frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Савоби Қуръоннинг тўртдан бирига тенг

09.10.2020   4385   7 min.
Савоби Қуръоннинг тўртдан бирига тенг

بسم الله الرحمن الرحيم

إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ (١)

وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا (٢)

فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا (٣)

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).  

«(Эй Муҳаммад!) Қачонки Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўр­ганингизда, дарҳол Раббингизга ҳамд билан тас­беҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбалар­ни қабул этувчи Зотдир» (Наср сураси).

Суранинг аввалида “ан-Наср” сўзи келгани учун, “Наср”, яъни ғалаба деб ном­лан­ган. Наср улкан ғалаба, Маккаи мукаррама фатҳи­дир. Бун­дан ташқари, су­ранинг “Тавдийъ” – «видолашув» деган номи ҳам бор.

Мадинада нозил бўлган бу сурада Макканинг фатҳ этилиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушриклар устидан ғалаба қозо­нишлари, Араб яриморолида Ислом динининг ёйилиши, ширк ва санамларнинг йўқ бўлиши билдирилган.

Шунингдек, бу сурада Расу­луллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг вафотла­­ри яқин­лашгани ҳақида хабар ва Ал­лоҳ таолога тасбеҳ, ҳамд ва ис­тиғфор айтишга буюрилган.

Имом Байҳақий раҳма­туллоҳи алайҳ қилган риво­ятда: “Наср сураси Қуръон­нинг тўртдан бирига тенгдир”, де­­йилган.

Имом Насоий Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилади: «Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо менга: “Қуръондаги охирги нозил бўлган сурани биласанми?” деганида, мен: “Ҳа, биламан, у “Иза жаа а-насруллоҳи...” сурасидир”, дедим, у зот: “Тўғри айтдинг”, дедилар».

Имом Бухорий раҳматул­лоҳи алайҳ ривоят қилади: «Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу­мо айтади: “Умар ибн Хаттоб мени Бадрда иштирок этган катта ёшли кишилар билан бирга (ҳузурларига) киритар эдилар. Бундан уларнинг баъзилари таажжубланишар эди. Кунларнинг бирида уларни ҳузурларига чақиртириб, мени ҳам улар билан бирга таклиф қилдилар. Буни фақат (кичик бўлсам ҳам) қандай эканимни кўрсатиш учун қил­ганлар, деб ўйладим. У куни Умар ибн Хаттоб: “Иза жаа а-нас­руллоҳи валфатҳу...” сураси ҳа­қида нима дейсизлар, деб улардан сўрадилар. Улардан баъзилари: “Агар ғалаба қо­зониб, бизга зафар берилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор ай­тишимизни буюрган”, дейиш­ди. Баъзилари ҳеч нарса де­йишмади. Умар ибн Хаттоб мендан сўради: “Эй Ибн Аббос, сен ҳам шундай дейсанми?” Мен: “Йўқ”, дедим. У зот: “Унда нима дейсан?” дедилар. Мен: “У Расулуллоҳнинг ажалларидир. Аллоҳ таоло у зотга билдирган”, дедим. Яъни, “Қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса, мана шу ажалингиз аломатидир. Парвардигорингизга ҳамд айтинг ва Ундан мағфи­рат сўранг. Зеро, У тавбаларни қабул қилгучи Зотдир”. Ҳаз­рат Умар: “Мен ҳам сен айтган нар­санигина биламан холос”, дедилар».

«(Эй Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида...»

Оятдаги “Аллоҳнинг нус­ратида”дан мурод шуки, албатта, нусрат Аллоҳ томонидан бўлади. Нусрат, мадад ва ғалаба У зотдан бошқа бирор махлуққа муносиб эмас. Фақат Унинг ҳикмати билан амалга ошади. Шунинг учун бу нусрат улуғланмоқда. Яъни, у ҳақиқатда воқе бўлувчидир.

Имом Аҳмад, Имом Байҳа­қий ва Имом Насоийлар Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан қилган ривоятда келтирилишича, “Иза жаа а-насруллоҳи...” нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам: «Менинг жоним (тез кунларда) вафот этиши ҳақида хабар берилмоқда. Мана шу йил жоним узилади”, дедилар».

«...одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)­га ки­раётганларини кўрганин­гизда...» Яъни, араб ва бошқа­ларни сизга юборилган дин­га жамоат-жамоат бўлиб кири­­шаётганининг шоҳиди бўл­сангиз... дейилмоқда. Чунки дастлаб инсонлар битта-битта ёки иккита-иккита бўлиб динга киришар эди. Бора-бора қабилалар ёппасига Исломни қабул қиладиган бўлди.

