Барчамизга маълумки пандемия муносабати билан мамлакатимиздаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказилди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган жойларга карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда тиббий ниқоп ва қўлқоп билан антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда киритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилди. Тест синовларининг шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида қабул имтиҳонлари ўтказиладиган жойлар кузатув камералари билан жиҳозланиб, Давлат тест маркази жалб қилган кузатувчилар томонидан назорат қилиб борилди.
Ўрта махсус ислом таълим муассасалари бўйича 2020-2021 ўқув йили учун 2020 йил 16-17 сентябрь кунлари ўтказилган тест синовлари натижалари 2020 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг @mandat_muslim_uz_bot телеграм боти орқали эълон қилинади.
Абитуриентлар мазкур ботда шахсий ДТМ махсус кодини киритиш орқали ўзининг тест синови натижалари билишлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фиқҳ ижтиҳод ва фикрлар мажмуаси бўлиб, бу фикрлар нафсу ҳавога берилишдан келиб чиқмаган, балки Қуръон ва Суннатни англашдан келиб чиққан, Қуръон ва Суннатдан олингандир. Аллоҳ азза ва жалла бизга шу йўлни буюрган. Агар Аллоҳ фиқҳга тегишли ҳар бир масаланинг ҳукмини баён қилишни ирода қилганида, ҳозир миллионлаб оятлар, миллионлаб ҳадислар турган бўларди. Лекин ҳаммаси бўлиб, олти мингдан сал ортиқ оят нозил бўлган, муайян ададдаги ҳадислар ворид бўлган. Ҳар бир масалага оят-ҳадис келса, шунча оятни, шунча ҳадисни ким ёд оларди? Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз замонларида автомобиллар ҳақида гапиришларини тасаввур қилинг! Унда у зотнинг сўзларини ҳеч ким тасдиқламаган бўларди-ку!
Ижтиҳод қилиш нотўғри десангиз, саҳобалар ҳам ижтиҳод қилишган. Кейин ўша ўз ижтиҳоди билан чиқарган ҳукмга амал қилишни одамларга буюришган. Одамлар уларга тақлид қилишган, эргашишган. Мана шу йўсинда уларнинг йўлларидан юриб келишган.
Таҳаллул тарафдорлари орасида «Фиқҳ диннинг бир қисми эмас», «Мазҳаб эгаларининг айтганига амал қилиш шарт эмас», деган гаплар тарқалган.
Ташаддуд аҳли ҳам мана шунга чақиряпти. Уларнинг асл мақсади фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, динсизликка етаклаш эди. Масалан, мен динни маҳкам ушласам-у, лекин на ҳанафий, на шофеъий, на моликий ва на ҳанбалий мазҳабини тутмасам, унда диндан нимани ушлайман? Менда фиқҳ деган нарса қолмайди-ку! Фиқҳни мана шу мазҳаблар ташкил қилади-ку! Аллоҳ бизга «Зикр аҳлидан сўранг» деб буюриб, эргашишимизга рози бўлган илмларни мужтаҳидларнинг ижтиҳод ва фикрлари ташкил қилмаса, нима ташкил қилади?!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан