Иккинчи фасл
Мусулмон бўлмаганларни қатл қилишда экстремистик жамоаларнинг иддаолари
Экстремистик жамоалар иддаосича, уларнинг сиёсийлашган ғоялари ҳамда қонун ва меъёрлар таърифидаги янглиш тор тушунчалари бўйича гўёки ислом уммати (уламолар ва бошқарув тизими) Аллоҳ таоло юборган асосдан узоқлашиб, унинг шариатини ўзгартирган эмиш. Уларнинг фикрича, бугун бутун бошли уммат кўрларча жаҳолатга ғарқ бўлган бўлиб, бунда мусулмонлар ҳам, мусулмон бўлмаганлар ҳам барчаси баробардир. Шунинг учун ҳам экстремистик жамоалар “кимнидир кофирга чиқариш, бировнинг қонини тўкишни ҳалол дейиш” даъвосини мусулмону ғайридинларга бирдек қўлламоқдалар. Улар мазкур фикрлардан келиб чиқиб миллий мансубликни ҳам, жамият аъзоларини бир жамиятда тинч-тотув яшашга қаратилган уринишларини ҳам инкор қилмоқдалар. Улар ёлғоннинг яхлит тизимини ташкил қилиб унинг тақозосига кўра ҳаракат қилмоқдалар. Пировард натижада эса шаҳарлар вайрон бўлиб, ноҳақ қонлар тўкилмоқда. Табиийки, бу иш ортидан мусулмон бўлган ёки бўлмаган барча жамиятлар глобал муаммоларга дуч келмоқдалар. Чунки бундай муаммоларга дуч келган бирор жамиятда тинчлик ва хавфсизлик кафолати бўлмайди. Жамият аъзолари орасида нафрат ва адоват ҳукм суради.
Мана шунинг учун ҳам биз, терроризм ва қирғинбарот йўлидан юрадиган, ғайридинлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашни-да истамайдиган бу каби экстремистик жамоаларнинг ёлғон ва шубҳага тўйинган ғояларини чуқур ва атрофлича текширишимиз зарур. Уларнинг фикрича, уруш ўчоғига айланган ўлкаларда сенга топширилган ҳар қандай шахснинг қони сен учун ҳалол бўлади. Ҳолбуки бу ҳалоллик даъвоси учун сабаб ва жоизлик далили керак. Биз қуйида уларнинг шубҳали далилларини таҳлил қилиб чиқамиз.
Биринчи : Жиҳод мавзусидаги янглиш фикрлар
Бугун биз дуч келаётган энг муҳим масалалардан бири Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқиш борасидаги фикрлардир. Ушбу фикрлар кўпроқ ғарб давлатларида яшаётган ғайридинларга нисбатан тажовузкорона ҳаракатлар қилишга йўналтирилган.Чунки экстремистик жамоалар жиҳодни айни шу маънода талқин қилади. Унга кўра, мусулмонлар учун ғайридинлар томонидан хавф-хатар бўладими ёки бўлмайдими, барибир уларга қарши курашиш зарур. Табиийки, бу фикрлар уларни қатл қилиш мумкин, деган хулосага олиб келади.
Шунинг учун ҳам Ислом динида шариатга киритилган жиҳоднинг фарз бўлиш мавзулари ва сабабларини англаб етиш бугуннинг заруриятига айланди. Чунки бу мавзунинг сабаб ва аҳкомларини тушуниб етишимиз турли экстремистик жамоалар назаридаги жиҳод даъвосини тўғри талқин қилишимизни таъминлайди.
Уламоларимиз ўзаро қон тўкилишига олиб келадиган жиҳоднинг фарз бўлиши асоси борасида ихтилоф қилдилар. Демак, мусулмонларга бошқалар томонидан бўладиган эҳтимолий ҳужум хавфи жиҳодга асос бўладими ёки ғайридинларни куфрда бўлишларининг ўзи унга асосми?
Ҳанафий, моликий, ҳанбалий ва шофеий мазҳаби уламоларининг кўпчилиги “жиҳод фарз бўлиши учун ғайридинлар томонидан мусулмонларга қарши жанг қилиниши керак”, дейдилар.
Аммо Ибни Ҳазм ва имом Шофеийнинг ўзлари яна бир фикрида “куфр сифатининг ўзи ҳам мусулмонлар зиммасига жиҳодни фарз қилади”, дейди.
Жумҳур (кўпчилик) уламоларнинг фикрига қарасак, исломда жиҳод ўзининг ҳимояси учун ёки амалга оширилиши аниқ бўлиб қолган душман ҳужумини қайтариш учун жорий бўлади.