«...дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи Зотдир». Яъни, агар Макка фатҳ этилиб, Ислом кенг қулоч ёйса, Аллоҳнинг сизга берган неъматлари шукрига намоз ўқинг ва У зотга ҳамд ва тас­беҳ айтинг.

Бу ерда ҳамд ва тасбеҳ ораси бирлаштирилмоқда. Чунки нусрат ва фатҳ Аллоҳга ҳамд айтишни тақозо этади. Бу Аллоҳнинг улуғ фазли ва марҳаматидир.

Имом Бухорий раҳматул­лоҳи алайҳ Ойша онамиз ро­зийаллоҳу анҳодан қилган ривоятда айтилишича: “Иза жаа а-насруллоҳи вал фат­ҳу” сураси нозил бўл­гандан кейин Расулуллоҳ намоз ўқийдиган бўлсалар, албатта, унда “Субҳанака роббана ва биҳамдика, Аллоҳум­мағфирлий”, дер эдилар.

Сурадан ўрганганларимиз:

Аллоҳ таолонинг ҳар бир неъматига мос равишда шукр, ҳамд ва ва сано айтиш шарт. Аллоҳнинг Набийи алайҳис­саломга ва у зотнинг умматига энг катта неъматларлардан бири душманлари устидан нусрат ва ғалаба берилгани ҳамда мусулмонлар қибласи, Каъба ёки Байтул-ҳаром, Макканинг фатҳ этилишидир.

Аллоҳ таоло бу улуғ неъмат – Макка фатҳига яна бош­қа бир неъматни қўшиб бердики, у ҳам бўлса араблар ва бошқа­ларнинг Ислом динига жамоат-жамоат бўлиб киришларидир. Бу нарса Макка фатҳ этилганида содир бўлди.

Араблар: “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳарам аҳли устидан ғалаба қозонсалар, бирор куч ёрдам бера олмайди. Аллоҳ Ҳарам аҳлини фил соҳиблари (Абраҳа қўшинлари)дан омонда қилган эди”, дейишар эди.

Бас, улар тўп-тўп бўлган ҳол­да Исломни қабул қилишди.

Аллоҳ таоло бу сурага Ўзи учун кўп намоз ўқиб, тасбеҳ ай­тиб, зафар ва фатҳлар пайти Аллоҳга ҳамд айтиш, зикрда бардавом бўлиб, мағфират сў­рашни буюриш ила хотима ясамоқда. Чунки Аллоҳ таоло тасбеҳ ва истиғфор айтувчи бандаларининг тавбаларини қабул этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам маъсум (гу­ноҳ­лардан йироқ) бўлиш­ла­ри­га қарамай, истиғфор ай­тиш­га буюрилмоқда. Демак, ум­матла­ри­га ҳам бу нарса жуда зарур экани ойдинлашади.

Имом Муслим Ойша она­миздан ривоят қилади. «Расу­луллоҳ алайҳиссалом: “Суб­ҳонал­лоҳи ва биҳамди­ҳи астағ­­фируллоҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтардилар. Шунда мен: “Ё Аллоҳнинг расули, Сиз, “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи, астағфирулло­ҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтаётганингизни кўрмоқ­даман”, десам, у зот: “Раббим менга тез орада умматим ора­сида ажо­йиб нарсаларни кўришимнинг хабарини бер­ди. Агар ўша аломатни кўр­сам, “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи, астағфирул­ло­ҳа ва атубу илайҳи”, деб кўп айтаман. Ҳақиқатан, мен уни Наср сурасида кўрдим. У Макканинг фатҳ этилиши ва одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига киришларидир», дедилар.

Аллоҳ ҳузурида ҳақ дин Исломдир. Бу ҳақда Аллоҳ тао­ло Оли Имрон сурасининг 19-оятида: «Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом ди­нидир» ва яна шу суранинг 85-оятида: «Ким­да-ким Исломдан ўзга дин ис­таса, бас (унинг дини Ал­лоҳ ҳузурида) ҳаргиз қа­бул қилинмайди ва у охират­да зиён кўргувчилардандир», деб огоҳлантирган.

Аллоҳ таоло аввал тасбеҳ, кейин ҳамд, сўнгра истиғфор айтишга буюрди. Саҳобалар бу сура Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари хабари­ни берувчи эканига иттифоқ қилишди. Ривоят қилиниши­ча, бу сура нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам хутба айтиб: “Ал­батта, бандага Аллоҳ дунё билан охиратга йўлиқиш орасида ихтиёр берди. Банда Аллоҳга йўлиқишни ихтиёр қилди”, деганлар.

Тафсир китоблари асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   21035   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари