Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.
Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг биздаги ҳақи беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидир. Биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак, шунча оз. Инсон ким бўлишидан қатъий назар, қайси соҳа вакили бўлмасин, билим олиш учун устозга муҳтож.
Инсоният тарихида фақат пайғамбарларгина муаллимдан дарс олмаганлар. Чунки уларнинг илмлари ваҳий орқали ҳосил бўлган. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар илм ҳосил қилиш учун муаллим остонасини ўтган.
Устоз деганда фақат диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини унутмаслигимиз лозим. Сабаби динимизда илмлар диний дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган.
Шу боис ҳар бир мусулмон киши дунёда яхши ҳаёт кечириши, охиратда саодатга эришиши учун уларга тааллуқли бўлган илмларни ўрганиши лозим. Шунингдек, ҳар бир фойдали илм дунёвий ва ухравий манфаатларга эга. Унинг қайси тарафи устун келиши инсоннинг ўзи ва ниятига боғлиқдир.
Демак, ҳар қандай инсонга манфаатли билим ўргатувчи киши муаллим дейилади ва динимизда кўрсатилган ҳақ-ҳуқуқ ва эъзозларга сазовор ҳисобланади. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибн Умар алҲазрамий “Уқудул лаал фи асанидир рижал” номли китобида бундай дейди: “Машойихларимиз айтар эдилар: “Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатлари ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу – шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра, афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби, балки унданда юксакроқдир. Шу боис ҳар бир толибдан устози ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши ва унга нисбатан уламоларимиз баён қилган одоблар билан муносабатда бўлиши талаб қилинади”.
Имом Суютий “Жомиъус сағийр”да келтиришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам: “Илм олинглар ва илм учун виқор ва сокинликни ўзлаштиринглар ҳамда муаллимларингизга тавозуеъли бўлинглар”, деганлар. Бу ҳадисни Имом Табароний ва Ибн Адийлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
Аллома Муновий ушбу ҳадиснинг шарҳида жумладан шундай дейдилар: “Чунки илмга тавозеъ ва қунт ила тинглаш орқали етилади. Толиби илмнинг устозга тавозеъси олийликдир, унга бўлган хокисорлиги иззатдир, унга бўйин эгиши фахрдир. Ислом маданияти бу борада фақатгина назарий кўрсатма ва тавсиялар тақдим этибгина қолмай, юксак даражадаги амалий намуналарни ҳам кўрсатиб берган. Улуғ саҳоба, етук олим Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо буюк мартаба Расулуллоҳга қаробат соҳиби бўлишига қарамай, Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга отининг узангини тута туриб “Уламоларимизга шундай эҳтиромда бўлишга амр қилинганмиз”, дедилар. Шунда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг қўлларини ўпди ва: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг аҳли байтига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз”, дедилар.
Муваффақ Хоразмийнинг “Имом Абу Ҳанифа маноқиблари” номли китобида келтирилади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳақига истиғфор айтаман. Зотан, мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман”, деган эканлар.
Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен ота-онамдан олдин Абу Ҳанифанинг ҳақига дуо қиламан”, дер эдилар. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен Моликнинг ҳузурида унга эшитилмасин деб китобни оҳисталик билан варақлар эдим”, деганлар. Имом Шофеъийнинг шогирди Рабий раҳматуллоҳи алайҳи: “Аллоҳга қасамки, Шофеъий қараб турган бўлса, сув ичишга журъат қила олмадим”, деган эди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эдилар: “Ўттиз йилдан бери Шофеъийнинг ҳақига дуо қилиб, истиғфор айтмай туриб уйқуга ётмадим”. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний доимо устозининг исмини айтмай, уни Имомлар имоми, Буюк Устоз каби номлар билан тилга олар эди.
Ислом тарихи олтин саҳифаларига зархал ҳарфлар билан битилган бу сатрлар афсона эмас, балки айни воқеий ҳақиқатдир. Шунингдек, бу айтганларимиз уммондан бир қатра, холос.
Аллоҳ таолодан ўтган азизларимизни Ўз раҳматига олсин, бизни уларга муносиб авлод бўлишимизни насиб этсин.
Учқун Раҳимов,
Имом Фахриддин ар-фРозий ўрта махсус ислом
билим юрти мудир ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.