Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Декабр, 2024   |   25 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:03
Хуфтон
18:23
Bismillah
26 Декабр, 2024, 25 Жумадул сони, 1446

Рағбат – эзгу ишларга қанот

8.10.2020   1565   2 min.
Рағбат – эзгу ишларга қанот

Бугун шундай даврда яшаяпмизки, бирор тадбир, маросим у ёқда турсин, баъзан ҳатто кўчага чиқишга ҳам иккиланиб, ҳадиксираб қоляпмиз. Бунинг асосий сабаби барчага маълум – коронавирус. Бу офат анъанавий турмуш тарзимизни издан чиқариб юборди.

Лекин, шундай бўлса-да, карантин даврида ҳам фидойилик кўрсатиб, халқ, эл манфаатини йўлида хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган инсонлар замонамизнинг чинакам қаҳрамонларидир. Улар – шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари...

Бундай фидойи инсонлар сафида динимиз жонкуярлари бўлган имом-хатиблар, отинойилар ҳам борлиги кишини қувонтиради.

Бугун пойтахтимиздаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида карантин даврида ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аёл-қизлар ўртасида муқаддас динимизнинг асл моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, аёлларнинг турли оқимлар таъсирига тушиб алданиб қолишининг олдини олишда жонбозлик кўрсатган барча отинойиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир, табиийки, каломларнинг энг улуғи – Қуръони карим тиловати билан бошланди.

  • Бутун башарият, шу жумладан, халқимиз бошига тушган оғир синовли дамларни мардонавор енгиб ўтяпмиз, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов. – Пандемия одамларнинг сабрини синовдан ўтказяпти. Шундай оғир вазиятда карантин талабларига қатъия риоя қилган ҳолда ўз вазифасини муваффақиятли уддалаётган бир гуруҳ отинойиларни тақдирлашга қарор қилдик. Аслида бугунги ҳадялар – рамзий: динимиз вакилаларини рағбатлантириш, холос. Ҳақиқий мукофотни Буюк Раббимиз беради, иншоаллоҳ. Бунга асло шубҳа йўқ.

Йиғилишда фаол бўлган отинойилар сўзга чиқиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир қатнашчиларига Қуръони карим туҳфа этилди.

Тадбир сўнгида яна Қуръони карим тиловат қилиниб, савоби коронавирус инфекциясини юқтириб олиб вафот этган барча юртдошларимиз, хусусан, имом домлалар, отинойиларнинг руҳониятларига бахшида қилинди.

 

 

Т. Низом

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Заҳарли ўқдан сақланинг!

25.12.2024   1525   4 min.
Заҳарли ўқдан сақланинг!

Авратга қараш ҳам зинонинг бир туридир. Эркакнинг, аёлнинг авратига қарайдиган кимсаларга қандай жазо берилиши қуйидаги оятларда айтилган:

«(Мўминлар) Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай илоҳга ибодат қилмайдилар; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмайдилар; зино қилмайдилар. Ким бу ишларни қилса, уқубатга дучор бўлади. Қиёмат куни уларнинг азоби бир неча баробар кўпайтирилади, улар у ерда хор бўлиб, абадий қолади. Ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, Аллоҳ ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштиради. Аллоҳ мағфиратли, раҳмли Зотдир» (Фурқон сураси, 68-70-оятлар).

Мана шу оятга кўра, ким кўзи билан зино қилса-ю, тавба қилмаса, Қиёматда уқубатга дучор бўлади. Уқубат жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, у ерда зинокорлар азобланади. Кимки зинокорлар водийсига тушадиган бўлса, унинг учун азоб кўпроқ бўлади, у ерда хор бўлиб, абадий қолиб кетади.

 

Заҳарли ўқдан сақланинг!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда бундай деганлар: «(Номаҳрамга) қараш иблиснинг заҳарли ўқларидан биридир. Ким бу ишни Мендан қўрқиб тарк қилса, бунинг ўрнига қалбига ҳаловат бераман» (Имом Ҳоким ривояти).

 

Оддий ўқ билан заҳарланган ўқнинг фарқи

Оддий ўқ баъзан тегса ҳам, инсонни ўлдирмайди, фақат теккан жойигагина зарар етказади. Заҳарли ўқ эса салгина силаб ўтса ҳам, заҳари бутун танага тарқаб кетади. Тезда чораси кўрилмаса, одамни ўлдиради. Бундай ўқ текканда заҳар бутун танага тарқаб кетмагунича унинг таъсири сезилмай туради.

Бировнинг авратига қараш ҳам ўша аврат эгасига зарар берадиган заҳарли ўқдир. Бундай ўқ инсонга тегса, у билан бирга бутун танага тарқаб кетадиган кучли заҳар ҳам санчилади. Натижада инсоннинг руҳий ҳолати остин-устин бўлади, ибодатларига, дарсларига салбий таъсир қилади, оилавий алоқаларини бузиб, барбод қилади. Заҳар (назар) қанчалик оддий бўлмасин, барибир танага тарқаб, таъсири узоқ вақтдан кейин бўлса ҳам юзага чиқади. Демак, мактабда ҳам дугонасининг авратига қараш – заҳарли ўқдир. Хонанда ва раққосаларнинг авратларига қараш – заҳарли ўқдир. Барча ҳаром нарсаларга қараш ҳаромдир. Бу заҳарли ўқларнинг таъсири бошида сезилмайди. Ҳаром нарсага қараб, йўлингизда давом этиб кетаверасиз, лекин бу қарашлар намозингизга, Қуръон ёд олишингизга, ўқишингизга ва оилавий муносабатларингизга сингиб, сиз сезмаган ҳолда буларнинг барчасини барбод қилади. Демак, кўзни ҳаромдан тийиш инсоннинг қалбига, танасига заҳар етиб боришидан асрайди.

 

Бир қиз айтади:

«Бўш вақтларимда роса сериал, кино кўрардим. Табиийки, ҳаммасида ҳаром нарсала (очиқ-сочиқ таналар, беҳаё саҳналар, уят сўзлар) бор эди. Ҳаромга қараш заҳарли ўқлигини, ким бу ишини Аллоҳдан қўрққани учун тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига саодат ато этиишини билгунимча шундай юраверганман. Билганимдан кейин эса телефонга, интернетга билан қарайдиган бўла бошладим. Нималарни кўраётганимга, улар ҳаётимга қандай таъсир қилаётганига эътибор бера бошлаган эдим, ажойиб ҳолат бўлди. Ҳар гал беҳаё нарсаларни кўрганимда қалбимда қандайдир оғриқни ҳис қилардим – худди менга заҳарли ўқ теккандек бўларди. Кўзимни тийиб, ҳаромдан сақлана бошлаганимда эса бутунлай бошқа ҳолат бўлди. Бу сафар қалбим сурурга, хотиржамликка тўлди. Шундан кейин телевизор пульти мен учун фақат телевизорни эмас, балки қалбимнинг ҳолатини ҳам назорат қиладиган восита бўлиб қолди: беҳаёликни, бузуқликни кўрсатадиган каналларга олсам, қалбимда қайғу ва тушкунлик эшигини очган бўламан; лекин бошқа каналга олиб, ҳаромдан сақлансам, қалбимда бахт-саодат эшигини очган бўламан. Кўзимни ҳаромдан сақлаганим сари ҳаётим гўзаллашиб бораверди. Авваллари бирор куним кино ва сериалларсиз ўтмайдигандек эди, энди эса уларсиз мутлақо бахтли, покиза яшаяпман».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.