Барчамизга маълумки пандемия муносабати билан мамлакатимиздаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказилди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган жойларга карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда тиббий ниқоп ва қўлқоп билан антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда киритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилди. Тест синовларининг шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида қабул имтиҳонлари ўтказиладиган жойлар кузатув камералари билан жиҳозланиб, Давлат тест маркази жалб қилган кузатувчилар томонидан назорат қилиб борилди.
Ўрта махсус ислом таълим муассасалари бўйича 2020-2021 ўқув йили учун 2020 йил 16-17 сентябрь кунлари ўтказилган тест синовлари натижалари 2020 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг @mandat_muslim_uz_bot телеграм боти орқали эълон қилинади.
Абитуриентлар мазкур ботда шахсий ДТМ махсус кодини киритиш орқали ўзининг тест синови натижалари билишлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
Доктор Мустафо Маҳмуд айтадилар:
"Бир куни бир она менга шикоят қилиб бундай деди:
— Ўғлимнинг хотинига бўлган муҳаббати менга бўлган муҳаббатидан кучлироқ.
Мен ундан сўрадим:
— Помидор яхшими ёки апельсин?
У ажабланганча менга қараб:
— Бундай солиштириш нотўғри, чунки помидор сабзавот, апельсин эса мевалардан, — деди.
Мен унга шундай жавоб бердим:
— Муҳаббат ҳам ҳудди шундай, унинг ҳам турлари кўп ва бир турини бошқа бири билан солиштириш тўғри эмас.
Она мендан тушунтиришимни сўради.
Мен давом этдим:
— Сиз — онасиз, сиз ўғлингиз учун ердаги жаннатсиз, ўғлингиз эса қалбингизнинг бир бўлаги. Унинг сизга бўлган муҳаббати ибодатдир. Хотини эса унинг жуфти, Аллоҳ уни унга бахт учун яратган, унинг хотинига бўлган муҳаббати эса, саодатдир.
Шунинг учун ўғлингизга ибодатда ёрдамчи бўлинг ва унинг бахти учун аёлига бўлган муҳаббатини қўлланг. Унинг сизга бўлган муҳаббатини бошқа муҳаббат билан солиштириб, унинг қадрини туширманг. Ўғлингизни эркин қўйинг, шунда унинг қалби сизни ўз ихтиёри билан қайта топади ва жаннатни сиз орқали излайди.
Шунда она бошини силкитиб гапимни тасдиқлади ва юзини розилик нурли ёритди. У кетар экан, такрорлар эди:
— Унинг менга бўлган муҳаббати ибодат, хотинига бўлган муҳаббати эса саодат. Мен унга ибодатини мукаммал қилишида ёрдам беришим ва хотини билан бахтли бўлишига қўйиб беришим керак.
Азизим она...
Бу суҳбатимизни хотирангизда сақланг. Ўғлингиз турмуш қурганида шу сўзларни эсланг ва унинг хотини билан бахтли яшашига қўйиб беринг. Унинг сизга бўлган муҳаббати ва итоати ила ибодати мукаммал бўлишига ёрдамчи бўлинг. Бу гапларни ҳечам унутманг: "Агар сизга итоат қилишини истасангиз, унга тоқати етадиган ишни буюринг".
Онага бўлган муҳаббат — ибодат,
Хотинга бўлган муҳаббат — саодат.
Ҳар икки муҳаббат ҳам қалбдан чиқади, аммо турли хил ва уларни бир-бири билан солиштириб бўлмайди.
Шундай экан, ибодатингизни гўзал адо этинг ва бахтли бўлинг".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