Ибни Ҳазм ва имом Шофеийнинг иккинчи фикрига кўра эса, жиҳод бу Ислом динини бошқаларга ҳам етказиш ҳаракати бўлиб, доим ҳам амалга оширилаверади.
Жумҳур уламоларнинг далиллари қуйидагилар:
“Аллоҳ йўлида сизлар билан уруш қилган кишилар билан уруш қилинглар. Ҳаддингиздан ошманглар. Аллоҳ ҳаддидан ошган кишиларни яхши кўрмас.” (Бақара, 190)
“Улар билан токи, фитна бўлмаслиги учун уруш қилинглар. Ва дин Аллоҳ учун бўлгунича курашинглар. Агар улар урушдан тўхтасалар, уларга нисбатан душманлик йўқдир. Аммо золимлар бундан мустаснодир”. (Бақара, 193).
Котиб Ҳанзаладан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади: “Биз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазотга чиқдик. У ерда қатл қилинган бир аёл кишини олдидан ўтиб қолдик. Уни тепасида одамлар тўпланиб олган эдилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, “бу аёл ўзаро жанг қилаётганлар билан уришмаган эди”, дедилар. Кейин бир саҳобага: “Холид ибни Валиднинг олдига бориб, Расулуллоҳ сенга ёш болалар ва чўри-қулларни ўлдирманглар деб топшириқ бердилар, деб еткизгин”, дедилар.
Абу Довуддан келтирилган ҳадисда шундай дейилади:
“Сизлар Аллоҳнинг исми билан юриш қилинглар. Аллоҳнинг номи ва расулуллоҳнинг миллати билан! Кекса-қарияни, ёш бола ва гўдакларни, аёлларни ўлдирманглар. Уларни занжирбанд қилманглар. Ўлжаларингизни ўртага йиғинглар. Ислоҳ ва яхшилик қилинглар”.
Юқоридаги оятларда келган “ қитол ” сўзини мулоҳаза килсак ҳам бу сўз икки гуруҳ орасида содир бўладиган “қитол” яни уруш маъносини англатади. Демак оятдаги “қитал” сўзи “қотала”, “юқотилу” феълининг ўзаги бўлиб маъноси “урушмоқ, жанг қилмоқ” деганидир. Аммо “қатл” яъни ўлдирмоқ маъносини бермайди. Чунки гоҳида томонлар ўртасида уруш бўлса-да, аммо қурбонлар бўлмаслиги мумкин.
Шунингдек мазкур ояти карималар тажовуз, келишув ва ўзаро аҳдномаларни бузиш, иймондан қайтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги барча мусулмонларни ватанларидан чиқариб юбориш каби ғайридинлар томонидан содир этиладиган ишларни ҳам “муқотала” (томонлар ўртасидаги уруш ) тарифида баён қилмоқда. Шу билан бирга ушбу ояти карималар мусулмонларни ўзлари билан тинч-тотув яшаётган, уларга нисбатан юқорида санаб ўтилган душманликларни қилмайдиганларга яхшилик қилиш ва алоқалар ўрнатишдан қайтармайди. Ҳолбуки, оятда айтилган куфр ибораси уларга ҳам тегишли эди.
Ҳадиси шарифларда келган набавий кўрсатмаларни ўрганиб чиқсак ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни мусулмонларга қарши уруш қилмаган ғайридинларни қатл қилишдан, гарчи уларда куфр сифати бўлса-да қайтардилар. Иккинчи томоннинг таъбири бўйича мусулмонларга нисбатан тажовуз ва адоватда бўлмаган ғайридинларни кофир бўлишининг ўзиёқ уларга қарши жиҳод қилишга асос бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарши жанг қилиш ёки алоқалар ўрнатиш орасини ажратмаган бўлардилар.
Бу масалани янада аниқ тушуниш учун фараз қиламиз. Бир аёл киши ва кекса одам ўзаро уруш тўҳтатилган майдонидан уруш бўлаётган майдонга ўтсалар ва ўзаро урушда қатнашса, уларни ўлдириш жоиздир. Айни масала юзасидан Қаробий, жанг майдонида мусулмонларга қарши курашиб асир тушган аёлни ҳам ўлдириш жоиздир, дейдилар.
Юқорида келтирилган ояти карима, ҳадиси шарифлар ва улар асосидаги мантиқий ёндашувлар жумҳур ( биринчи фикр згалари) уламоларни сўзини қувватлайди.
(Давоми бор)
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.
Таржимон: Тоҳир Воҳидов.
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.