Янги Ўзбекистон. Унда одамларни рози қилиш, уларнинг эркин яшаш, ўқиш, ишлаш, ижтимоий ҳимояланиш каби ҳуқуқлари давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Бугун ана шу улуғвор тамойил асосида, қолаверса, халқимизга хос кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларидан келиб чиқиб, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилмоқда, уларни тўғри ҳаётга қайтаришнинг самарали чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётимизда илк бор янги институт сифатида намоён бўлган афв этиш принципи ана шу мақсадни амалга ошириш йўналишидаги муҳим қадам бўлди. Зеро, бу жараёнда чин кўнгилдан пушаймон бўлган, билиб-билмай жиноят содир этган, қилган иши хато эканини англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар афв этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур АҲМЕДОВ билан бўлиб ўтган суҳбатимиз ҳам айнан афв этилган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, уларни қийнаётган ва ўйлантираётган саволларга уламолар, имом хатиблар ва турли соҳа вакиллари иштирокида батафсил жавоб бериш, умуман олганда, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида бўлди.
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2020 йил 3 октябрь, 189-сон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироат қилганларида оятларни ажратиб-ажратиб ўқирдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қироаталарини оят-оят қилиб ажратардилар: «Алҳамду лиллаҳи Роббил-ъаламин» деб, сўнг вақф қилардилар, «Арроҳманир-Роҳийм» деб, сўнг вақф қилардилар» (Имом Термизий, Имом Ҳоким ривояти).
Яъло ибн Мамлакдан ривоят қилинади: «У Умму Салама розияллоҳу анҳодан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақида сўради. Шунда у киши: «Сизлар қаёқдаю, у зотнинг намозлари қаёқда?! У зот намоз ўқир, сўнг намоз ўқиганчалк ухлар, сўнг ухлаганларича намоз ўқир, сўнг намоз ўқиганларича ухлар эдилар. То тонгача шундай бўлар эди», деди-да, у зотнинг қироатларини мақтай кетди. У зотнинг қироатларини мақтай туриб: «Ҳарфма-ҳарф, аниқ-аниқ ўқирдилар», деди» Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.
Қатодадан ривоят қилинади: «Анасдан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандай эди?» деб сўралди. Шунда у: «Чўзиқ эди», деди-да, кейин «Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм»ни «Бисмиллаҳ»ни чўзиб, «Ар-Роҳман»ни чўзиб, «Ар-Роҳийм»ни чўзиб ўқиб берди». Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мад – чўзиқ унли бор ўринларда мадни аниқ чўзиб ўқир эдилар (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Абу Қайсдан ривоят қилинади: «Мен Оиша розияллоҳу анҳодан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари ҳақида: «У зот қироатни ичларида қилармидилар ёки жаҳрий (ошкора) қилармидилар?» деб сўрадим. У: «Ҳар қайсисини ҳам қилардилар. У зот (қироатни) гоҳида ичларида, гоҳида ошкора қилардилар», деди» (Муттафақун алайҳ).
Умму Ҳонийдан ривоят қилинади: «Мен тунда ёпиғим устида туриб олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба олдидаги қироатларини эшитар эдим» (Насоий ва Ибн Можа ривоят қилган).
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламниг шом намозида Тур сурасини ўқиётганларини эшитдим. «Ёки улар, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзлари яралганларми?! Ёки улар яратувчиларми?» оятига келганда қалбим учиб кетай деди» (Имом Бухорий ривояти).
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хуфтонда «Ваттийни ваз-зайтун»ни ўқиётганларини эшитдим. Бирор кишидан у зотнинг овозларидан кўра чиройли овоз эшитмаганман» Муттафақун алайҳ.
Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларида Қуръон ўқиб кетаётганларини кўрдим. Фатҳ сурасини майин қилиб ўқиб кетаётган эканлар. Оҳанг қилиб ўқиб кетаётгандилар» (Имом Бухорий ривояти).
Авс ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга кеч қолиб чиқдилар. Биз: «Ё Аллоҳнинг Расули, кеч қолиб кетдингизми?» дедик. Шунда у зот: «Қуръондан ҳизбим[1] қолиб кетган эди, ўшани тугатмасдан чиқишни истамадим», дедилар. Кейин биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни қандай ҳизбга ажратар эдилар?» деб сўрадик. Улар: «Учта, бешта, еттита, тўққизта, ўн битта, ўн учта (сура) ва «Муфассал» ҳизби», дейишди» (Табароний ва Таҳовий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Ҳизб – бўлак дегани бўлиб, Қуръондан ҳар кун учун вазифа сифатида ажратиб олинган бўлакка нисбатан ишлатилган. Муфассал – Қуръоннинг Ҳужурот сурасидан бошлаб охиригача бўлган қисми.