканлигини ажратадиган белгиларни аниқлашган бўлиб, улар қуйидагича;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
https://t.me/tuhur
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати