Анбар Отин, Жаҳон Отин Увайсий, Зебунисо, Нодирабегимлар зукко аёллар бўлишган. Улар дин, дунё, сиёсат ва маданият соҳасида маърифатли отинлар бўлиб, замонасининг аёл-қизларига фиқҳий, ижтимоий масалада йўл-йўриқ кўрсатишган. Нодираи давроннинг етук билимга эга экани унинг асарларини ўқиганимизда яққол кўзга ташланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний жабҳада улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг диний-маърифий савиясини ошириш, бидъат ва хурофотларга барҳам бериш, қалбларга соғлом исломий ақидани сингдиришга аҳамият берилмоқда. Бу жараёнда диний соҳа ходимлари фаол иштирок этишлари лозим.
Отинойилар маъсулиятли вазифани тирикчилик манбаига айлантириб олмаслиги керак. Улар зиммасида маърака ё эҳсонларда икки оғиз дуо қилиш эмас, балки дин ва жамият равнақи учун холис хизмат қилиш бор. Бугунги отинойидан диний, дунёвий илмларни эгаллаш, янгиликлардан хабардор, ўз тарихини яхши билган, катта тажрибага эга, фидокор, халқпарвар бўлиш талаб этилади.
Афсуски, нафақага чиқиб зерикиб қолган ҳам, ҳаётдан аламзада аёл ҳам муқаддас динимизни ўрганмасдан отинойиликка талабгор бўлмоқда. Отинойиликка бу тарзда бирёқлама ёндашиш дин ривожи ва жамият тараққиётига хизмат қилмайди.
Кечагина турли бидъат ва хурофотларни эл орасида ёйиб юриб, бугун давраларнинг тўрида “отин” бўлиб ўтирганлар орамизда йўқ эмас. Отинойи зиммасидаги масъулият биргина рўмол, гўзал қофиядош дуо ёки нотиқлик санъати билан сўзлаш эмас, балки хотин-қизларнинг эътиқодини тўғри шакллантиришдир. Бунинг учун отинларимиз Ислом тарихидан яхши хабардор бўлиб, саҳобия оналаримизнинг ҳаётларини чуқур билишлари керак.
Шукрки, фаровон юртда, маърифатли эл орасида яшаяпмиз. Бундай шароитда динга хизмат қилиш ота-боболаримизнинг орзуси бўлган.
Отинойиларнинг билимлари имтиҳон қилиб кўрилганда, аксариятининг билим савияси пастлиги сезилиб қолди. Уларнинг билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида малака ошириш курслари ташкил этилди. Бугунги отинойи нафс балосидан, илмсизликдан узоқ бўлиши, диний-маърифий тизимга доир қабул қилинаётган қарорлардан, янгиликлардан хабардор бўлиши лозим. Отинойи ўзи ўрганмаса – ўргатолмайди, ўргатолмаса – фаолият юритолмайди.
Отинойиларнинг диний-маърифий билим ва кўникмаларини шакллантиришда қуйидаги жиҳатларга эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўлади:
Отинойи кенг диний ва дунёвий билимларга эга бўлсагина, инсонларга маърифат улаша олади.
Зилола СУЯРОВА
Тошкент ислом институти талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати