Бугун шундай даврда яшаяпмизки, бирор тадбир, маросим у ёқда турсин, баъзан ҳатто кўчага чиқишга ҳам иккиланиб, ҳадиксираб қоляпмиз. Бунинг асосий сабаби барчага маълум – коронавирус. Бу офат анъанавий турмуш тарзимизни издан чиқариб юборди.
Лекин, шундай бўлса-да, карантин даврида ҳам фидойилик кўрсатиб, халқ, эл манфаатини йўлида хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган инсонлар замонамизнинг чинакам қаҳрамонларидир. Улар – шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари...
Бундай фидойи инсонлар сафида динимиз жонкуярлари бўлган имом-хатиблар, отинойилар ҳам борлиги кишини қувонтиради.
Бугун пойтахтимиздаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида карантин даврида ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аёл-қизлар ўртасида муқаддас динимизнинг асл моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, аёлларнинг турли оқимлар таъсирига тушиб алданиб қолишининг олдини олишда жонбозлик кўрсатган барча отинойиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир, табиийки, каломларнинг энг улуғи – Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Йиғилишда фаол бўлган отинойилар сўзга чиқиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир қатнашчиларига Қуръони карим туҳфа этилди.
Тадбир сўнгида яна Қуръони карим тиловат қилиниб, савоби коронавирус инфекциясини юқтириб олиб вафот этган барча юртдошларимиз, хусусан, имом домлалар, отинойиларнинг руҳониятларига бахшида қилинди.
Т. Низом
Cавол: Мен бозорда бир дўконни ижарага олиб, улгурчи тарқатувчилардан ҳар-бир маҳсулотдан биттадан олиб келиб, растага қўяман. Қачон сотилса, ўрнига яна олиб келаман. Яқинда эшитиб қолдим. Бу ишим жоиз эмас экан. Чунки ўзимники бўлмаган нарсани сотишга кирар экан. Шу тўғрими? Мен қандай йўл тутсам тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар маҳсулотларни сотиб олиб, сотсангиз, жоиз бўлади. Лекин уларни сотиб олмаган бўлсангиз бу ишингиз дуруст эмас. Чунки сиз ўзингизники бўлмаган нарсани сотган бўласиз. Шунингдек, бир маҳсулотни “Қачон, сотилса, пулини бераман” деган шарт билан олса ҳам савдо дуруст бўлмайди.
Агар маҳсулотни сотиб олмоқчи бўлмасангиз, маҳсулот эгасининг вакили сифатида сотиб, бу ишингиз учун хизмат ҳаққи олишингиз ҳам жоиз. Лекин бу ҳолатда қанчага сотилса, ҳаммасини мол эгасига бериш лозим бўлади ("Ал-Баҳрур-роиқ" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.